Сунъий интеллект: Инсонга рақибми ёки ёрдамчи?

12:47 21 Июль 2025 Жамият
273 0

Санжар ШОМУРОДОВ/«Халқ сўзи». Давлатимиз раҳбари мамлакатимизда кенг нишонланган Ёшлар куни байрами асосий тадбирлари доирасида юртимиз ёшлари билан учрашиб, дилдан мулоқот қилди. Унда қадриятларимиз ва маданиятимизни ўзида ифода этадиган сунъий интеллектнинг миллий моделини ишлаб чиқиш бошланганини таъкидлади.

Шунингдек, сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича банк-молия, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги ва энергетика соҳалари устувор йўналиш сифатида белгиланиб, 100 та лойиҳа амалга оширилади. Жорий йилнинг ўзида “AI study” платформаси орқали камида 100 минг ёш сунъий интеллект технологияларини ўрганади.

Шубҳасиз, XXI асрда эришилган технологик ва илмий ютуқларнинг энг юқори нуқтаси табиий интеллектимиз томонидан яратилган сунъий интеллектдир. Бугун у деярли барча соҳада — ишлаб чиқариш, тиббиёт, таълим, ҳатто кундалик ҳаётимизда ҳам аста-секин ўз ўрнини топяпти. Лекин ушбу ихтиро ортидан турли саволлар туғилмоқда. Хўш, сунъий интеллект бизга рақиб бўладими ёки ёрдамчи?

Бир томондан, машиналарнинг мураккаб муаммоларни ҳал этиши биз учун улкан имконият, албатта. Бироқ роботлар кўплаб соҳалар, ҳатто ижодий фаолият билан боғлиқ йўналишларда ишимизни, ақлий меҳнатдаги етакчилигимизни ҳам олиб қўйиши борасидаги таҳдидлар ҳар қандай кишини ўйга толдиради.

Сунъий интеллект (СИ) — бугунги замонавий технологиялар ичида энг тез ривожланаётган ва энг кўп баҳс-мунозараларга сабаб бўлаётган соҳалардан бири. Унинг моҳиятини соддароқ тушунтирадиган бўлсак, у инсон ақлий фаолиятига ўхшаш вазифаларни автоматлаштирилган тарзда бажара оладиган дастурий ва техник тизимлар мажмуасидир. Яъни бу технология ёрдамида машиналар ҳам ўрганади, қиёслайди, муайян хулосалар чиқаради. Илгари фақат инсон учун хос деб ҳисобланган таҳлил ва тезкор реакция каби имкониятлар эндиликда сунъий интеллект воситасида машиналарга ҳам сингдирилмоқда.

Ҳозирги тараққиёт босқичини кузатсак, СИ фақатгина илмий лабораторияларда ёки катта компаниялар доирасида эмас, балки инсон кундалик ҳаётигача кириб келди. Энг оддий мисол, смартфонларимиздаги овозли ёрдамчилар (масалан, “Сири” ёки “Google Assistant”), турли чат-ботлар орқали онлайн хизматлар кўрсатилиши, матнларни автоматик таржима қилиш тизимлари бунга яққол далилдир. Шу билан бирга, юзни аниқлаш, бармоқ изини таниш, ҳатто видеокузатув тизимларида ҳам СИ фаол ишлатилмоқда. Ҳар қадамда у бизни таъқиб қилишини ҳатто сезмаймиз ҳам.

Сўнгги йилларда сунъий интеллект атрофидаги энг катта мунозаралардан бири, бу унинг инсон учун рақибга айланиш эҳтимоли билан боғлиқ. Мазкур фикр осмондан тушгани йўқ, балки кўплаб амалий мисоллар билан ўз тасдиғини топмоқда.

— Технологиялар ҳар доим иш ўринларига таъсир қилиб келган. Сунъий интеллект ҳам бундан мустасно эмас. Лекин бу гал ақлий меҳнат соҳалари хавф остида қолмоқда. Ҳозирда фақат қайта такрорланадиган техник вазифалар эмас, балки таҳлил, коммуникация, ижодий фикрлаш талаб этилаётган жойларда инсон ўрнини роботлар эгаллаши эҳтимоли ортяпти. Аммо шуни ҳам унутмаслик керакки, ҳар бир йўқолган иш ўрнига янгиси яратилади. Муҳими, жамият таълим ва қайта касбий тайёргарлик тизимини замонга мослаштириши лозим, — дейди Массачусетс технология институти профессори, меҳнат бозори бўйича эксперт Даниэль Сасс-Каттлер “The New York Times”га берган интервьюсида.

Жаҳон миқёсида автоматлаштириш тобора кўпайгани кундек аён. “McKinsey Global Institute”нинг 2023 йилдаги ҳисоб-китобларига кўра, келгуси 10 — 15 йил ичида дунёдаги иш ўринларининг 30 фоизгача қисми автоматлаштирилиши мумкин. Бу дегани, айниқса, такрорланувчи ва анъанавий техник вазифаларни бажарувчи миллионлаб ишчиларнинг ўрни СИ ёки роботлар билан алмаштирилади. Мисол учун, АҚШ ва Европадаги йирик логистика марказларида омбор ишлари, маҳсулот саралаш, етказиб бериш каби жараёнлар аллақачон автоматлаштирилди. Иш берувчи учун ишини бехато бажарадиган, ишга кеч қолмайдиган, эътироз билдирмайдиган роботлар инсонлардан кўра манфаатлироқ эканини инкор эта олмаймиз, ахир.

Яна бир хавотирли жиҳати, СИ орқали сохта хабарлар ва дипфейк технологияларининг кенг тарқалишидир. Дипфейк (чуқур ёлғон) — бу сунъий интеллект ёрдамида яратиладиган, ҳақиқийсига жуда ўхшаш, бироқ ёлғон видео ва аудио материаллардир. Масалан, 2023 йилда Ўзбекистонда интернет тармоқларида 1129 та, 2024 йилда эса 3553 та СИ ёрдамида яратилган ноқонуний материаллар тарқатилгани аниқланган. Бундай ҳолатлар аҳолининг ишончига кириш мақсадида таниқли шахсларнинг қиёфаси ва овозидан ноқонуний фойдаланишни ўз ичига олади. Айнан шундай технологиялар ёрдамида нафақат сиёсий манипуляция, балки шахсий обрўга путур етказиш, молиявий фирибгарлик, кибержиноятлар амалга оширилаётганини кўришимиз мумкин.

— Сунъий интеллект ёрдамида яратилган сохта контентлар жамиятдаги ишонч муҳитини емириши мумкин. Айниқса, дипфейк технологияси орқали таниқли шахсларнинг сохта видеоларини тарқатиш жиддий оқибатларга олиб келади. Биз аллақачон сиёсий жараёнлар, сайловлар давомида бундай усуллардан фойдаланилганига гувоҳ бўлдик. Масалан, 2024 йилда Бразилияда сайловлар олдидан сохта видеолар орқали рақиблар обрўсига путур етказиш ҳолатлари кузатилди. Шу боис дунё мамлакатлари тезкор ҳуқуқий ва техник чоралар кўриши зарур, — дея таъкидлайди киберхавфсизлик бўйича мутахассис, “Norton” компанияси вакили Лиза Монро.

Айтиш жоизки, СИ билан бирга, ахлоқий ва фалсафий хавф пайдо бўляпти. Бу ерда гап инсон тафаккури ва ижодий маҳоратини СИ ортда қолдириши эҳтимоли ортгани ҳақида кетмоқда. Бугун “ChatGPT” каби матн яратиш тизимлари, “MidJourney” сингари тасвир ишлаб чиқарувчи дастурлар ва мусиқа ёзувчи алгоритмлар ижодкорлар билан рақобат қилмоқда. Масалан, Японияда СИ томонидан ёзилган ҳикоялар адабий танловларда иштирок этди. Табиий савол туғилади: агар машина шеър ёзса, расм чизса, мақола тайёрласа, ундан инсон ижод маҳсули қандай ажралиб туради?

— Машиналар ижод қилишни ўрганаётгани ҳақиқат. Бироқ уларнинг “ижоди” инсон руҳияти, ҳис-туйғуси, ҳаёт тажрибаси билан бойитилмаган. Ижод — бу фақат маълумотларни қайта ишлаш эмас, балки қалб оғриғи, орзу, изтироб, дард маҳсулидир. Машина шеър ёза олади, лекин у оламни инсон кўзи, қалби билан ҳис эта олмайди. Шу боис инсон ижоди ва СИ материали ўртасида катта фарқ бор. Аммо буни англаш ва чегарани белгилаб қўйиш инсоният зиммасидаги масъулиятдир, — дейди Буюк Британиядаги Кембриж университети профессори, когнитив фанлар бўйича мутахассис, профессор Сьюзан Блэкмор.

Кўплаб таниқли шахслар СИнинг хавфи борасида жамоатчиликни огоҳлантириб келмоқда. Машҳур тадбиркор Илон Маск 2023 йилда “Агар СИ устидан назорат бўлмаса, у инсониятни ҳалокатли оқибатларга олиб келиши мумкин”, деган эди. Марҳум физик олим Стивен Хокинг эса ўз ҳаётининг сўнгги йилларида “Сунъий интеллект инсониятнинг энг буюк кашфиёти бўлиши мумкин, лекин назорат қилинмаса, унинг энг ёмон офати ҳам бўлади”, дея таъкидлаганди.

Демак, сунъий интеллектнинг инсон учун рақиб бўлиш эҳтимоли мавҳум назария эмас, балки реал ҳаётдаги воқеалар ва илмий таҳлиллар билан тасдиқланмоқда. Шу сабабли мазкур технологиянинг кучи ва хавфини бирдек эътироф қилган ҳолда, унинг устидан қатъий назорат ҳамда ахлоқий ёндашув талаб этилади. Акс ҳолда, инсоният ўзи яратган ақл орқали ўзини ортда қолдириши мумкин.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, сунъий интеллект ҳақида фақат таҳдид ва хавф нуқтаи назаридан фикр юритиш “танганинг бир томони”ни кўришдек гап. Чунки СИ инсон учун нафақат рақиб, балки муҳим ёрдамчи, яъни ҳамроҳга айланганини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Биргина тиббиёт соҳасини оладиган бўлсак, айнан сунъий интеллект ёрдамида саратон касаллигини дастлабки босқичдаёқ аниқлаш имконияти пайдо бўлди.

АҚШнинг Стэнфорд университети шифокори ва биотиббиёт тадқиқотчиси доктор Кларк Хеммингснинг эътироф этишича, сунъий интеллект тиббиётни янги босқичга олиб чиқди. Саратон, юрак-қон томир ёки генетик касалликларни аввалдан аниқлашда СИ самараси исботланган. “Аммо биз СИни тўлиқ назорат остида ушлашимиз керак. Чунки инсон ҳаётидаги қарорларни фақат алгоритмларга ишониб топшириб бўлмайди”, дейди у.

Ногиронлиги бор инсонларга ёрдам масаласида эса СИ беминнат кўмакчига айланган. АҚШ ва Европа мамлакатларида сунъий интеллект асосида ишлайдиган эшитиш аппаратлари, овозни матнга айлантирувчи қурилмалар ва робот ёрдамчилар орқали ногиронлиги бўлган инсонларнинг ижтимоий ҳаётдаги фаоллиги ошмоқда. Ҳатто кўзи ожиз инсонлар учун махсус СИ тизимлари ёрдамида атрофдаги объектларни овоз орқали тасвирлаб берувчи технологиялар ҳам яратилмоқда.

Оғир ва хавфли ишларда ҳам сунъий интеллект инсоннинг жонига оро киряпти. Нефть конларида, чуқур шахталарда, портлаш хавфи юқори бўлган саноат тармоқларида роботлар ва СИ тизимлари инсонлар ўрнига ишлаяпти. Масалан, яқинда Японияда кучли зилзиладан сўнг СИ бошқарувидаги роботлар вайрон бўлган биноларни текшириб, инсон хавфсизлиги учун зарур маълумотларни тўплади.

Сунъий интеллект инсон саломатлигини асраш, билим олиш миқёсларини кенгайтириш, имконияти чекланган инсонларга кўмак бериш ва хавфли ҳудудларда инсон ҳаётини ҳимоя этишда яқин ёрдамчи, ҳақиқий кўмакчи бўлиб хизмат қилмоқда. Демак, технологиянинг бу йўналиши тўғри бошқарилса, у инсоният тараққиётининг ажралмас йўлдошига айланиши мумкин. Тарих шуни кўрсатадики, ҳар бир йирик технологик тараққиёт инсоният учун нафақат қулайлик ва ривожланиш, балки кутилмаган оқибатлар, мураккаб саволлар ҳамда баъзан аччиқ тажрибаларни ҳам олиб келади. Бугунги сунъий интеллект технологиясининг юксалиши бундан мустасно эмас, албатта.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?