Сурияга бориб, ўзини портлатиш йўли билан «шаҳид» бўлиш масалаларини муҳокама қилган шахсларга ҳукм ўқилди (+видео)

09:57 11 Сентябр 2025 Жамият
116 0

Сурхондарёда экстремистик ғоялар таъсирига тушиб қолган шахсларга нисбатан суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақида «Хавфсизлик» Telegram-канали хабар берди.

Унда айтилишича, Давлат хавфсизлик хизматининг Сурхондарё вилояти бўйича Бошқармаси ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида Ўзбекистон Республикаси Олий суди қарорига биноан террорчилик ташкилоти деб тан олинган ва мамлакатимизда фаолияти таъқиқланган «Тавҳид ва жиҳод катибаси» террорчилик ташкилоти тарафдорларидан иборат ноқонуний гуруҳ фаолиятига чек қўйилган.

Мазкур гуруҳ аъзолари орасида муқаддам экстремистик ғоялар билан боғлиқ содир этган жиноятлари учун 2021 йилда енгиллик қўлланилиб, шартли озодлик билан очиқликда қолдирилган шахслар ҳам борлиги маълум бўлган.

2024 йилда ташкил этилган гуруҳ аъзолари вилоятнинг тоғолди ҳудудларида ҳордиқ чиқариш ниқоби остида ўтказилган диний йиғинларда террорчилик ташкилотлари ғоявий раҳнамоларининг маърузаларини тинглаб, Сурия давлатига бориб, жангарилар сафида «жиҳод» қилиш ва ўзларини портлатиш йўли билан «шаҳид» бўлиш масалаларини муҳокама қилган.

Ушбу гуруҳ аъзолари ижтимоий тармоқлар орқали «Тавҳид ва жиҳод катибаси» ташкилоти ёлловчилари билан мулоқот ўрнатиб, улар юборган қўлбола портловчи қурилмалар ва заҳарловчи моддалар тайёрлашнинг электрон йўриқномалари ёрдамида кейинчалик қўпорувчилик ҳаракатларини амалга оширишни режа қилган ҳамда «Telegram» мессенжеридаги ёпиқ гуруҳда хориждаги террорчилар кўмагида портловчи моддалар тайёрлаш бўйича назарий билимларни ўрганишган.

Маълум бўлишича, мазкур жиноий гуруҳнинг 4 нафар аъзоси Интернетдаги тарғиботлар таъсирида Суриядаги жангарилар сафига бориб қўшилишга улгурган. Ҳозирда уларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, расмий қидирув эълон қилинган.

Бундан ташқари, гуруҳнинг 20 нафар фаол аъзосига нисбатан суд ҳукми ўқилган ва улар Жиноят Кодексининг 155, 155-2, 155-3, 159, 244-1 ва 244-2 моддалари билан айбли деб топилиб, қилмишларига мос равишда 6 йилдан 13 йилгача озодликдан маҳрум этилган. Гуруҳнинг қолган аъзоларига нисбатан эса инсонпарварлик принциплари билан енгиллик қилиниб, кечиримлилик сиёсати қўлланилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?