Сурхондарёда кадастр ходими 300 млн сўм билан ушланди

19:47 04 Июль 2025 Жамият
217 0

Фото: Прокуратура департаменти 

Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида ер майдонларини сотмоқчи бўлган шахслар ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.

Қайд этилишича, Департаментининг Денов тумани бўлими, ДХХ ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Унда фуқаро М.Н. ва кадастрлар палатаси Олтинсой туман бўлими муҳандиси А.Н. ўзаро тил бириктиргани ҳамда фуқаро А.Й.нинг ишончига кириб, унга Олтинсой тумани «Ипоқ» МФЙ ҳудудидаги давлат захирасидаги 65 сотих ер майдонини 1,1 млрд сўмга сотишга келишиб, шундан 300 млн сўмини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Департаментнинг Бағдод тумани бўлими, ДХХ ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда эса «Sh-B.» фермер хўжалиги ишчиси Ш.Ю. фуқаро Ф.Б.нинг ишончига кириб, унга ушбу фермер хўжалигига қарашли 26 сотих ҳамда туташ ҳудуддаги сув етказиб бериш хизматига қарашли муҳофаза зонасидаги 14 сотих ер майдонини 60 минг долларга сотишга келишиб, олдиндан 35 минг долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?