Сурияда вақтинчалик конституция қабул қилинди

13:50 15 Март 2025 Дунё
468 0

Суриянинг муваққат президенти Аҳмад аш-Шара беш йиллик ўтиш даври учун мўлжалланган вақтинчалик конституциявий декларацияни имзолади, деб хабар бермоқда «Al Jazeera» нашри.

Унга кўра, Аҳмад аш-Шара ушбу декларацияни имзолар экан, мазкур ҳужжат Сурия учун янги тарих бошланишига умид беришини таъкидлаган.

Маълумотларга кўра, вақтинчалик конституцияда бундан олдинги конституциянинг баъзи жиҳатлари, жумладан, давлат раҳбарининг мусулмон бўлиши ҳамда ҳуқуқшуносликнинг асосий манбаи сифатида ислом ҳуқуқини ўрнатиш шартлари сақлаб қолинган.

«Ҳужжат сўз ва матбуот эркинлигини ҳамда аёлларнинг ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий ҳуқуқларини таъминловчи қоидаларни ўз ичига олади. Мазкур қоидалар Суриядаги нотинч сиёсий вазиятда ижтимоий хавфсизлик ва эркинлик ўртасидаги мувозанатга хизмат қилади», – дейди лойиҳани тайёрлаш қўмитаси аъзоси Абдулҳамид ал-Авак.

Шунингдек, ушбу ҳужжатда ҳокимият тармоқларининг ажратилиши ва суд тизимининг мустақиллиги мустаҳкамланган. Жумладан, аёллар ҳуқуқлари, фикр билдириш эркинлиги ва оммавий ахборот воситалари эркинлиги кафолатланади. Декларацияда Башар Асад режими даврида содир этилган жиноятлар учун суд жавобгарлигига тортиш масалаларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилган.

Бундан ташқари, мазкур конституциявий декларация Сурия Халқ кенгашига амалдаги президентни лавозимидан четлатиш ёки унинг ваколатларини чеклаш ҳуқуқини ҳам беради.

«Сурия халқ кенгаши президентни лавозимидан четлатиши ёки унинг ваколатларини чеклаши ҳуқуқини олиши мумкин, аммо бу жараённинг амалиётга кўчиши деярли имконсиздир. Сабаби Сурия парламентининг учдан бир қисмини айнан президентнинг ўзи тайинлайди», – дейилади «Al Jazeera» нашри хабарида.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер