Сурхондарёда Улуғбек хазинаси топилгани ростми?

18:03 10 Март 2022 Маданият
1859 0

Фото: «Халқ сўзи»

Шу кунларда юртимиз ижтимоий тармоқларида, интернет-нашрларда Сурхондарё вилоятидаги Тўпаланг дарёси қирғоғидан Мирзо Улуғбек ҳукмронлиги (XV аср) даврида зарб этилган пул тангалари топилганлиги ҳақида берилаётган маълумот барчани қизиқтириб қўйгани рост. Ушбу маълумот прокуратура органлари томонидан атрофлича ўрганилди. Бу ҳақида Бош прокуратура матбуот хизмати маълум қилди.

Аниқланишича, 2 март куни Сурхондарё вилояти Сариосиё туманидан оқиб ўтувчи Тўпаланг дарёси қирғоғидан маҳаллий аҳоли томонидан мис тангалар топилган. 3 март куни Маданий мерос агентлиги, Ўзбекистон давлат санъат музейи, Термиз археология музейи вакиллари томонидан маҳаллий аҳолидан 512 дона мис тангалар белгиланган тартибда олиниб, Термиз археология музейи фондига топширилган.

Прокуратура органлари томонидан соҳа вакиллари билан ҳамкорликда ўтказилган ўрганиш давомида қўшимча равишда 620 дона мис танга ва 1 дона шахмат донаси ихтиёрий равишда олиниб, музей фондига топширилиши таъминланди.

Бундан ташқари Сурхондарё вилоят прокуратураси, маданий мерос бошқармаси ҳамда Термиз археология музейи ходимларидан иборат таркибда махсус экспедиция ташкил этилиб, ҳозирда қазишма ишлари олиб борилмоқда. Куни кеча экспедиция вакиллари томонидан яна 4 дона мис тангалар топилган.

Археологик олимларнинг дастлабки хулосасига кўра, ушбу ашёлар Мирзо Улуғбек ҳукмронлиги (XV аср) даврида зарб этилган пул тангаларининг шу кунга қадар топилган энг катта ва яхши сақланган маданий мерос хазинаси ҳисобланади.

Ҳозирда ушбу манзилда қидирув ишлари давом эттирилмоқда ва Бош прокуратура томонидан назоратга олинган.

И. Раҳматов, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер