Сурхондарёда суд ишини «ҳал қилиб бермоқчи» бўлган собиқ солиқчи ушланди

10:23 09 Март 2026 Жамият
194 0

Давлат хавфсизлик хизмати ва Департамент ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирларда кадастр муҳандиси ҳамда собиқ солиқчи ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Сўнгги кунларда ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан коррупция ва фирибгарлик ҳолатларига чек қўйиш мақсадида бир нечта муваффақиятли амалиётлар ўтказилди.

Самарқанд: 2 сотих ер учун 2 500 доллар

Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда Давлат кадастрлари палатаси Пастдарғом туман филиали муҳандиси қўлга тушди.

Маълум бўлишича, у маҳаллий фуқарога тегишли 2 сотих ер майдонининг кадастр паспортини ваколатли танишлари орқали давлат рўйхатидан ўтказиб беришни ваъда қилган. Хизмати эвазига 2 500 АҚШ долларини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳозирда муҳандисга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) ва 211-моддаси (Пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Сурхондарё: Суд қарорини «ҳал қилиб бермоқчи» бўлган собиқ солиқчи

Яна бир ҳолат Сурхондарё вилоятида кузатилди. Шеробод тумани давлат солиқ инспекциясининг собиқ бош инспектори иқтисодий судда кўрилаётган ишга аралашиб, даромад орттирмоқчи бўлган.

У боғдорчиликка ихтисослашган фермер хўжалигининг эгалик ҳуқуқини тиклаб бериш эвазига фуқародан 10 млн сўм талаб қилган. ДХХ ва Департамент ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда собиқ амалдор пулни олаётган вақтида ушланди. Унга нисбатан ҳам Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Эслатма: Ҳурматли фуқаролар, агар сиз ҳам шу каби қонунбузилиш ҳолатларига дуч келсангиз, ДХХнинг 1520 қисқа рақамига мурожаат қилишингиз мумкин. Мурожаатчининг шахси сир сақланиши кафолатланади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?