Суперлига. 26-турга тафсилий назар: “Нефтчи” етакчига айланди, “Насаф”дан дуранг
23–27 октябрь кунлари Ўзбекистон Суперлигасининг 26-тур учрашувлари бўлиб ўтди.
26-тур баҳсларида қуйидаги натижалар қайд этилди:
- “Хоразм” 0:1 “Пахтакор”
- “Бухоро” 2:0 “Сўғдийона”
- “Қизилқум” 2:0 “Динамо”
- “Шўртан” 0:2 “Нефтчи”
- “Қўқон-1912” 2:0 “Навбаҳор”
- ОКМК 1:1 “Насаф”
- “Бунёдкор” 2:1 “Машъал”
- “Сурхон” 4:0 “Андижон”
Жами 8 та ўйиндан 2 тасида меҳмонлар ғалаба қозонди. 5 та баҳсда мезбонлар устун келди ва яна 1 та учрашув дуранг билан якунланди. Энди айрим ўйинларга тўхталамиз.
“Нефтчи” пешқадамга айланди
Йил бошида ўз олдига Ўзбекистон чемпиони бўлишни мақсад қилган “Нефтчи” клуби ушбу турдан кейин чемпионлик учун катта қадам ташлади. Бунгача қаторaсига 4 та ўйинда ғалаба қозонган Виталий Левченко шогирдлари бу турда Ғузорда меҳмон бўлдилар.
Ушбу баҳс наfaқат “Нефтчи” учун, балки “Шўртан” учун ҳам катта аҳамиятга эга эди. Чунки жамоа айни пайтда Суперлигада сўнгги ўринда бормоқда ва лигада жон сақлаб қолиш нияти бор бўлса, энди мағлуб бўлмаслик талаб этиларди.
Шунингдек, норасмий манбалар хабарича, “Насаф” клуби ушбу ўйинда “Нефтчи”дан очко тортиб олиш эвазига “Шўртан”га мукофот пули таклиф қилгани ҳақида гап-сўзлар чиққан. Агар бу рост бўлса, бу ҳолат ҳам “ғузорликлар”нинг ўйинга бўлган мотивациясини оширган бўларди.
Виталий Левченко ўйинни доимгидек 3-5-2га яқин тактикада бошлади. Ҳимоя марказида Убайдуллаев, Цигер ва Ғофуров ўрин эгаллади. Қанотлар Аброр Исмоилов ва Қувондиқ Рўзиевга ишонилди. Марказда Икром Алибoев ва Йован Жокич жуфтлиги ҳаракат қилди. Ҳужум чизиғида Искандаров, Одилов ва Кожо ўйнади.
Учрашувнинг 7-дақиқасида Жоэл Кожо жиддий жароҳат олиб майдонни тарк этди. Унинг ўрнига Зоран Марушич туширилди. Ўйиннинг 40-дақиқасида айнан Зоран ҳисобни очди. Биринчи бўлим 0:1 ҳисоби билан якунланди.
Иккинчи бўлим ҳам юқори суръатда кечди. 70-дақиқада меҳмонлар устози ўйини чиқмаётган Алишер Одиловни Владимир Йововичга алмаштирди. Ушбу ўзгариш 18 дақиқа ўтиб ўзини оқлади — 88-дақиқада Йовович жамоасининг иккинчи голини киритди. Шу тариқа “Нефтчи” Қашқадарёдан ғалаба билан қайтиб, вилоятнинг бошқа клубидан номаълум вақтга етакчиликни тортиб олди.
“Насаф” етакчиликни бой берди
Мавсум охирига келиб амалдаги чемпион — Қаршининг “Насаф” клубини жуда қийин тақвим кутарди. Жамоа бир неча кун аввал “Шабаб Ал-Аҳли” клубига 4:1 ҳисоби билан мағлуб бўлганди. Бу турда эса Олмалиқда очко йўқотилди.
Қизиғи, 156 кун аввал “Насаф” айнан ОКМКни Қаршида мағлуб этиб, турнир жадвалида биринчи ўринга кўтарилганди. Орадан 11 тур ўтиб, Миржалол Қосимов жамоаси ўзи совға қилган тахтдан “аждарлар”ни қулатди.
Учрашувнинг биринчи бўлимида ҳисоб очилмади. Жамоаларнинг тенг кураши асосида кечган дастлабки тайм 0:0 ҳисобида якунланди.
Иккинчи бўлимнинг 54-дақиқасида Нодирбек Абдураззоқов ҳисобни очди ва “олмалиқликлар” олдинга ўтди.
80-дақиқада эса “Насаф”нинг ҳақиқий етакчиси Драган Черан боши билан “ОКМК” дарвозасини ишғол этди ва Ўзбекистон Суперлигидаги юбилей 150-голини урди. Бу орқали сербиялик ҳужумчи лигамиз тарихида энг кўп гол урган футболчилар ичида кучли ўнликка кирди.
Ўйинда бошқа ҳисоб ўзгармади ва “Насаф” бу турда очко йўқотиб, етакчиликни “Нефтчи”га топширди.
Сенсация
Турнинг энг кутилмаган ўйини Навоийда бўлиб ўтди. Унда “Қизилқум” клуби “Ёшлик” спорт мажмуасида Самарқанднинг “Динамо” жамоасини қабул қилди.
Айни пайтда совринли ўринлар учун курашаётган “Динамо”ни кейинги турларда жиддий баҳслар кутмоқда. Шу сабабдан совринли ўринлар учун ҳам, лигада қолиш учун ҳам курашмаётган “Қизилқум”га қарши ўйинда жамоадан фақат ғалаба кутилганди. Аммо якунда, яна ҳаммаси тескари бўлди.
Ўйиннинг 2-дақиқасидаёқ ҳисоб очилди — “Қизилқум” футболчиси Ислом Кенжабоев қарийб 35 метр масофадан мавсумнинг энг чиройли гўлларидан бирини киритди.
31-дақиқага келиб ҳисобдаги фарқ иккитага етказилди. Кенжабоевнинг узатмасидан сўнг Жаба Жигаури ҳисобни 2:0 кўринишига келтирди. Шу тариқа ўйин айнан шу ҳисоб билан якунланди ва “Динамо” 3-ўриндаги “Пахтакор”ни ўзидан 5 очкога орқада қолдирди.
Мухлисларнинг стадионларга ташрифи
26-тур ўйинларини жами 33 247 нафар мухлис стадионларда томоша қилди. Бу эса ҳар бир учрашувни ўртача 4 256 нафар футбол ихлосмандлари кузатганини англатади.
Турда энг кўп мухлис тўплаган баҳс — “Хоразм” ва “Пахтакор” ўйини бўлди. Ушбу беллашувни кўриш учун Хоразмдаги “Марказий” стадионига 9 875 нафар мухлис ташриф буюрди.
Энг кам томошабин йиғган ўйин эса “Бунёдкор” ва “Машъал” баҳси бўлди. Нейтрал майдонда ўтган бу учрашувни атиги 220 нафар мухлис жонли томоша қилди.
Кейинги тур
Ўзбекистон Суперлигасининг 27-тур учрашувлари 30-октябрдан 3-ноябргача бўлиб ўтади. Қуйида навбатдаги тур жуфтликлари билан танишинг:
- “Динамо” — “Хоразм”
- “Навбаҳор” — “Насаф”
- “Шўртан” — ОКМК
- “Андижон” — “Бухоро”
- “Машъал” — “Қўқон-1912”
- “Нефтчи” — “Сурхон”
- “Сўғдиёна” — “Қизилқум”
- “Пахтакор” — “Бунёдкор”
Муҳаммадамин Зуҳриддинов,
“Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- Ўз халқини Сиз каби чин дилдан севадиган давлат раҳбарини учратмадим – «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян
- Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида Самарқанд мактабининг янги нафаси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг