Сурхондарёда 20 дан зиёд ноёб илон табиатга қўйиб юборилди

21:11 15 Июль 2025 Жамият
226 0

Фото: Экология вазирлиги

Сурхондарё вилоятида 20 дан зиёд бўғма ва кобра илонлар табиатга қўйиб юборилди. Бу ҳақда Экология вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, Сурхондарё вилояти Экология бошқармаси, вилоят Миллий гвардия бошқармаси ходимлари ҳамда Фанлар академияси Зоология институти мутахассислари ҳамкорлигида 6 бош Ўрта Осиё кобраси ва 17 бош шарқ бўғма илони — жами 23 бош илон табиатга қайтарилган.

Мазкур илонлар Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги инспекторлари томонидан ўтказилган рейдлар давомида фуқаролар томонидан ноқонуний сақлаб келинаётганлиги аниқланган ва олиб қўйилиб, Тошкент ҳайвонот боғига вақтинча сақлаш учун топширилган.

Шундан сўнг Фанлар академияси Зоология институтининг илмий хулосаси асосида «Сурхон» давлат қўриқхонасининг Кампиртепа, Шержон ва Шолкон ҳудудларига қўйиб юборилган.

Маълумот учун, Ўрта Осиё кобраси ва Шарқ бўғма илони заифга яқин, мозаик тарқалган тур сифатида Ўзбекистон Қизил китоби ҳамда CИТEСʼнинг II Иловасига киритилган. Қизил китобдаги маълумотларга кўра, Ўрта Осиё кобраси ҳозирда айрим яшаш жойларида бутунлай йўқ бўлиб кетган, қолганларида сони кам учрайди. Шарқ бўғма илонининг сони ҳақида эса аниқ маълумотлар йўқ.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?