Суперлига. 21-турга тафсилий назар: Етакчидан зафарли юриш, «Пахтакор»дан классикодаги ғалаба

16:47 16 Сентябр 2025 Спорт
75 0

10–14 сентябрь кунлари Ўзбекистон Суперлигасида мусобақанинг 21-тур баҳслари бўлиб ўтди. Унда қуйидаги натижалар қайд этилди:

«Насаф» 5:0 «Бухоро»;

«Машъал» 2:1 «Шўртан»;

«Сўғдиёна» 4:1 ОКМК;

«Навбаҳор» 0:0 «Сурхон»;

«Қўқон-1912» 2:1 «Қизилқум»;

«Пахтакор» 2:1 «Нефтчи»;

«Бунёдкор» 1:0 «Хоразм».

Бўлиб ўтган 7 та ўйинда 1 та дуранг натижа қайд этилди. 6 та ўйинда мезбонларнинг қўли баланд келди. Бу турда меҳмонлар бирорта ўйинда ғалаба қозона олмади. Энди баъзи ўйинларга алоҳида тўхталиб ўтамиз.

«Ўз-Классико»

Турнир марказий ўйини доирасида Суперлига мухлислари «Ўзбек классико»сига гувоҳ бўлишди. Яъни ўша куни «Пахтакор» клуби Тошкентда «Нефтчи» жамоасини қабул қилди.

Ўйин олдидан «Нефтчи» жамоасининг имкониятлари бироз юқори баҳоланган эди. Бироқ бундай бўлиб чиқмади. Учрашувнинг 11-дақиқасида Азиз Турғунбоев ҳисобни очди. 23-дақиқада «Пахтакор»нинг бразилиялик легионер футболчиси Фламарион қўполлиги учун майдондан четлатилди.

39-дақиқада 1 киши кўп бўлиб ўйнаётган «Нефтчи» клуби ҳисобни тенглаштирди. Ҳакам томонидан биринчи таймга қўшиб берилган дақиқаларда «Нефтчи» дарвозаси томон пенальти белгиланди. Ушбу зарбани Игор Сергеев аниқ амалга оширди ва ўзининг жорий йил Суперлигадаги 13-голини киритди.

Иккинчи таймда «Нефтчи» қанчалик ҳаракат қилмасин, Камолиддин Тожиев жамоаси ҳимояда анча ишончли ўйнади. Шу тариқа «Пахтакор» жамоаси «мунтоз» тўқнашувда азалий рақибини яна бир бор мағлуб этди.

Етакчидан йирик ғалаба

«Насаф» жамоаси Осиё Элит чемпионлар лигаси мусобақаси олдидан 10 сентябрь куни ўз майдонида «Бухоро» клубини қабул қилди. Учрашув Рўзиқул Бердиев жамоасининг тўлиқ устунлиги остида ўтди ва жамоа йирик ҳисобда ғалаба қозонди.

Учрашувнинг 13-дақиқасидаёқ ҳисоб Ҳусайн Норчаев томонидан очилди. 25-дақиқада жамоанинг янги легионер футболчиси Юсуф Отубанжо жамоадаги дебют голини киритди. 28-дақиқада Шароф Мухиддинов «Насаф»нинг навбатдаги голига муаллифлик қилди. 30-дақиқада Отубанжо дублга эришди.

Иккинчи таймнинг 2-дақиқасида Драган Черан учрашувдаги якуний голни киритди. Якуний ҳисоб 5:0.

«Насаф» айни вақтда турнир жадвалида яққол етакчи. Жамоани кейинги 9 та турда ОКМК, «Навбаҳор», «Пахтакор» ва «Динамо» каби жиддий рақиблар кутмоқда. Кўрамиз, жамоа чемпионликни ҳимоя қила олармикан.

ОКМК Жиззахда ютқазди

Турнинг энг қизиқ ўйинларидан бири Жиззах шаҳрида бўлиб ўтди. Майдон эгаси бўлган «Сўғдиёна» клуби 7 та ўйиндан бери ОКМК ни на уйда, на сафарда мағлуб этишни уддалая олмаётган эди. Бу гал Иван Бошкович бошчилигидаги жамоа Миржалол Қосимов мураббийлигидаги ОКМКни аяб ўттирмади.

Учрашувнинг 28-дақиқасида Люпче Дориев ҳисобни очди. 45+2-дақиқада Дориевнинг ўзи ҳисобни 2:0 кўринишига келтирди. 49-дақиқада Шоҳрух Абдураҳмонов «жиззахликлар»нинг 3-голини киритди.

63-дақиқада ОКМК ҳимоячиси Авазбек Ўлмасалиев жамоасининг бу ўйиндаги биринчи ва ягона жавоб голига муаллифлик қилди. 78-дақиқада Самандар Мавлонқулов «Сўғдиёна»нинг тўртинчи голини киритди.

Шу тариқа ўйин Бошкович жамоасининг йирик ғалабаси билан якунланди. Ушбу ғалабадан сўнг, «Сўғдиёна» клуби 9-ўринга кўтарилиб олган бўлса, ОКМК жамоаси 5-ўринга тушиб кетди.

Турнир жадвали

21-турдан сўнг «Насаф» жамоаси 46 очко билан турнир жадвалида яққол карвонбоши бўлиб турибди. «Аждарлар»нинг энг яқин таъқибчиси бўлган «Нефтчи» жамоасида эса 42 очко мавжуд.

Сўнгги ўринларни эса «Хоразм», «Шўртан», «Бухоро» жамоалари эгаллаб турибди.

Мухлисларнинг стадионларга ташрифи

21-тур ўйинларини томоша қилиш учун жами 25 012 нафар мухлис стадионларга ташриф буюрди. Бу ҳар бир ўйинни ўртача 3 773 нафардан томошабин кузатиб борганини билдиради.

Турда энг кўп мухлис тўплаган баҳс ― «Пахтакор» ва «Нефтчи» ўйини бўлди. «Ўзбек классикоси»ни кузатиш учун «ЖАР» стадионига 7 950 нафар томошабин ташриф буюрди.

Энг кам футбол шинавандаларини тўплаган ўйин эса «Бунёдкор» ва «Хоразм» баҳси бўлди. Бетараф майдонда ўтган ушбу учрашувни кўриш учун 420 нафар мухлис стадионга келган.

Кейинги тур

Ўзбекистон Суперлигасида 22-тур ўйинлари 18–21 сентябрь кунлари бўлиб ўтади. Унда бизни қуйидаги ўйинлар кутмоқда:

«Сурхон» – «Машъал»;

«Олмалиқ» – «Бунёдкор»;

«Шўртан» – «Пахтакор»;

«Хоразм» – «Қўқон-1912»;

«Бухоро» – «Навбаҳор»;

«Нефтчи» – «Динамо»;

«Андижон» – «Сўғдиёна»;

«Қизилқум» – «Насаф».

Муҳаммадамин Зуҳуриддинов,
(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?