Сурхондарёда сайёҳликнинг янги мавсуми бошланди

14:31 29 Март 2024 Welcome to uzbekistan
454 0

Бугун Термиз шаҳридаги «Санъат саройи»да Сурхондарё вилояти Туризм бошқармаси томонидан «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил» — ички туризм ярмаркаси ташкил этилди.

Ярмаркада воҳада фаолият юритаётган туроператор ва турагентлар, меҳмонхоналар, хостел ва оилавий меҳмон уйлари, санаторийлар вакиллари ҳамда корхона ва ташкилотлар касаба уюшмаларининг бошланғич ташкилотлари раҳбарлари, шунингдек, Тожикистон Республикасидан ташриф буюрган делегация иштирок этди.

Тадбирнинг очилиш маросимида сўзга чиққан Сурхондарё вилояти Туризм бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дилмурод Ҳафизов ярмарка моҳияти хусусида алоҳида тўхталди:

— Вилоятимизда барча соҳалар каби туризм ҳам йилдан йилга ривожланмоқда. Айниқса, бу борада зиёрат, археологик, экотуризм йўналишларига қизиқиш ортиб бормоқда. Бунга бир мисол, 2023 йилнинг биринчи чорагида ички туристлар сони 380 минг нафарни ташкил этган бўлса, жорий йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 450 минг нафарга етди.

Ушбу ярмаркадан кўзланган асосий мақсад ҳам ички туризмни янада ривожлантиришга қаратилгани билан ҳам аҳамиятлидир. Хусусан, мақсадимиз мамлакатимизда мавжуд туризм объектларига аҳолини кенг жалб қилиш, туризм соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари ва туристик масканларни қўллаб-қувватлаш, туроператор ва турагентларни истеъмолчиларга танитишдан иборат.

— Сурхондарё вилояти Марказий Осиёнинг кўҳна маданият ўчоқларидан биридир, — дейди Тожикистон Республикаси Хатлон вилояти ҳокимияти Туризм бошқармаси бошлиғи Рустам Ҳакимзода. — Ҳудудларда топилган кўҳна манзилгоҳлар ва қоятошларга чизилган суратлар бу ҳудудларда одамлар энг қадимги даврлардан буён яшаб келаётганидан дарак беради. Буюк Ипак йўлида жойлашган мазкур ҳудуд қадимдан сайёҳлар эътиборидан тушмай келади. Воҳанинг ўтмиш ва замонавийлик уйғунлашган манзилгоҳлари, ислом цивилизацияси ўчоқлари, музей ва масжидлар, ҳунармандчилик марказлари, умуман олганда бой тарихига қизиқиш катта. Шу маънода, туризм соҳасидаги ҳамкорлик икки томонлама тенг манфаатлидир.

Дарҳақиқат, Сурхондарёнинг бой тарихи, ноёб археологик ёдгорликлари, ўзига хос табиати бор. Мазкур ҳудуд жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси билан алоҳида мавқега эга. Юзга яқин маданий ёдгорликлар, қадимги манзилгоҳ, муборак қадамжолар сайёҳлар эътиборини қозониб келмоқда. Туристларга юқори хизмат кўрсатиш учун биргина Термиз шаҳрининг ўзида йигирмадан ортиқ замонавий меҳмонхона, ўнлаб меҳмон уйлари, элликка яқин барча талабларга жавоб берадиган ресторан, кафелар, маданият уйлари, кўнгилочар боғлар, савдо мажмуалари куну тун меҳмонлар хизматида.

Ярмарка доирасида иштирокчиларга вилоятнинг ҳар бир ҳудуди сайёҳлик жозибадорлиги акс этган тарқатма материаллар тақдим этилди. Саҳналаштирилган бадиий чиқишлар, куй-қўшиқ ва видеороликлар намойиши иштирокчиларга кўтаринки кайфият улашди.

Фарҳод ЭСОНОВ

(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер