Суперлига. 19-турга тафсилий назар: Очилиш ўйинида мағлубият ва ғалабасиз сериянинг якуни

13:02 19 Август 2025 Спорт
218 0

Жорий йилнинг 15-18 август кунлари Ўзбекистон Суперлигасида мусобақанинг 19-тур баҳслари бўлиб ўтди. Унда қуйидаги натижалар қайд этилди:

• «Пахтакор» 2:0 «Сўғдиёна»;

• «Навбаҳор» 0:1 «Нефтчи»;

• «Динамо» 1:0 ОКМК;

• «Насаф» 2:0 «Шўртан»;

• «Қўқон-1912» 2:0 «Сурхон»;

• «Машъал» 1:0 «Андижон»;

• «Бунёдкор» 2:1 «Бухоро»;

• «Хоразм» 0:1 «Қизилқум».

Бўлиб ўтган 8 та ўйиннинг 6 тасида мезбонлар, 2 тасида меҳмонлар ғалаба қозонди. Қуйида баъзи ўйинларга алоҳида тўхталиб ўтамиз:

Марказий ўйин

Иккинчи даврани «Бунёдкор»га мағлуб бўлиш билан бошлаган «Нефтчи» клубидан ишонч анча йўқолаётгандай. Аммо, жамоа ундан кейин қатор-асига 2 та ўйинда ғалаба қозонди.

Дастлаб, Фарғона дербисида «Қўқон-1912» мағлуб этилган бўлса, 18-турда амалдаги чемпион «Насаф» мағлуб этилди. 19-турда ҳам жамоани қийин ўйин кутарди.

Бу гал Левченко жамоаси Намангандаги «оловли стадионда» бир тур олдин мухлислик бобидаги асосий рақиби «Андижон» майдонидан ғалаба билан қайтган «Навбаҳор» билан куч синашиши керак эди. Аммо, «Нефтчи» бу сафар ҳам ғалаба қозонишни уддалади.

Учрашув тенг курашлар остида ўтди. Ҳар икки жамоа 8 тадан зарба йўллаган бўлса-да, аниқ зарбалар бўйича устунлик майдон эгалари томонида бўлди. Ҳатто, xG статистикаси (гол уриш эҳтимоли) бўйича устунлик «Навбаҳор» томонида бўлди.

Аммо, ўйин тақдирини ҳал қилган зарба 33-дақиқада Икром Алибоев томонидан йўлланди. «Нефтчи» аъзоси қарийб 35 метр масофадан аниқ зарба йўллаб ҳисобни очди.

Қолган дақиқаларда меҳмонлар ғалабани сақлаб қолишди. Шу тариқа кўплаб танқидлар остида қолаётган Левченко ўз жамоаси билан «Насаф»ни таъқиб этишда давом этади.

Самарқандда ниҳоят ғалаба

Самарқанднинг «Динамо» жамоаси мавсумни жуда яхши ўтказмоқда. Айни пайтда Вадим Абрамов жамоаси турнир жадвали учинчи бўлиб турибди. Табиийки, бу нарса самарқандлик мухлисларга ҳам ёқиб тушмоқда. Жамоанинг уй ўйинларини кўриш учун ҳар турда 10 мингдан зиёд мухлис келмоқда.

Аммо, «Динамо» жамоаси айнан минглаб мухлислари қаршисида кўпроқ очко йўқотмоқда. Жамоа Самарқандда ўтган сўнгги 5 та ўйинида чемпионлик йўлидаги асосий рақиблари «Бунёдкор» ва «Нефтчи»га мағлуб бўлган бўлса, «Насаф», «Навбаҳор» ва «Пахтакор» клублари билан дурранг натижа қайд этилди.

Аммо «Динамо» мухлислари жамоани ёлғизлатиб қўйишмади ва ОКМКга қарши баҳсни томоша қилиш учун ҳам 10 100 та томошабин ташриф буюрди. Лекин бу сафар «Марказий» стадионга ташриф буюрган мухлислар ўз уйларига яхши кайфиятда қайтишди.

Ўйин ҳужумлар бобида мезбонларнинг тўлиқ устунлиги остида ўтди. Аммо ўйин назорати бўйича тенглик қайд этилди. «Динамо» рақибидан умумий зарбалар сони бўйича ҳам, аниқ зарбалар сони бўйича ҳам устунлик қилган бўлса-да, гол қарши ҳужум натижасида киритилди.

47-дақиқа ўтиб бораётган бир вақтда кўпчилик бўлиб олдинга чиққан ОКМК қарши ҳужум қурбони бўлди. «Динамо» қанот вингери битта аниқ узатма билан Анвар Ҳожимирзаевни бирга-бир вазиятга олиб чиқди. Бундан наманганлик ҳужумчи унумли фойдаланиб, ўйин тақдирини ҳал этган голга муаллифлик қилди.

Вадим Абрамов жамоаси шу тариқа ўз майдонида 5 та ўйиндан бери давом этиб келган ғалабасиз сериясига якуни ясади. Муҳим ўйинни бой берган ОКМК эса бешинчи ўринга тушиб кетди.

5405 кундан кейинги футбол

Яхши биласиз, бу йил «Хоразм» жамоаси Ўзбекистон Суперлигасига қайтди. Жамоа бундан нақд 15 йил олдин Олий лигада иштирок этганди.

5405 кундан кейин Хоразм вилоятига яна катта футбол қайтди. Айнан 19-турда жамоа рақибини ўз майдонида қабул қилди. Маълумот учун, «Хоразм» бунгача ўзи мезбон мақомида ўтказган 9 та ўйинини бетараф майдонда ўтказган эди.

Бу ўйинга мухлисларнинг эътибори ҳам катта бўлиши аниқ эди. Шу сабаб 19-турдан ўрин олган «Қизилқум»га қарши ўйинни бевосита стадиондан кузатиш учун 12 078 нафар мухлис ташриф буюрди.

Аммо, 15 йиллик танаффусдан кейин ўтказилган дастлабки баҳс Ҳаким Фузайлов жамоаси учун омадсиз бўлди. Учрашувнинг 10-дақиқасида «Хоразм» ҳимоячиларининг ҳимоядаги қўпол хатосидан Дилшод Раҳматуллаев унумли фойдаланиб ҳисобни очди.

Буёғига мухлисларининг чорловлари билан «Хоразм» клуби ҳужумда жадаллашди. Аммо ўйинда ҳисоб бошқа ўзгармади.

Мухлисларнинг ташрифи

19-тур ўйинларини томоша қилиш учун жами 54 939 нафар мухлис стадионларга ташриф буюрди. Бу ҳар бир ўйинни ўртача 6 867 нафардан томошабин кузатганини билдиради.

Турда энг кўп мухлис тўплаган баҳс — «Навбаҳор» ва «Нефтчи» ўйини бўлди. Ушбу учрашувни томоша қилиш учун Андижондаги «Бобур арена»га 21 350 нафар мухлис ташриф буюрди.

Энг кам футбол шинавандаларини тўплаган ўйин эса «Машъал» ва «Андижон» баҳси бўлди. Бетараф майдонда ўтган ушбу учрашувни кўриш учун 628 нафар мухлис келган.

Кейинги тур

Ўзбекистон Суперлигасида 20-тур ўйинлари 20-23 август кунлари бўлиб ўтади. Унда бизни қуйидаги баҳслар кутмоқда:

«Шўртан» – «Навбаҳор»

«Сўғдиёна» – «Динамо»

«Нефтчи» – «Машъал»

«Бухоро» – «Қўқон-1912»

«Андижон» – «Пахтакор»

«Қизилқум» – «Бухоро»

«Сурхон» – «Насаф»

ОКМК – «Хоразм»

Муҳаммадамин Зуҳриддинов тайёрлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?