Сурхондарёда Наврўз сайллари кенг нишонланмоқда
Мамлакатимизда кўклам Сурхондарёдан бошланади. Шундан бўлса керак, халқимизга хос саховат ва мурувват, олижаноблик ва яратувчанлик, борлиққа меҳр-муҳаббат каби улуғ фазилатларни ўзида мужассам этган Наврўз байрами ҳам бу юртда эртароқ нишонланади.
Бу йил вилоятда баҳор фасли мўътадил келиб, воҳанинг маҳалла ва қишлоқларида Наврўз сайллари анча олдин бошланди. Президентимизнинг жорий йил 6 мартдаги “2026 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ “Наврўзни улуғлаш — инсонни улуғлашдир!” деган бош ғоя асосида ташкил этилган умумхалқ шодиёнаси туманлардаги асосий байрам тадбирларига уланиб кетди.
Жумладан, Бойсун, Шеробод, Бандихон ва Термиз туманларида энг қадимий ва ҳамиша навқирон байрамимизга бағишланган тантаналар кўтаринки руҳда, юқори савияда ўтказилди.

Асрлар давомида сайқал топиб келаётган миллий қадрият ва анъаналаримиз умумхалқ байрамларида яна бир бор намоён бўлмоқда. Баҳор фаслида табиатнинг уйғониши, инсон ва табиат ўртасидаги уйғунлик, она заминга меҳр ва эътибор, тинч ва фаровон ҳаётимизга шукроналик туйғулари ушбу тадбирларда ўз ифодасини топяпти. Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотлар, одамларнинг кундалик ҳаёти, онги ва дунёқарашидаги ижобий ўзгаришлар ҳам Наврўзнинг азалий қадриятлари билан ҳамоҳанг тарзда акс этмоқда.
Санъаткорларнинг қизиқарли концерт дастурлари, театрлаштирилган саҳна кўринишлари, фольклор-этнографик ансамбллар ҳамда бахшилар ижросидаги куй-қўшиқлар, лапар, терма ва достонлардан парчалар байрамга алоҳида файз бағишламоқда. Миллий халқ ўйинлари эса сайлларга янада жўшқинлик ва кўтаринки кайфият улашмоқда.

— Мамлакатимизда инсон қадрини улуғлашга қаратилган кенг қамровли ислоҳотлар натижасида одамларнинг дунёқараши ва ҳаётга муносабати тубдан ўзгарди, — дейди бойсунлик Ўрол бахши Нормуродов. — Бу жараёнда она заминимиз, мусаффо сувларимиз ва гўзал табиатимизни асраб-авайлашга бўлган эътибор янада ортди. Шу билан бирга, минг йиллик миллий анъаналаримиз ва қадриятларимизга бўлган ҳурмат ҳам мустаҳкамланмоқда. Қишлоқларда деҳқончилик баракали турмуш манбаига айланиб, Наврўз байрамининг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти янада юксак аҳамият касб этмоқда.
Маълумотларга кўра, вилоят туманларида ўтказилаётган Наврўз умумхалқ сайллари 18 март куни якунланади. Сурхондарё вилоятининг асосий байрам тадбирлари эса Термиз туманидаги “Янги Ўзбекистон” массиви амфитеатр майдонида 11 мартдан 20 мартга қадар 10 кун давомида ўтказилади.
Фарҳод ЭСОНОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига кириш нархлари эълон қилинди
- Аёллар Осиё чемпионати мусобақасининг 3-тур ўйинлари давом эттирилди
- Трамп Эрондаги ҳарбий операция «деярли якунланганини» маълум қилди
- МИБ директорига янги ўринбосар тайинланди
- Тошкент – Самарқанд пуллик йўли қурилиши 2 миллиард доллардан зиёдга баҳоланмоқда
- Тошкентда туннель девори ўпирилиб тушди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг