Сурхондарёда анъанавий катта кураш мусобақаси ўтказилади

10:23 11 Декабрь 2025 Жамият
234 0

Юртимизда ҳар йили декабрь ойининг иккинчи якшанбаси Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни сифатида кенг нишонланади. Меҳнати билан юрт ризқини кўпайтириб, халқ дастурхонини тўкин қилишга хизмат қилаётган аграр соҳа вакилларига бўлган ҳурмат ва эътибор айнан шу байрам кунларида янада ёрқин намоён бўлади.

Шу муносабат билан Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан жорий йил 14 декабрь куни Термиз шаҳрида анъанавий катта кураш мусобақаси ташкил этилмоқда. Беллашувда мамлакатимизнинг барча ҳудудлари ҳамда қўшни республикалардан ташриф буюрадиган номдор, тажрибали ва маҳоратли полвонлар турли вазн тоифаларида ўз маҳоратларини намойиш этадилар.

Мусобақанинг яна бир муҳим жиҳати — совринларининг нуфузида. Ғолиб ва совриндорларга қимматбаҳо совғалар, пул мукофотлари, шунингдек, бош соврин сифатида енгил автомобиль топширилиши режалаштирилган.

Мазкур беллашув нафақат полвонлар, балки томошабинлар учун ҳам ҳақиқий байрам кайфиятини яратади. Миллий руҳ, полвонларнинг маҳоратли чангаллари, рақсдек ҳаракатлар, чанқовсиз жанговар шижоат — буларнинг барчаси томошабинларга ўчмас таассуротлар уйғотадиган кунда бирлашади.

Термиз шаҳридаги «Алпомиш» ўйингоҳида ўтказиладиган ушбу ёрқин мусобақа миллий спорт, миллий қадриятлар ва жамоатчилик бирдамлигининг ўзига хос намойишига айланиши шубҳасиз.

Фарҳод ЭСОНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер