Сурхондарёда «оғир» маҳаллаларнинг бош режаларини ишлаб чиқишга талабалар кенг жалб этилди
Президентимиз раислигида жорий йил 23 январь куни камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича 2026 йилда амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида талабаларни маҳаллаларнинг бош режаларини ишлаб чиқиш жараёнига кенг жалб этиш юзасидан ҳокимларга аниқ топшириқлар берилган эди.
Мазкур топшириқ ижроси Сурхондарё вилоятида изчил ва тизимли тарзда таъминланмоқда. Жараёнга Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университети талабалари, магистрантлари, докторантлари ҳамда профессор-ўқитувчилари фаол жалб этилган.
Вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижроси доирасида шаҳар ва туманлар ҳокимликлари, тегишли бошқармалар ҳамда ТДМАУ томонидан ишлаб чиқилган режалар тақдимоти билан танишди. Тақдимотда аҳолининг томорқаларидан самарали фойдаланиш, «Бир контур — бир маҳсулот» тамойилини жорий этиш, шунингдек, вилоятдаги 114 та «оғир» тоифадаги маҳалла учун бош (мастер) режаларни ишлаб чиқиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

ТДМАУ ректори Расул Тўраев «оғир» маҳаллаларни комплекс ривожлантиришга қаратилган бош режаларни ишлаб чиқиш механизмлари бўйича тақдимот қилди. Таъкидланганидек, лойиҳа маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш, муҳандислик-коммуникация тармоқларини такомиллаштириш ҳамда ҳудудларнинг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга хизмат қилади.
— Университетнинг архитектура, қурилиш ва иқтисодиёт таълим йўналишлари талабалари орасидан вилоятдаги 114 та «оғир» тоифадаги маҳаллалар учун алоҳида ишчи гуруҳлар шакллантирилди, — дейди Расул Тўраев. — Ҳар бир гуруҳ 3–4 нафар бакалавриат талабаси, бир нафар магистрант ва докторантдан иборат бўлиб, уларга профессор-ўқитувчилар бириктирилди. Гуруҳлар маҳаллалардаги мавжуд шарт-шароитни ўрганиб, йўл, сув, газ, электр таъминоти каби долзарб масалаларни таҳлил қилмоқда. Шунингдек, ҳар бир маҳалланинг ихтисослашуви ва салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда унинг бош режаси ишлаб чиқилмоқда. Жараёнда аҳоли фикри ва таклифларини инобатга олишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Айни пайтда талабалар жойларда ўрганиш ишларини амалга оширмоқда. Улар томонидан тайёрланаётган таклиф ва лойиҳалар маҳаллаларнинг замонавий қиёфасини шакллантириш, аҳоли турмуш сифатини ошириш ҳамда янги иш ўринлари яратишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Йиғилиш якунида вилоят ҳокими ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос имконият ва салоҳиятини чуқур таҳлил қилган ҳолда режаларни янада такомиллаштириш, аниқ натижага йўналтирилган амалий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли вазифалар белгилаб берди.
Фарҳод ЭСОНОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Алишер Навоий – илм ва маъно эҳтиёжи манбаи
- Инвесторлар учун энг жозибадор ҳудуд ёхуд инвeстиция оқимидаги кескин тафовутнинг сабаб ва оқибатлари
- Илм-фан соҳасида хотин-қизларга яратилган имкониятларга бағишланган анжуман
- Ўзбекистонда инсон аъзоларини 3D биопринтерда чоп этиш имконияти яратилмоқда
- Бедилни халққа танитган хаттот
- Миллий нақшларда ўзлигимиз намоён
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг