Суғурта фаолияти тўғрисида

16:47 24 Ноябрь 2021 Ҳужжатлар
3143 0

Ўзбекистон Республикасининг Қонуни

Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил 15 июнда қабул қилинган

Сенат томонидан 2021 йил 22 августда маъқулланган

1-боб. Умумий қоидалар

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади ва қўлланилиш соҳаси

Ушбу Қонуннинг мақсади суғурта фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Ушбу Қонун давлат ижтимоий суғуртаси ва давлат тиббий суғуртаcи билан боғлиқ муносабатларга нисбатан татбиқ этилмайди.

2-модда. Суғурта фаолияти тўғрисидаги қонунчилик

Суғурта фаолияти тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг суғурта фаолияти тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

3-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

алоҳида бўлинма – суғурталовчининг (суғурта брокерининг) Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги филиали;

суғурта – муайян воқеа (ҳодиса) юз берганда етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш, товонлар ва бошқа тўловлар тўлаш учун мақсадли пул жамғармаларини ташкил этиш ҳамда улардан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган, жисмоний ва юридик шахсларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга доир муносабатлар;

суғурта бадали – суғурта мукофотининг суғурта шартномасида назарда тутилган муддатларда, миқдорларда ва шартларда миллий валютада ёки чет эл валютасида тўланадиган бир қисми;

суғурта мукофоти – суғурта қилдирувчи томонидан суғурталовчига суғурта шартномасида шарт қилиб кўрсатилган тартибда ва муддатларда миллий валютада ёки чет эл валютасида тўланадиган суғурта учун тўлов;

суғурта суммаси – муайян сумма бўлиб, суғурталовчи суғурта товонини (суғурта тўловини) суғурта шартномаси бўйича ушбу сумма доирасида тўлаш мажбуриятини ўз зиммасига олади;

суғурта таваккалчилиги – тахмин қилинаётган воқеа бўлиб, ушбу воқеа юз берган тақдирда суғурта амалга оширилади;

суғурта тарифи – суғурта объектини ва суғурта таваккалчилигининг хусусиятини ҳисобга олган ҳолда белгиланадиган, шунингдек суғурта шартларига мувофиқ суғурта суммаси бирлигидан олинадиган суғурта мукофоти ставкаси;

суғурта товони (суғурта тўлови) – суғурта шартномасида назарда тутилган суғурта ҳодисаси юз берганда суғурта қилдирувчига, суғурталанган шахсга (наф олувчига) ҳар бир суғурталанган шахс учун суғурта суммаси доирасида тўланадиган пул маблағлари суммаси;

суғурта тури – суғурта ташкилоти томонидан бир ёки бир нечта суғурта класслари доирасида ишлаб чиқилган ва тақдим этиладиган аниқ суғурта хизмати;

суғурта фаолияти – суғурта бозори профессионал иштирокчиларининг суғуртани ва қайта суғуртани амалга ошириш билан боғлиқ фаолияти;

суғурта қиймати – агар қонунчиликда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, суғурта шартномасини тузиш чоғида тарафларнинг келишуви билан аниқланадиган, суғуртага топшириладиган мол-мулкнинг қиймати;

франшиза – суғурта қилдирувчи зарарларининг бир қисми бўлиб, суғурта шартномасига мувофиқ унинг ўрни суғурталовчи томонидан қопланмайди;

қайта суғурта – суғурта шартномаси бўйича қабул қилинган суғурта товонини (суғурта тўловини) тўлаш таваккалчилигини бошқа суғурталовчи (қайта суғурталовчи) билан тузилган қайта суғурта шартномасига мувофиқ суғурталовчи (қайта суғурталовчи) томонидан тўлиқ ёки қисман суғурта қилиш;

қайта суғурталовчи – бошқа суғурта ташкилотидан қайта суғурта қилиш учун суғурта таваккалчиликларини қабул қиладиган суғурта ёки қайта суғурта ташкилоти;

қайта суғурта шартномаси – суғурталовчи ўзининг суғурта шартномасига доир барча мажбуриятларини ёки уларнинг бир қисмини қайта суғурталовчига қайси шартномага мувофиқ ўтказса ўша шартнома.

4-модда. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида норезидентларнинг суғурта фаолияти

Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида суғурта бозорининг профессионал иштирокчилари бўлган юридик шахсларнинг муассислари (иштирокчилари) сифатида иш юритиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган, Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлган юридик шахснинг мулкий манфаатларини суғурта қилиш фақат Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлган суғурта ташкилоти томонидан амалга оширилади, бундан қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно.

5-модда. Трансчегаравий суғурта ва қайта суғурта

Суғурта ташкилоти томонидан бошқа давлат ҳудудида суғурта шартномаларини тузиш ва бажариш бўйича фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ суғурта трансчегаравий суғуртадир.

Суғурта (қайта суғурта) ташкилоти томонидан ўзи қабул қилган суғурта таваккалчиликларини қайта суғуртага ўтказиш пруденциал нормативларни ҳисоблаш тартибига доир талаблар ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилади.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Ўзбекистон Республикасининг норезиденти бўлган суғурта ташкилоти номидан суғурта шартномасини тузиш бўйича воситачилик фаолиятига йўл қўйилмайди, бундан Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқаётган транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш шартномаси мустасно.

Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқаётган транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш шартномаларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Ўзбекистон Республикасининг норезиденти бўлган суғурта ташкилоти номидан тузиш бўйича воситачилик фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш агентлигининг (бундан буён матнда ваколатли давлат органи деб юритилади) тегишли суғурта класси кўрсатилган лицензиясига эга бўлган, Ўзбекистон Республикасининг резидентлари бўлган суғурталовчилар амалга ошириши мумкин.

2-боб. Суғурта фаолиятини ташкил этиш

6-модда. Суғурта соҳалари ва турлари (класслари)

Суғурта қуйидаги соҳаларга бўлинади:

ҳаётни суғурта қилиш (жисмоний шахсларнинг ҳаёти, соғлиғи, меҳнат қобилияти ва пул таъминоти билан боғлиқ манфаатларини суғурта қилиш, бунда шартнома бўйича суғуртанинг энг кам муддати бир йилни ташкил этади ҳамда суғурта суммаларининг суғурта шартномасида кўрсатиб ўтилган оширилган фоизни ўз ичига олувчи бир марталик ёки даврий тўловларини (аннуитетларни) қамраб олади);

умумий суғурта (шахсий, мулкий суғурта, жавобгарликни суғурта қилиш ҳамда ҳаётни суғурта қилиш соҳасига тааллуқли бўлмаган бошқа суғурта турлари).

Суғурта таваккалчиликларининг ёки улар гуруҳларининг ва улар билан боғлиқ мажбуриятларнинг умумий хусусиятларига мувофиқ суғурта соҳалари суғурта турларига (классларига) бўлинади. Суғурта турлари (класслари) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

7-модда. Суғурта шакллари

Суғурта ихтиёрий ва мажбурий суғурта шаклларида амалга оширилади.

Ихтиёрий суғурта ихтиёрий суғуртани амалга оширишнинг умумий шартлари ва тартибини белгиловчи суғурта шартномаси ҳамда қоидалари асосида амалга оширилади.

Ихтиёрий суғурта шартномасида суғурта қоидаларининг асосий тушунчаларини акс эттирувчи суғуртанинг муҳим шартлари кўрсатилиши керак.

Мажбурий суғуртани амалга ошириш шартлари ва тартиби мажбурий суғуртанинг аниқ турлари тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунлари билан белгиланади.

8-модда. Суғурталовчининг қайта суғуртага доир суғурта фаолияти

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фақат қайта суғуртани амалга оширишга доир фаолият қонунчиликда назарда тутилган тартибда лицензияланиши лозим.

Суғурта ташкилоти суғурта фаолиятининг турлари (класслари) бўйича суғурта таваккалчиликларини қайта суғуртага ўтказишни ва қабул қилишни суғурта фаолиятини амалга ошириш учун олинган лицензияга мувофиқ, қонунчиликда белгиланган пруденциал нормативларга риоя этган ҳолда, қайта суғуртага оид лицензияни олмасдан туриб амалга ошириши мумкин.

Қайта суғуртани қайта суғуртага оид лицензия асосида фаолиятнинг алоҳида тури сифатида амалга оширувчи қайта суғурта ташкилоти «ҳаётни суғурта қилиш» ва «умумий суғурта» соҳаларида суғуртанинг барча класслари бўйича қайта суғуртани амалга оширишга ҳақли.

Резидент бўлган суғурталовчиларнинг тузилган суғурта шартномалари бўйича суғурта товонларига (суғурта тўловларига) доир мажбуриятларини (бундай мажбуриятларнинг бир қисмини) қайта суғурта қилиш, ўзи таъсис этилган мамлакатнинг миллий қонунчилигига мувофиқ қайта суғурта фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини олган чет эл суғурта ташкилотлари, қайта суғурта ва (ёки) брокерлик ташкилотлари томонидан амалга оширилиши мумкин.

9-модда. Биргаликдаги суғурта фаолияти

Биргаликдаги суғурта деганда битта суғурта шартномаси бўйича айни бир объектни бир нечта суғурталовчи томонидан биргаликда суғурта қилиш тушунилади.

Суғурта қилдирувчилар, суғурталанган шахслар, наф олувчилар суғурта шартномаси бўйича суғурта ҳодисаси юз берган тақдирда, бундай шартномада кўрсатилган исталган суғурталовчига суғурта товони (суғурта тўлови) тўғрисидаги талаб билан мурожаат қилишга ҳақли.

Лицензиясида тегишли суғурта класси кўрсатилмаган суғурта ташкилотининг биргаликдаги суғурта фаолиятида иштирок этиши тақиқланади.

10-модда. Суғурта (қайта суғурта) шерикчилиги

Суғурта (қайта суғурта) шерикчилиги деганда суғуртанинг айрим турлари ёки суғурта таваккалчиликлари бўйича суғурта фаолиятини биргаликдаги фаолият тўғрисидаги шартнома асосида биргаликда амалга оширувчи суғурталовчилар бирлашмаси тушунилади.

Суғурта шерикчилиги ўз иштирокчиларининг молиявий барқарорлигини таъминлаш, улар томонидан миқдори битта суғурта ташкилотининг ўз маблағларидан (капиталидан) ошиб кетиши мумкин бўлган суғурта товонлари бўйича мажбуриятларни бажариш учун ташкил этилади ҳамда биргаликдаги суғурта ёки қайта суғурта принциплари асосида фаолият кўрсатади.

Қайта суғурта шерикчилиги шерикчилик аъзолари томонидан қайта суғуртани суғурта шартномаси бўйича уларда қолдирилган маблағларидан ошадиган қисми бўйича амалга ошириш орқали шерикчилик аъзоларининг молиявий имкониятларини кўпайтириш учун ташкил этилади.

11-модда. Суғурта объектлари

Жисмоний шахсларнинг маълум бир ёшгача ёки муддатгача яшаши ёхуд жисмоний шахсларнинг ҳаётида бошқа воқеалар юз бериши, шунингдек уларнинг ўлими билан боғлиқ мулкий манфаатлар ёки жисмоний шахсларнинг соғлиғига зарар етказилиши, шунингдек бахтсиз ҳодиса ёки касаллик натижасида уларнинг ўлими билан боғлиқ мулкий манфаатлар ҳаётни суғурта қилиш объектлари бўлиши мумкин.

Тиббий хизматлар (тиббий ёрдам, дори-дармонлар билан таъминлаш) ҳамда бошқа хизматлар ташкил этилишини ва кўрсатилишини талаб этаётган шахс соғлиғининг ёки ҳолатининг бузилиши оқибатида бундай хизматларни ташкил этиш ва кўрсатиш учун, шунингдек шахснинг ҳаёти ёки соғлиғи учун хавфли бўлган таҳдидлар даражасини камайтирадиган ва (ёки) уларни бартараф этадиган профилактика тадбирларини ўтказиш учун ҳақ тўлаш билан боғлиқ мулкий манфаатлар тиббий суғурта объектлари бўлиши мумкин.

Мол-мулкнинг йўқотилиши (нобуд бўлиши), камомади ёки шикастланиши таваккалчилиги билан боғлиқ мулкий манфаатлар
мол-мулкни суғурта қилиш объектлари бўлиши мумкин.

Суғурта қилдирувчининг (суғурталанган шахснинг) даромадлар ололмаслик, жисмоний ва юридик шахсларнинг кутилмаган харажатлари юзага келиши таваккалчилиги билан боғлиқ мулкий манфаатлари мулкий суғуртада молиявий таваккалчиликларни суғурта қилиш объектлари бўлиши мумкин.

Тадбиркорнинг контрагентлари томонидан ўз мажбуриятлари бажарилмаганлиги сабабли тадбиркорлик фаолиятидан зарарлар юзага келиши ёки тадбиркорга боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра ушбу фаолиятнинг шартлари ўзгариши таваккалчилиги, шу жумладан кутилаётган даромадларни ололмаслик таваккалчилиги билан боғлиқ мулкий манфаатлар тадбиркорлик таваккалчиликларини суғурта қилиш объектлари бўлиши мумкин.

Қуйидагилар билан боғлиқ бўлган мулкий манфаатлар фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш объектлари бўлиши мумкин:

жисмоний шахсларнинг ҳаётига, соғлиғига ёки мол-мулкига, юридик шахсларнинг, давлатнинг мол-мулкига зарар етказганлик учун жавобгарлик юзага келиши таваккалчилиги;

шартнома шартларини бузганлик учун жавобгарлик юзага келиши таваккалчилиги.

12-модда. Суғурта фаолиятининг субъектлари

Суғурта бозорининг профессионал иштирокчилари суғурта фаолиятининг субъектларидир.

Суғурталовчилар, суғурта воситачилари, аджастерлар, актуарийлар, суғурта сюрвейерлари, ассистанс суғурта бозорининг профессионал иштирокчиларидир.

Суғурта брокери, қайта суғурта брокери ва суғурта агенти суғурта воситачиларидир.

13-модда. Суғурталовчи

Тегишли турдаги суғуртани амалга ошириш учун лицензияга эга бўлган ва суғурта шартномасига мувофиқ суғурта товони (суғурта тўлови) тўловини амалга ошириш мажбуриятини олувчи тижорат ташкилоти бўлган юридик шахс суғурталовчи деб эътироф этилади.

Суғурталовчилар суғуртани амалга ошириш билан бевосита боғлиқ бўлмаган тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши мумкин эмас, бундан ушбу Қонуннинг 14-моддасида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

14-модда. Суғурталовчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Суғурталовчи:

суғурта (қайта суғурта) шартномаларини тузишга;

ўз мажбуриятларини белгиланган тартибда қайта суғурта қилишга, шу жумладан Ўзбекистон Республикасидан ташқарида қайта суғурта қилишга;

инвестиция фаолиятини амалга оширишга;

қимматли қоғозлар бозорида инвестиция воситачиси сифатида профессионал фаолиятни амалга оширишга. Бунда мазкур фаолият турини амалга ошириш учун суғурталовчининг лицензия олиши талаб қилинмайди;

суғурта (қайта суғурта) соҳасидаги мутахассислар малакасини ошириш билан боғлиқ фаолиятни амалга оширишга;

суғурталовчи томонидан амалга ошириладиган суғурта турларига доир қоидаларни (шартларни) ишлаб чиқишга ва тасдиқлашга;

суғурта ҳодисаси рўй беришининг сабаблари ва ҳолатларини, шунингдек суғурта товони (суғурта тўлови) миқдорини белгилаш учун зарур бўлган тегишли ахборотни ва ҳужжатларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан, судлардан, тиббиёт, сейсмология, ветеринария, гидрометеорология ташкилотларидан ҳамда бошқа ташкилотлардан белгиланган тартибда сўрашга ва олишга;

суғурта агентлари, суғурта ва қайта суғурта брокерлари ҳамда суғурта бозорининг бошқа профессионал иштирокчилари билан тегишли шартномалар тузишга;

қонунчиликда ва (ёки) суғурта (қайта суғурта) шартномасида белгиланган ҳолларда ҳамда тартибда суғурта товонини (суғурта тўловини) тўлашни рад этишга, суғурта (қайта суғурта) шартномасини муддатидан илгари бекор қилишга;

суғурта (қайта суғурта) шартномасида назарда тутилган тартибда суғурта қилдирувчи томонидан тақдим этилган ахборотни текширишга, суғурта қилдирувчи томонидан суғурта шартномаси талаблари ва шартларининг бажарилиши устидан назорат олиб боришга;

чет эл суғурталовчиларига сюрвейер ва аджастер хизматлари кўрсатишга;

илгари суғурталовчи томонидан ўз эҳтиёжлари учун олинган ёки суғурта шартномасини амалга ошириш натижасида ўз ихтиёрига ўтган мол-мулкни реализация қилишга ёки ижарага беришга;

Ўзбекистон Республикасининг рейтинг ташкилотлари ва хорижий рейтинг ташкилотларидан ахборот олишга;

ўзининг алоҳида бўлинмаларини ташкил этишга ҳақли.

Суғурталовчи қонунчиликка ва ўзи тузган шартномаларга мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Суғурталовчи:

суғурта фаолияти тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этиши;

суғурта фаолиятини амалга ошириш чоғида олинган ахборотнинг махфийлигини қонунчилик талабларига мувофиқ таъминлаши;

ўзи ваколат берган суғурта агентларининг реестрини юритиши;

қонунчиликда белгиланган ахборотни ваколатли давлат органининг талабига биноан тақдим этиши;

суғурта ҳодисаси юз берган тақдирда, қонунчиликда ёки суғурта (қайта суғурта) шартномасида назарда тутилган муддатларда барча зарур ҳисоб-китобларни ва суғурта товони (суғурта тўлови) тўловларини амалга ошириши;

фирма номи, ташкилий-ҳуқуқий шакли ёки жойлашган ери (почта манзили) ўзгарган тақдирда, бу ҳақда ваколатли давлат органини ва суғурта қилдирувчиларни ушбу Қонунда белгиланган тартибда хабардор қилиши;

суғурта захираларини қонунчиликда белгиланадиган тартибда ва шартларда шакллантириши ҳамда жойлаштириши;

ҳар йили мажбурий аудиторлик текширувидан ўтиши;

ваколатли давлат органи томонидан белгиланган тартибда бир йилда камида бир марта актуар ташкилотни актуар хизматлар кўрсатиш учун жалб этиши;

ваколатли давлат органи томонидан белгиланган шаклда, тартибда ва муддатларда йиллик молиявий ҳисоботни эълон қилиши;

бухгалтерия ҳисобини юритиши, молиявий, статистика, солиқ ҳисоботларини ва бошқа ҳисоботларни тузиши шарт.

Суғурталовчининг зиммасида қонунчиликка ва ўзи тузган шартномаларга мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

15-модда. Суғурта брокери

Суғурта қилдирувчининг номидан ва топшириғига биноан суғурта шартномасини тузишни ҳамда унинг бажарилишини ташкил этишга доир фаолиятни амалга ошириш учун лицензияга эга бўлган юридик шахс суғурта брокеридир.

Суғурта брокерининг фаолияти суғурта соҳасидаги бошқа фаолият турлари билан қўшиб олиб борилиши мумкин эмас, бундан қайта суғурта брокерининг фаолияти мустасно.

Суғурта брокери суғурталовчининг устав фондида (устав капиталида) иштирок этишга ҳақли эмас.

Суғурта брокери ўзи ва суғурта қилдирувчи ўртасида тузилган шартнома асосида хизматлар кўрсатади.

16-модда. Қайта суғурта брокери

Ўз номидан ва қайта суғурта шартномаси бўйича суғурта қилдирувчи сифатида иштирок этувчи суғурталовчининг топшириғига биноан қайта суғурта шартномасини тузишни ҳамда унинг бажарилишини ташкил этишга доир фаолиятни амалга оширувчи юридик шахс қайта суғурта брокеридир.

Қайта суғурта брокери суғурталовчининг устав фондида (устав капиталида) иштирок этишга ҳақли эмас.

Қайта суғурта брокери ўзи ва суғурта қилдирувчи ўртасида тузилган шартнома асосида хизматлар кўрсатади.

17-модда. Суғурта ҳамда қайта суғурта брокерларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Суғурта ва қайта суғурта брокерлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

суғуртанинг (қайта суғуртанинг) ҳар қандай тури бўйича воситачилик фаолиятини ваколатлари доирасида амалга ошириш;

суғурта (қайта суғурта) шартномаси тузилган тақдирда, суғурталовчини танлаш;

суғурталовчидан лицензиянинг мавжудлиги, устав фондининг, суғурта захираларининг ҳамда қабул қилинган мажбуриятларнинг миқдорлари тўғрисида, шунингдек суғурталовчининг тўловга қобилиятлилиги ва молиявий барқарорлигига доир бошқа кўрсаткичлар ҳақида маълумотлар олиш;

эксперт ва маслаҳат хизматлари кўрсатиш.

Суғурта ва қайта суғурта брокерлари қонунчиликка ҳамда ўзи тузган шартномаларга мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Суғурта ва қайта суғурта брокерлари:

суғурта фаолияти тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этиши;

суғурта (қайта суғурта) шартномасини тузиш ва бажариш бўйича тўлиқ, ишончли ҳамда холисона ахборотни мижозларнинг сўровларига кўра тақдим этиши;

мижознинг тижорат сирини ва бошқа сирини ташкил этадиган маълумотларни ошкор қилмаслиги;

қонунчиликда белгиланган ахборотни ваколатли давлат органининг талабига кўра тақдим этиши;

фирма номи, ташкилий-ҳуқуқий шакли ва (ёки) жойлашган ери ўзгарган тақдирда, бу ҳақда ваколатли давлат органини ҳамда суғурталовчиларни хабардор қилиши;

қонунчиликда белгиланган тартибда бухгалтерия ҳисобини юритиши, молиявий, статистика, солиқ ҳисоботларини ва бошқа ҳисоботларни тузиши шарт.

Суғурта ва қайта суғурта брокерларининг зиммасида қонунчиликка ҳамда ўзи тузган шартномаларга мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

18-модда. Суғурта агенти

Суғурталовчининг номидан ва топшириғига биноан суғурта шартномасини тузишни ҳамда унинг бажарилишини ташкил этишга доир фаолиятни амалга оширувчи жисмоний ёки юридик шахс суғурта агентидир.

Суғурталовчининг бошқарув органлари раҳбарлари ва ходимлари суғурта агенти сифатида иш юритиши мумкин эмас.

Суғурта агенти ўз фаолиятини суғурталовчилар билан тузилган топшириқ шартномалари (агент битимлари) асосида амалга оширади.

Суғурта агенти фақат ўзи билан топшириқ шартномаси (агент битими) тузган суғурталовчининг реестрига киритилганидан кейин ўз фаолиятини амалга ошириши мумкин.

Қуйидагиларга:

суғурта агентининг тегишли турдаги суғуртани амалга ошириш учун лицензияга эга бўлмаган суғурталовчилар номидан суғурта шартномалари тузишига;

агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида суғурта бўйича суғурта агентининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида белгиланган тартибда рўйхатга олинмаган чет эл суғурта ташкилотлари номидан суғурта шартномалари тузиш билан боғлиқ бўлган воситачилик фаолиятига йўл қўйилмайди.

Жисмоний шахс бўлган суғурта агенти ўз номига, яқин қариндошлари (ота-онаси, туғишган ва ўгай ака-ука ва опа-сингиллари, эри, хотини, фарзандлари, шу жумладан фарзандликка олинганлар, бобоси, бувиси, неваралари, шунингдек эрининг, хотинининг ота-онаси, туғишган ҳамда ўгай ака-ука ва опа-сингиллари) номига суғурта шартномалари бўйича ҳужжатлар ёзишга, шунингдек ўз фойдасига суғурта шартномалари тузишга ҳамда бунда мазкур суғурта шартномаси бўйича суғурта агенти сифатида иш юритишга ҳақли эмас.

19-модда. Суғурта агентининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Суғурта агенти қуйидаги ҳуқуқларга эга:

суғурталовчи томонидан берилган ваколатлар доирасида суғуртанинг ҳар қандай тури, шу жумладан мажбурий суғурта турлари бўйича ҳам воситачилик фаолиятини амалга ошириш;

суғуртага қабул қилинаётган суғурта таваккалчилигини баҳолашда, суғурта ҳодисаси юз берганда суғурта товонини (суғурта тўловини) тўлашда ва суғурта қилдирувчининг суғурта мукофотини тўлиқ ҳажмда ҳамда суғурта шартномасида белгиланган муддатларда тўлашида зарур кўмак кўрсатиш;

лицензиянинг мавжудлиги, устав фондининг, суғурта захираларининг ҳамда қабул қилинган мажбуриятларнинг миқдорлари тўғрисида, шунингдек суғурталовчининг тўловга қобилиятлилигига ва молиявий барқарорлигига доир бошқа кўрсаткичлар ҳақида суғурталовчидан маълумотлар олиш;

суғурта шартномаси (суғурта полиси) тузиш учун зарур ҳужжатларни расмийлаштириш;

суғурта қилдирувчидан қабул қилиб олинаётган таваккалчиликлар тўғрисида суғурталовчига тўлиқроқ ахборот бериш мақсадида ҳамма учун очиқ бўлган манбалардан таваккалчилик ва суғурта қилдирувчи ҳақида суғурта қилдирувчининг шахсий ҳаётига аралашмаган ҳолда маълумотлар тўплаш.

Суғурта агенти қонунчиликка ва ўзи тузган шартномаларга мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Суғурта агенти:

суғурта фаолияти тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этиши;

суғурта шартномасини тузиш ва суғурта товонини (суғурта суммасини) тўлаш чоғида ҳужжатларни ўз вақтида расмийлаштиришга кўмаклашиши;

суғурта тарифлари, суғурталовчилар томонидан таклиф этилаётган суғурта шартлари ҳақида, лицензиянинг мавжудлиги, устав фондининг, суғурта захираларининг ҳамда қабул қилинган мажбуриятларнинг миқдорлари тўғрисида, шунингдек суғурталовчининг тўловга қобилиятлилиги ва молиявий барқарорлигига доир бошқа кўрсаткичлар ҳақида ахборотга эга бўлиши;

суғурта шартномасини расмийлаштириш чоғида суғурта қилдирувчи тўғрисида зарур ахборотга эга бўлиши, унга суғурта таваккалчилигини пасайтиришга ва суғурта ҳодисаси юз бериши эҳтимолини камайтиришга қаратилган аниқ тадбирларни амалга оширишни таклиф этиши;

суғурта қилдирувчиларнинг сўровига кўра уларни суғуртанинг амалдаги шартлари тўғрисида хабардор қилиши;

суғурта шартномаларини белгиланган тартибда тузиши ва янги муддатга ўз вақтида қайта расмийлаштириши;

тузилган суғурта шартномалари ва олинган суғурта мукофотлари суммалари ҳисобини белгиланган шаклда юритиши;

суғурта ҳужжатларининг бут сақланишини таъминлаши;

мижознинг тижорат сирини ёки бошқа сирини ташкил этадиган маълумотларнинг махфийлигини сақлаши;

суғурта шартномасининг амал қилиш муддати ичида таваккалчилик шартлари жиддий равишда ўзгарганлигига тааллуқли ахборот суғурталовчи томонидан ўз вақтида олинишини, шунингдек суғурта эътирозлари юзага келганда ҳамда уларни тартибга солиш жараёнида суғурталовчи ва суғурта қилдирувчи ўртасида ахборотнинг ўз вақтида алмашинишини таъминлаши;

тегишли битим мавжуд бўлган тақдирда, суғурталовчининг топшириғига кўра ва унинг ҳисобидан суғурта товони (суғурта тўлови) тўланишини ташкил этиши шарт.

Суғурта агентининг зиммасида қонунчиликка ва ўзи тузган шартномаларга мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

20-модда. Аджастер

Аджастер суғурталовчининг, суғурта қилдирувчининг ва бошқа буюртмачининг топшириғи бўйича қуйидаги хизматларни кўрсатадиган, ўз штатида тегишли мутахассисларга эга бўлган юридик шахс ёки профессионал билим ва малакага эга бўлган жисмоний шахсдир:

суғурта ҳодисаси юз берганидан кейин суғурта объектини кўздан кечириш ва текшириш;

суғурта ҳодисаси фактларини ва таваккалчилик ҳолатларини таҳлил қилиш;

суғурта объектининг шикастланиш сабабларини ва суғурта ҳодисаси мавжудлигини аниқлаш;

суғурта ҳодисаси мавжуд бўлган тақдирда – суғурта ҳодисаси оқибатида вужудга келган шикастланиш даражасини ва зарар миқдорини аниқлаш;

тўланиши лозим бўлган суғурта товони (суғурта тўлови) суммасини аниқлаш;

суғурта ҳодисаси бўйича хулоса тузиш.

Аджастер ўз фаолиятини суғурталовчи, суғурта қилдирувчи ва бошқа буюртмачи билан тузилган шартномага мувофиқ амалга оширади.

Аджастер:

суғурталовчи сифатида суғурта ва қайта суғурта операцияларини ўтказишга;

суғурта бўйича воситачилик фаолиятини амалга оширишга;

суғурталовчиларнинг устав фондларида (устав капиталларида) иштирок этишга;

суғурта қилдирувчининг вакили сифатида суғурта товони (суғурта тўлови) суммасини олишга ҳақли эмас.

Аджастер хизмати кўрсатиш натижалари ҳисобот тарзида расмийлаштирилиб, суғурталовчи ундан зарарларнинг ўрнини қоплаш ва низоларни ҳал қилиш чоғида фойдаланиши мумкин.

Аджастернинг ҳисоботидаги хулосалар мустақил суғурта экспертизаси жараёнида қайта кўриб чиқилиши мумкин.

21-модда. Аджастернинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Аджастер қуйидаги ҳуқуқларга эга:

аджастер хизматлари кўрсатиладиган суғурталовчини, суғурта қилдирувчини ва бошқа буюртмачиларни эркин танлаш;

суғурта воқеасини (суғурта ҳодисасини) ўрганиш учун суғурталовчидан, суғурта қилдирувчидан ва бошқа буюртмачилардан зарур ахборотни сўраш ҳамда олиш;

суғурта ҳодисаси юз берганидан кейин суғурта объектини кўздан кечириш ва текшириш;

ўзи суғурта объектини сиртдан (зарур бўлганда – техника воситаларини қўллаган ҳолда) кўздан кечирганлиги тўғрисидаги далолатномани расмийлаштириш;

суғурта ҳодисаси рўй беришининг сабаблари ва ҳолатларини, шунингдек суғурта товони (суғурта тўлови) миқдорини аниқлаш учун зарур бўлган тегишли ахборотни ва ҳужжатларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан, судлардан, тиббиёт, сейсмология, ветеринария, гидрометеорология ташкилотларидан ҳамда бошқа ташкилотлардан белгиланган тартибда сўраш ва олиш.

Аджастер қонунчиликка ва ўзи тузган шартномаларга мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Аджастер:

суғурта фаолияти тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этиши;

суғурта ҳужжатларининг бут сақланишини таъминлаши;

мижознинг тижорат сирини ёки бошқа сирини ташкил этадиган маълумотларнинг махфийлигини сақлаши;

суғурта ҳодисасига тааллуқли маълумотларни ўз вақтида таҳлил қилиш учун чоралар кўриши;

қонунчиликда белгиланган ахборотни ваколатли давлат органининг талабига кўра тақдим этиши шарт.

Аджастернинг зиммасида қонунчиликка ва ўзи тузган шартномаларга мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

22-модда. Актуар ташкилот ва актуарий

Актуар ташкилот қуйидагиларни ўз ичига оладиган актуар хизматлари кўрсатувчи юридик шахсдир:

суғурта воқеаси юз беришининг математик жиҳатдан эҳтимоллиги ҳисоб-китобларини амалга оширишни, ҳам алоҳида таваккалчилик гуруҳларида, ҳам умуман суғурта мажмуи бўйича зарар етказилишининг такрорийлигини ва унинг оқибатларининг оғирлик даражасини белгилашни;

суғурталовчининг зарур суғурта захиралари ва фондларини математик жиҳатдан асослаш ҳамда ҳисоб-китоб қилишни, уларни шакллантириш усулларини ишлаб чиқишни;

суғурталовчининг инвестициялар сифатида тўпланган бадаллардан фойдаланишида капитал қўйилма нормаси ва нетто-ставка миқдори ўртасидаги боғлиқликни тариф ставкаларини инвестиция даромади суммасига камайтиришга имкон берадиган тарзда аниқлашни;

суғурталовчилар ва қайта суғурталовчилар капиталининг етарлилик кўрсаткичини ҳисоблашни, шунингдек активлар сифатини таъминлаш механизмларини белгилашни;

суғурта жараёнини ташкил этиш учун зарур харажатларни асослашни ва суғурта хизматлари таннархини ҳисоб-китоб қилишни;

суғуртанинг (қайта суғуртанинг) ҳар бир тури бўйича тариф ставкаларини суғурталовчилар учун уларни ўтказишнинг узоқ муддатли ва қисқа муддатли хусусиятини ҳисобга олган ҳолда белгилашни;

суғурталовчининг инвестиция фаолияти натижаларини актуар ҳисоб-китоблардан фойдаланган ҳолда баҳолашни;

суғурталовчининг даромадларини суғуртанинг (қайта суғуртанинг) ҳар хил турлари бўйича режалаштиришни;

актуар ҳисоб-китобларни амалга ошириш бўйича дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқишни;

суғурта билан боғлиқ бошқа актуар хизматларини кўрсатишни.

Актуар ташкилот шартномага мувофиқ тўлов асосида фақат актуар хизматларини кўрсатиши мумкин.

Актуарий қонунчиликда белгиланган тартибда актуарий малака сертификатини олган ва актуар ташкилот штатида турган ёки актуар ташкилот билан фуқаролик-ҳуқуқий шартнома тузган жисмоний шахсдир.

Актуарий сифатсиз актуар хизматларини кўрсатганлик, тижорат сирини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ошкор қилганлик ва актуар ташкилотнинг зарар кўришига олиб келган ўзга хатти-ҳаракатлари натижасида етказилган зарар учун актуар ташкилот олдида жавобгар бўлади.

Актуар ташкилот ўз штатида камида битта актуарийга эга бўлиши керак.

Актуарий:

суғурталовчи сифатида суғурта ва қайта суғурта операцияларини ўтказишга;

суғурта бўйича воситачилик фаолиятини амалга оширишга;

суғурталовчиларнинг (қайта суғурталовчиларнинг) устав фондларида (устав капиталларида) иштирок этишга ҳақли эмас.

Актуарий фаолиятининг натижалари ҳисобот тарзида расмийлаштирилади.

Актуарийнинг ҳисоботидаги хулосалар мустақил суғурта экспертизаси жараёнида қайта кўриб чиқилиши мумкин.

23-модда. Актуар ташкилотнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Актуар ташкилот қуйидаги ҳуқуқларга эга:

актуар хизматлари кўрсатиладиган суғурталовчини ва бошқа буюртмачиларни эркин танлаш;

актуар хулосасини тузиш учун зарур бўлган ахборот суғурталовчи ва бошқа буюртмачилар томонидан тақдим этилмаган тақдирда, актуар хизматлари кўрсатишни рад этиш;

бошқа актуар ташкилотларни ва ўзга мутахассисларни актуар хизматлари кўрсатишда иштирок этишга белгиланган тартибда жалб қилиш.

Актуар ташкилот қонунчиликка ва ўзи тузган шартномаларга мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Актуар ташкилот:

суғурта фаолияти тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этиши;

актуар хизматлари кўрсатиш чоғида олинган ахборотнинг махфийлигига риоя этиши;

актуар хулосасида актуар ҳисоб-китобларнинг камчиликлари фактларини ва уларни бартараф этишга доир таклифларни акс эттириши;

қонунчиликда белгиланган ахборотни ваколатли давлат органининг талабига кўра тақдим этиши шарт.

Актуар ташкилотнинг зиммасида қонунчиликка ва ўзи тузган шартномаларга мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

24-модда. Суғурта сюрвейери

Суғурта сюрвейери қуйидагилар бўйича хизматлар кўрсатувчи, ўз штатида тегишли мутахассисларга эга бўлган юридик шахс ёки профессионал билим ва малакага эга бўлган жисмоний шахсдир:

суғурта (қайта суғурта) шартномаси тузилгунига қадар суғурта (қайта суғурта) объектини кўздан кечириш ва текшириш;

суғурта (қайта суғурта) шартномаси тузилгунига қадар барча фактларни ва таваккалчилик ҳолатларини таҳлил қилиш, таваккалчилик даражасини аниқлаш;

текширилаётган суғурта объекти бўйича хулоса тузиш.

Суғурта экспертизасини ўтказишга ваколатли бўлган мутахассисларнинг (экспертларнинг) иш тартиби суғурта сюрвейери томонидан белгиланади.

Суғурта сюрвейери ўз фаолиятини суғурталовчи ёки суғурта қилдирувчи билан тузилган шартномага мувофиқ амалга оширади.

Суғурта сюрвейери:

суғурталовчи сифатида суғурта ва қайта суғурта операцияларини ўтказишга;

суғурта бўйича воситачилик фаолиятини амалга оширишга;

суғурталовчиларнинг устав фондларида (устав капиталларида) иштирок этишга ҳақли эмас.

Суғурта сюрвейери ишининг натижалари бўйича ҳисобот тақдим этилиб, суғурталовчи ёки суғурта қилдирувчи бу ҳисоботдан суғурта (қайта суғурта) шартномасини тузиш чоғида фойдаланиши мумкин.

Суғурта сюрвейерининг ҳисоботидаги хулосалар мустақил суғурта экспертизаси жараёнида қайта кўриб чиқилиши мумкин.

25-модда. Суғурта сюрвейерининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Суғурта сюрвейери:

хизматлар кўрсатиладиган суғурталовчини ёки суғурта қилдирувчини эркин танлашга;

суғурта объектини ўрганиш учун суғурта қилдирувчидан ёки суғурталовчидан зарур ахборотни сўрашга ва олишга;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларидан, фаолияти суғурта объектларига дахлдор бўлган бошқа ташкилотлардан зарур маълумотларни сўрашга ва олишга ҳақли.

Суғурта сюрвейери қонунчиликка ва ўзи тузган шартномаларга мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Суғурта сюрвейери:

суғурта фаолияти тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этиши;

суғурта экспертизасини ўтказиш учун тарафлар тақдим этган ҳужжатларнинг бут сақланишини таъминлаши;

мижознинг тижорат сирини ёки бошқа сирини ташкил этадиган маълумотларнинг махфийлигини сақлаши;

қонунчиликда белгиланган ахборотни ваколатли давлат органининг талабига кўра тақдим этиши шарт.

Суғурта сюрвейерининг зиммасида қонунчиликка ва ўзи тузган шартномаларга мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

26-модда. Ассистанс

Ассистанс суғурта қилдирувчиларга (суғурталанган шахсларга, наф олувчиларга) ҳамда суғурталовчиларга суғурта шартномаси доирасида ассистанс хизматлари, техник, тиббий ва бошқа хизматлар кўрсатувчи, шунингдек уларга молиявий кўмак берувчи жисмоний ёки юридик шахсдир.

Ассистанс ўз фаолиятини суғурталовчи билан тузилган шартномага мувофиқ амалга оширади.

Ассистанс хизматларига суғурта қилдирувчиларнинг (суғурталанган шахсларнинг) иштирокисиз фақат суғурталовчилар томонидан ҳақ тўланади.

Ассистанс:

суғурталовчи сифатида суғурта ва қайта суғурта операцияларини ўтказишга;

суғурта бўйича воситачилик фаолиятини амалга оширишга;

суғурталовчиларнинг устав фондларида (устав капиталларида) иштирок этишга ҳақли эмас.

27-модда. Ассистанснинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Ассистанс қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ассистанс хизматлари кўрсатилиши бўйича суғурталовчилар билан мустақил равишда шартнома тузиш;

ассистанс хизматлари кўрсатилиши учун зарур бўлган барча ахборот суғурталовчи томонидан тақдим этилмаган тақдирда, ассистанс хизматлари кўрсатишни рад этиш;

тегишли мутахассисларни ассистанс хизматлари кўрсатишда иштирок этишга белгиланган тартибда жалб қилиш.

Ассистанс қонунчиликка ва ўзи тузган шартномаларга мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Ассистанс:

суғурта фаолияти тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этиши;

суғурта қилдирувчилардан (суғурталанган шахслардан) суғурта воқеалари (суғурта ҳодисалари) тўғрисидаги хабарлар кеча-кундуз қабул қилинишини ташкил этиши ва суғурта қилдирувчиларга (суғурталанган шахсларга) суғурта шартномаси доирасида, тақдим этилган суғурта полиси асосида зарур ёрдам кўрсатиши;

суғурта ҳодисаларини кўриб чиқиш ва тартибга солиш чораларини кўриши;

қонунчиликда белгиланган ахборотни ваколатли давлат органининг талабига кўра тақдим этиши шарт.

Ассистанснинг зиммасида қонунчиликка ва ўзи тузган шартномаларга мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

28-модда. Суғурта бозори профессионал иштирокчиларининг уюшмалари

Агар суғурта бозори профессионал иштирокчиларининг уюшмаларини ва бошқа бирлашмаларини ташкил этиш қонунчилик талабларига зид келмаса, суғурта бозорининг профессионал иштирокчилари ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда биргаликдаги тадбирларни (чораларни) амалга ошириш мақсадида уюшмалар ва бошқа бирлашмалар ташкил этиши мумкин.

3-боб. Суғурта шартномаси ва қоидалари

29-модда. Суғурта шартномаси

Суғурта қилиш суғурта қилдирувчи ва суғурталовчи ўртасида тузиладиган суғурта шартномаси асосида амалга оширилади.

Суғурта шартномаси суғурталовчи ва суғурта қилдирувчи ўртасида ёзма ёки электрон шаклда тузилган битим бўлиб, суғурта қилдирувчи унга мувофиқ суғурта мукофотини (суғурта бадалини) суғурта шартномасида белгиланган тартибда, муддатларда ва ҳажмда тўлайди ҳамда суғурта шартномасида ёки қонунчиликда назарда тутилган бошқа мажбуриятларни бажаради, суғурталовчи эса суғурта шартномасида кўрсатилган муайян воқеа (суғурта ҳодисаси) юз берганда суғурта товонини (суғурта тўловини) тўлаш мажбуриятини ўз зиммасига олади.

Суғурта шартномаларида франшиза назарда тутилиши мумкин.

Франшиза ҳам суғурта суммасининг фоизларида, ҳам муайян суммада белгиланиши мумкин ҳамда шартли ва шартсиз франшизага бўлинади. Суғурта шартномасида франшизанинг бошқа турлари назарда тутилиши мумкин.

Суғурта шартномасининг ёзма ёки электрон шаклини тузишга доир талабларга риоя этмаслик ушбу шартноманинг ҳақиқий эмаслигига сабаб бўлади.

Ваколатли давлат органи суғурта шартномаси шартларига қўйиладиган энг кам талабларни белгилаш ҳуқуқига эга.

30-модда. Суғурта қоидалари

Суғурта қоидалари (бундан халқаро суғурта тизимлари доирасида қабул қилинадиган суғурта қоидалари мустасно) суғурталовчи ёки суғурталовчиларнинг бирлашмаси томонидан қабул қилинади ҳамда тасдиқланади ва суғуртанинг асосий қоидаларини ўз ичига олиши керак.

Суғуртанинг асосий қоидалари қуйидаги тушунчаларни ўз ичига олиши керак:

суғурта субъектлари;

суғурта объектлари;

суғурта ҳодисалари;

суғурта таваккалчиликлари;

суғурта суммаси, суғурта тарифи ва суғурта мукофотини (суғурта бадалларини) аниқлаш тартиби;

суғурта шартномаларини тузиш, бажариш ва тугатиш тартиби;

тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

зарарларнинг ёки зиённинг миқдорини аниқлаш тартиби;

суғурта товонини (суғурта тўловини) аниқлаш тартиби;

суғурта товонини (суғурта тўловини) амалга ошириш муддатлари, шунингдек суғурта товонини (суғурта тўловини) рад этиш асосларининг батафсил рўйхати ва бошқа қоидалар.

31-модда. Суғурта қилдирувчи ва суғурталовчи ўртасида электрон шаклдаги ахборот алмашинувининг ўзига хос хусусиятлари

Суғурта қилдирувчи (суғурталанган шахс, наф олувчи) томонидан суғурталовчига суғурта шартномасини тузиш, ўзгартириш, муддатидан олдин тугатиш учун, суғурта қоидаларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда суғурта товонини (суғурта тўловини) олиш учун электрон шаклдаги ахборотни (суғурта шартномасини тузиш, ўзгартириш, муддатидан олдин тугатиш тўғрисидаги аризани, суғурта ҳодисаси юз берганлиги ҳақидаги билдиришномани, суғурта товонини (суғурта тўловини) тўлаш тўғрисидаги аризани ва (ёки) бошқа ҳужжатларни) яратиш ҳамда жўнатиш суғурталовчининг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтидан, шунингдек мобиль иловалардан, электрон почтадан ва ахборот алмашишнинг бошқа усулларидан фойдаланилган ҳолда амалга оширилади. Суғурталовчининг расмий веб-сайтидан ушбу ахборот тизимининг оператори бўлган суғурта қилдирувчи ва суғурталовчи ўртасида электрон шаклдаги ахборот алмашинувини таъминлайдиган ахборот тизими сифатида фойдаланилиши мумкин.

Ушбу моддада назарда тутилган ҳаракатларни бажариш учун суғурталовчининг расмий веб-сайтига киришни суғурта қилдирувчи (суғурталанган шахс, наф олувчи) идентификациялаш ва аутентификациялаш тизимидан фойдаланган ҳолда амалга ошириши мумкин.

Суғуртани электрон шаклда амалга ошириш чоғида электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ёхуд электрон рақамли имзосиз тақдим этилган электрон шаклдаги ахборот суғурта шартномаси, шу жумладан суғурталовчининг электрон рақамли имзоси билан имзоланган қайси суғурта шартномаси (полиси) шартларига суғурта қилдирувчи офертани (суғурта шартномаси тузиш таклифини) қабул қилиш ва суғурта мукофоти тўлаш орқали ўз розилигини берган бўлса, ўша суғурта шартномаси (полиси) шартларига мувофиқ қоғоздаги ҳужжатга тенг ҳужжат деб эътироф этилади.

Ихтиёрий суғуртани амалга ошириш чоғида суғурта қилдирувчи (суғурталанган шахс, наф олувчи) ва суғурталовчи ўртасида электрон ҳужжатлардан фойдаланишга доир талаблар ҳамда электрон шаклда ахборот алмашиш тартиби суғурта қоидаларида ва (ёки) мазкур шахслар ўртасидаги бошқа келишувда белгиланади.

32-модда. Суғурта шартномаси иштирокчилари

Суғурталовчилар, суғурта қилдирувчилар, суғурталанган шахслар, наф олувчилар ва манфаатдор шахслар суғурта шартномасининг иштирокчилари сифатида иш юритиши мумкин.

Суғурталовчи билан суғурта шартномасини тузувчи ва суғурта мукофотини (суғурта бадалларини) тўловчи юридик шахс ёки муомалага лаёқатли жисмоний шахс суғурта қилдирувчидир.

Суғурта қилдирувчилар учинчи шахсларни (суғурталанган шахсларни) суғурта қилиш тўғрисида фақат уларнинг розилиги мавжуд бўлган тақдирдагина суғурталовчилар билан шартномалар тузиши мумкин, бундан қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Суғуртада иштирок этаётган, мулкий манфаатлари суғурта ҳимоясининг объекти бўлган жисмоний шахс суғурталанган шахсдир.

Суғурталанган шахс, агар ўзига нисбатан суғурта шартномасини тузса ва ҳисобланган суғурта мукофотини тўласа, суғурта қилдирувчи ҳам бўлиши мумкин.

Суғурта қилдирувчи (суғурталанган шахс) томонидан суғурта товонини ёки суғурта тўловини олувчи сифатида тайинланган жисмоний ёки юридик шахс наф олувчидир.

Наф олувчи суғурта шартномаси ҳақидаги ахборотни суғурта қилдирувчидан, суғурталанган шахсдан ёки суғурталовчидан олишга ҳақли.

33-модда. Суғурта мукофоти

Суғурталовчи суғурта шартномаси бўйича тўланиши лозим бўлган суғурта мукофотининг миқдорини белгилашда ўзи ишлаб чиққан суғурта тарифларини қўллашга ҳақли бўлиб, бу тарифлар суғурта объекти ва суғурта таваккалчилигининг хусусияти ҳисобга олинган ҳолда суғурта суммаси бирлигидан ундириладиган мукофотни белгилайди.

Суғуртанинг айрим турлари бўйича суғурта мукофотининг миқдори Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган суғурта тарифларига мувофиқ аниқланади.

34-модда. Суғурта товонини (суғурта тўловини) тўлаш

Суғурталовчи суғурта шартномасида кўрсатилган шахсга фақат суғурта ҳодисаси юз берган тақдирда суғурта товонини (суғурта тўловини) тўлаши шарт.

Суғурталовчи қуйидагиларга ҳақли эмас:

агар у суғурта шартномасида ёки қонунда кўрсатиб ўтилган суғурта ҳодисаси юз берганлиги тўғрисидаги далилларни олган бўлса, суғурта шартномасида белгиланган муддатда суғурта товонини (суғурта тўловини) тўлашни рад этишга;

агар суғурта ҳодисасининг юз бериши суғурта қилдирувчининг (суғурталанган шахснинг ва (ёки) наф олувчининг) суғурта ҳодисаси юз беришига қаратилган қасддан қилган ҳаракатлари натижасида келиб чиққан бўлса, суғурта товонини (суғурта тўловини) тўлашга. Бундай ҳолда суғурталовчи тўланган суғурта мукофотини қайтармайди.

Тарафларнинг келишувига кўра, суғурталовчи зарарларни тўлиқ ҳисоб-китоб қилгунига қадар суғурта товонининг бир қисмини тарафлардан бирортаси ҳам низолашмайдиган миқдорда тўлаши мумкин.

4-боб. Суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг), суғурта брокерининг ҳамда уларнинг алоҳида бўлинмаларининг раҳбарига ва бош бухгалтерига қўйиладиган талаблар

35-модда. Умумий талаблар

Суғурталовчиларнинг (қайта суғурталовчиларнинг), суғурта брокерларининг ҳамда улар алоҳида бўлинмаларининг раҳбарлари ва бош бухгалтерлари, башарти улар ушбу Қонунда белгиланган малака талабларига мувофиқ бўлса, тайинланади.

Суғурталовчи (қайта суғурталовчи) ва суғурта брокери номзоднинг ушбу Қонунда белгиланган малака талабларига мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжатларни номзод ваколатли давлат органига суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) ва суғурта брокерининг, шунингдек уларнинг алоҳида бўлинмаларининг раҳбари ёки бош бухгалтери лавозимига тайинлангунига қадар тақдим этиши шарт.

36-модда. Суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) ва суғурта брокерининг раҳбарига ва бош бухгалтерига қўйиладиган малака талаблари

Суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) ва суғурта брокерининг раҳбари қуйидаги малака талабларига мувофиқ бўлиши керак:

олий маълумотга эга бўлиш;

иқтисодий, молиявий, юридик ихтисосликка эга бўлган мутахассислар учун суғурта соҳасида камида уч йиллик иш стажининг (суғурта агенти сифатидаги, шунингдек ёрдамчи, техник ва хизмат кўрсатувчи ходим лавозимларидаги иш стажини ҳисобга олмаган ҳолда) мавжудлиги;

бошқа ихтисосликка эга бўлган мутахассислар учун суғурта соҳасида камида етти йиллик иш стажининг (суғурта агенти сифатидаги, шунингдек ёрдамчи, техник ва хизмат кўрсатувчи ходим лавозимларидаги иш стажини ҳисобга олмаган ҳолда) мавжудлиги.

Суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) ва суғурта брокерининг бош бухгалтери «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган талабларга мувофиқ бўлиши керак.

37-модда. Суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) ва суғурта брокерининг алоҳида   бўлинмаси раҳбарига ва бош бухгалтерига қўйиладиган малака талаблари

Суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) ва суғурта брокерининг алоҳида бўлинмаси раҳбари қуйидаги малака талабларига мувофиқ бўлиши керак:

олий маълумотга эга бўлиш;

суғурта соҳасида камида бир йиллик иш стажининг (суғурта агенти сифатидаги, шунингдек ёрдамчи, техник ва хизмат кўрсатувчи ходим лавозимларидаги иш стажини ҳисобга олмаган ҳолда) мавжудлиги.

Суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) ва суғурта брокерининг алоҳида бўлинмаси бош бухгалтери қуйидаги малака талабларига мувофиқ бўлиши керак:

олий (бухгалтерлик, аудиторлик, молиявий, иқтисодий) маълумотга эга бўлиш;

бухгалтер сифатида камида бир йиллик иш стажининг мавжудлиги.

38-модда. Суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг),суғурта брокерининг ҳамда уларнинг алоҳида бўлинмаларининг раҳбарига ва бош бухгалтерига қўйиладиган қўшимча талаблар

Раҳбар (бош бухгалтер) томонидан амалга ошириладиган ҳаракатлар юридик шахсни банкротликка ёки уни тугатиш тўғрисида суд томонидан қарор чиқарилишига олиб келганлиги ҳақидаги фактлар мавжуд бўлган тақдирда, уни банкрот деб топилган ёки суд томонидан уни тугатиш тўғрисида қарор чиқарилган пайтга қадар бир йил давомида юридик шахснинг раҳбари (бош бухгалтери) бўлган шахс суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг), суғурта брокерининг ҳамда уларнинг алоҳида бўлинмаларининг раҳбари (бош бухгалтери) этиб тайинланиши мумкин эмас.

5-боб. Суғурта бозорининг профессионал иштирокчиларини давлат рўйхатидан ўтказиш, уларнинг фаолиятини лицензиялаш, уларни қайта ташкил этиш ва тугатиш

39-модда. Суғурта бозорининг профессионал иштирокчиларини ташкил этиш ва давлат рўйхатидан ўтказиш

Суғурталовчилар (қайта суғурталовчилар) акциядорлик жамияти шаклида ташкил этилади.

Юридик шахс бўлган суғурта бозорининг бошқа профессионал иштирокчилари қонун ҳужжатларида назарда тутилган ташкилий-ҳуқуқий шаклларда ташкил этилади.

40-модда. Суғурталовчиларнинг (қайта суғурталовчиларнинг) устав фонди (устав капитали)

Суғурталовчилар (қайта суғурталовчилар) устав фондининг (устав капиталининг) энг кам миқдори қонунчиликда белгиланади.

Суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) устав фонди (устав капитали) суғурта ташкилотининг муассислари томонидан киритилган пул маблағларидан ташкил топади ҳамда миллий валютада ифодаланади.

Суғурталовчининг устав фондини шакллантириш учун кредитга, гаровга олинган маблағлардан ва бошқа жалб қилинган маблағлардан фойдаланишга йўл қўйилмайди.

Устав фондининг (устав капиталининг) энг кам миқдори лицензия олиш тўғрисида ариза бериладиган пайтга қадар суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) таъсисчилари томонидан шакллантирилган бўлиши керак.

Суғурталовчи (қайта суғурталовчи) бошқа суғурталовчиларнинг (қайта суғурталовчиларнинг) устав фондида (устав капиталида) иштирок этишига йўл қўйилмайди, бундан суғуртанинг бошқа тармоқларидаги суғурталовчиларнинг (қайта суғурталовчиларнинг) устав фондида (устав капиталида) ўзаро иштирокини чеклаш шартларида иштирок этиш ҳоллари мустасно.

41-модда. Суғурталовчиларнинг (қайта суғурталовчиларнинг) ва суғурта брокерларининг фирма номига доир талаблар

Суғурталовчиларнинг (қайта суғурталовчиларнинг) ва суғурта брокерларининг фирма номида илгари ташкил этилган суғурталовчиларнинг (қайта суғурталовчиларнинг) ва суғурта брокерларининг фирма номи билан адаштириб юбориш даражасида бир хил ёки уларга айнан ўхшаш бўлган белгилардан фойдаланилишига йўл қўйилмайди, бундан суғурталовчиларнинг (қайта суғурталовчиларнинг) ва суғурта брокерларининг филиаллари номлари мустасно.

Фирма номи, ташкилий-ҳуқуқий шакли ёки жойлашган ери (почта манзили) ўзгарган тақдирда, суғурталовчи (қайта суғурталовчи) ва суғурта брокери оммавий ахборот воситалари орқали бу ҳақда суғурта қилдирувчиларни хабардор қилиши, ўзи бажараётган, бир йилдан ортиқ муддатга мўлжалланган шартномалар бўйича эса ёзма шаклда ёки ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда электрон ҳужжат шаклида хабардор қилиши шарт.

«Суғурта» атамасидан ёки бу атама қўшиб ясалган сўз бирикмаларидан фақат суғурта фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлган юридик шахслар томонидан фирма номида ёки товар белгисида (хизмат кўрсатиш белгисида) фойдаланилади.

Суғурта фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлган юридик шахслар «суғурта» атамасини ўз фирма номига киритиши шарт.

42-модда. Суғурта фаолиятини лицензиялаш

Суғурталовчиларнинг (қайта суғурталовчиларнинг) ва суғурта брокерларининг суғурта фаолияти қонунчиликда белгиланган тартибда ваколатли давлат органи томонидан бериладиган лицензиялар асосида амалга оширилади.

Лицензия суғурталовчига ҳаётни суғурта қилиш соҳасида ёки умумий суғурта соҳасида ёхуд фақат қайта суғурта қилиш бўйича суғурта фаолиятини амалга ошириш учун берилади.

Ҳаётни суғурта қилиш соҳасида суғурта фаолиятини амалга оширувчи суғурталовчи умумий суғурта соҳасида суғурта фаолиятини амалга оширишга ҳақли эмас, бундан умумий суғурта соҳасининг қонунчиликда белгиланган айрим турлари (класслари) мустасно. Умумий суғурта соҳасида суғурта фаолиятини амалга оширувчи суғурталовчи ҳаётни суғурта қилиш соҳасида суғурта фаолиятини амалга оширишга ҳақли эмас. Фақат қайта суғурта бўйича суғурта фаолиятини амалга оширувчи суғурталовчи суғурта шартномаларини тузишга ҳақли эмас.

Лицензияда суғурталовчи амалга оширишни мўлжаллаётган суғурта турлари (класслари) кўрсатилади.

43-модда. Суғурталовчи (қайта суғурталовчи) лицензиясининг амал қилишини тўхтатиб туришнинг ўзига хос хусусиятлари

Суғурталовчи (қайта суғурталовчи) лицензиясининг амал қилишини тўхтатиб туриш унинг янги суғурта (қайта суғурта) шартномаларини тузишини, шу жумладан амалдаги суғурта (қайта суғурта) шартномаларини узайтиришни тақиқлашга сабаб бўлади. Лицензияси тўхтатиб турилган суғурталовчи (қайта суғурталовчи) илгари тузилган суғурта (қайта суғурта) шартномалари бўйича ўз зиммасига олган мажбуриятларини белгиланган тартибда бажариши шарт.

44-модда. Суғурталовчи (қайта суғурталовчи) лицензиясининг амал қилишини тугатишнинг ўзига хос хусусиятлари

Лицензиянинг амал қилиши тугатилган кундан эътиборан беш кун ичида ваколатли давлат органи суғурталовчини (қайта суғурталовчини) тугатиш тўғрисидаги ариза билан қонунчиликда белгиланган тартибда судга мурожаат қилиши шарт.

Суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) илгари фаолият кўрсатган бошқарув органларининг ваколатлари тўхтатиб турилади ва ваколатли давлат органи томонидан тайинланадиган муваққат маъмуриятга ўтади. Муваққат маъмурият ўз фаолиятини суд қарор чиқаргунига қадар бўлган даврда амалга оширади.

Суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) муваққат маъмуриятининг ҳисоботи ваколатли давлат органига ва суғурталовчини (қайта суғурталовчини) тугатиш тўғрисида ваколатли давлат органининг аризаси юборилган судга тақдим этилади.

Суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) муваққат маъмурияти ўз фаолияти даврида харажат операцияларини амалга оширишга ҳақли эмас, бундан суғурталовчининг бошқарув харажатлари (маъмурий харажатлари), суғурталовчига (қайта суғурталовчига) келиб тушаётган пулларни ҳисобга олиш ва илгари тузилган суғурта шартномалари бўйича суғурта ҳодисалари юз берганда суғурта товонини (суғурта тўловини) тўлаш билан боғлиқ операциялар мустасно.

Суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) муваққат маъмуриятининг иш тартиби ваколатли давлат органи томонидан белгиланади.

Ушбу модданинг қоидалари суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) аризасига биноан лицензиянинг амал қилишини тугатиш ҳолларига нисбатан, шунингдек суғурталовчи (қайта суғурталовчи) таъсисчиларининг ёхуд таъсис ҳужжатларида шунга ваколат берилган ушбу суғурталовчи (қайта суғурталовчи) бошқарув органининг қарорига кўра қайта ташкил этилганда ёки тугатилганда татбиқ этилмайди.

45-модда. Суғурталовчиларни (қайта суғурталовчиларни) қайта ташкил этишнинг ўзига хос хусусиятлари

Суғурталовчиларни (қайта суғурталовчиларни) қўшиб юбориш, қўшиб олиш, бўлиш, ажратиб чиқариш, ўзгартириш шаклида қайта ташкил этиш ваколатли давлат органининг рухсати билан амалга оширилиши мумкин.

Суғурталовчи (қайта суғурталовчи) қайта ташкил этишга рухсатнома олиш учун ваколатли давлат органига тегишли ариза билан бирга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

муассислар (иштирокчилар) ёки қайта ташкил этиш тўғрисидаги таъсис ҳужжатларида қайта ташкил этиш ваколати берилган суғурталовчи (қайта суғурталовчи) бошқарув органининг қарорини;

ташкил этилаётган суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) балансини ва унинг фаолиятининг молиявий натижалари прогнозини;

қўшиб юбориш ёки қўшиб олиш шартномасининг лойиҳасини (қўшиб юбориш ёки қўшиб олиш шаклида қайта ташкил этилаётганда).

Суғурталовчиларни (қайта суғурталовчиларни) қайта ташкил этишни амалга оширишга доир ариза зарур ҳужжатлар тақдим этилган кундан эътиборан ўн беш кун ичида ваколатли давлат органи томонидан кўриб чиқилиши керак.

Ваколатли давлат органи қабул қилинган қарор тўғрисида суғурталовчини (қайта суғурталовчини) ёзма равишда ёки ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда электрон ҳужжат шаклида хабардор қилиши шарт.

Ваколатли давлат органи суғурталовчиларни (қайта суғурталовчиларни) қайта ташкил этиш учун рухсатнома беришни қуйидаги ҳолларда рад этишга ҳақли, агар:

суғурталовчиларни (қайта суғурталовчиларни) қайта ташкил этиш натижасида уларнинг молиявий барқарорлигига доир талаблар бузилиши мумкин бўлса;

суғурталовчиларнинг (қайта суғурталовчиларнинг) қайта ташкил этилиши суғурта бозорида рақобатнинг чекланишига ёки бартараф этилишига олиб келиши мумкин бўлса;

суғурталовчиларни (қайта суғурталовчиларни) қайта ташкил этиш учун рухсатнома берилишини сўраб тақдим этилган ҳужжатларда нотўғри маълумотлар бўлса ёки бу ҳужжатлар қонунчиликка мувофиқ бўлмаса;

суғурталовчиларни (қайта суғурталовчиларни) қайта ташкил этиш қонунчиликка зид бўлса.

Суғурталовчиларни (қайта суғурталовчиларни) қайта ташкил этишни амалга ошириш учун берилган аризани такроран кўриб чиқишда суғурталовчиларни (қайта суғурталовчиларни) қайта ташкил этишни ушбу қайта ташкил этишни амалга оширишни рад этиш тўғрисидаги хабарномада илгари кўрсатилмаган янги асослар бўйича амалга оширишни рад этишга йўл қўйилмайди.

Бўлиш ва ажратиб чиқариш шаклида қайта ташкил этилганда суғурталовчи (суғурталовчилар) (қайта суғурталовчилар) лицензиясининг амал қилиши тугатилади. Қайта ташкил этиш натижасида янгидан тузилган суғурталовчиларга (қайта суғурталовчиларга) лицензиялар бериш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади. Бўлиш ва ажратиб чиқариш шаклида қайта ташкил этилаётган вақт учун ва янгидан тузилган суғурталовчилар (қайта суғурталовчилар) томонидан лицензия олинадиган пайтга қадар улар янги суғурта шартномаларини тузишга, амалдаги суғурта шартномаларини узайтиришга ҳақли эмас, бундан илгари тузилган суғурта шартномалари бўйича ушбу суғурталовчилар (қайта суғурталовчилар) ўз зиммасига олган, ҳуқуқий ворислик тартибида уларнинг ўзига ўтган мажбуриятларни бажариш ҳоллари мустасно.

Агар қўшиб олиш натижасида лицензия шартлари ўзгармаса, қўшиб олиш шаклида қайта ташкил этилганда ўзига бошқа суғурталовчи (қайта суғурталовчи) қўшилган суғурталовчи (қайта суғурталовчи) амалдаги лицензияни сақлаб қолади.

Ўзгартириш шаклида қайта ташкил этилганда суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) лицензияси қайта расмийлаштирилади.

Қўшиб юбориш шаклида қайта ташкил этилганда лицензияни қайта расмийлаштиришга қайта ташкил этилаётган суғурталовчиларда (қайта суғурталовчиларда) янгидан вужудга келган суғурталовчини (қайта суғурталовчини) давлат рўйхатидан ўтказиш санасида лицензия мавжуд бўлган тақдирда йўл қўйилади.

46-модда. Тугатилаётган суғурталовчи кредиторларининг талабларини қаноатлантириш навбати

Тугатилаётган суғурталовчи кредиторларининг талаблари тугатишни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар, шунингдек тугатиладиган суғурталовчининг асосий вазифаларини таъминлаш заруратидан келиб чиқадиган харажатлар тўланганидан кейин қуйидаги тартибда қаноатлантирилади:

биринчи навбатда – ҳаётни суғурта қилиш соҳасидаги мажбурий суғурта шартномалари бўйича суғурта қилдирувчиларнинг талаблари;

иккинчи навбатда – суғурта қилдирувчиларнинг бошқа мажбурий суғурта шартномалари бўйича талаблари;

учинчи навбатда – бошқа суғурта қилдирувчиларнинг (наф олувчиларнинг) талаблари;

тўртинчи навбатда – бюджетга, бюджетдан ташқари жамғармаларга тўловларни назарда тутувчи тўлов (ижро) ҳужжатларига доир талаблар. Кўрсатилган талаблар тўлиқ қаноатлантирилганидан кейин ижтимоий суғурта бўйича талаблар ҳамда жиноят ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик туфайли фуқароларнинг мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш бўйича талаблари қаноатлантирилади;

бешинчи навбатда – суғурталовчининг бошқа кредиторлари талаблари.

6-боб. Суғурта фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш

47-модда. Ваколатли давлат органи

Суғурта фаолиятини давлат томонидан тартибга солишни ваколатли давлат органи амалга оширади.

Ваколатли давлат органи:

бажарилиши мажбурий бўлган тўловга қобилиятлилик нормативларини ҳамда уларни аниқлаш тартибини, айрим таваккалчиликлар бўйича суғурталовчилар (қайта суғурталовчилар) мажбуриятларининг йўл қўйиладиган энг кўп ёки энг кам миқдорини ва мажбуриятларнинг жами миқдорини ҳисоблаб чиқариш услубини, суғурталовчиларнинг (қайта суғурталовчиларнинг) тўловга қобилиятлилигига доир ахборотни тақдим этиш тартиби ва муддатларини белгилайди;

суғурта бозорининг профессионал иштирокчилари томонидан суғурта фаолияти тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилишини, тўловга қобилиятлиликнинг белгиланган нормативлари ва уларнинг молиявий барқарорлигининг бошқа талаблари таъминланишини назорат қилади;

суғурталовчиларнинг (қайта суғурталовчиларнинг) ва суғурта брокерларининг суғурта фаолиятини лицензиялайди;

суғурталовчиларнинг (қайта суғурталовчиларнинг) суғурта захиралари маблағларини шакллантириш ҳамда жойлаштириш тартиби ва шартларини, шунингдек бундай маблағларнинг ҳисобини юритиш ва улар бўйича ҳисоботлар тузиш тартибини белгилайди;

суғурта захиралари маблағларининг энг кам миқдорини белгилайди;

суғурталовчилар (қайта суғурталовчилар) томонидан тақдим этиладиган молиявий ҳисоботларнинг ва улар томонидан эълон қилинадиган йиллик молиявий ҳисоботнинг шаклини, шунингдек уни тақдим этиш ҳамда эълон қилиш тартиби ва муддатларини белгилайди;

қонунчиликка мувофиқ суғурта бозори профессионал иштирокчиларининг фаолиятини текширишни амалга оширади ва уларга аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш тўғрисида, шу жумладан суғурта хизматлари истеъмолчилари ҳуқуқларининг бузилишига олиб келувчи сабабларни бартараф этиш ҳақида ижро қилиниши мажбурий бўлган кўрсатмалар киритади;

суғурталовчи (қайта суғурталовчи) томонидан суғурта фаолияти тўғрисидаги қонунчилик, шу жумладан белгиланган иқтисодий нормативлар бузилганлиги учун суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) устав фонди (устав капитали) энг кам миқдорининг 0,1 фоизигача миқдорида, белгиланган тартибда жарима солади;

суғурталовчилар (қайта суғурталовчилар) ва суғурта брокерлари лицензияларининг амал қилишини қонунчиликда белгиланган тартибда тўлиқ ёки айрим суғурта классларига нисбатан тўхтатиб туради, шунингдек уларнинг фаолиятини тугатиш тўғрисида судга мурожаат қилади;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ҳамда терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилик бузилганлиги аниқланган тақдирда, суғурталовчиларга (қайта суғурталовчиларга) ҳамда суғурта воситачиларига нисбатан қонунчиликка мувофиқ чоралар ва санкциялар қўллайди;

суғурта фаолиятини тартибга солиш ва уни назорат қилиш борасидаги фаолият тўғрисида йиллик ҳисоботларни, шунингдек суғурта бозорининг молия йили давомидаги фаолияти ҳақидаги статистик маълумотларни расмий веб-сайтида ва оммавий ахборот воситаларида ҳар бир молия йили тугаганидан кейин олти ой ичида эълон қилади;

суғурталовчиларнинг (қайта суғурталовчиларнинг) инвестиция фаолиятини амалга ошириш тартиби ҳамда шартларини белгилайди;

актуар хизматлари кўрсатиш тартибини белгилайди;

актуарий малака сертификатини олиш учун ўқув дастурларини ҳамда малака имтиҳонлари топшириш тартибини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди, мазкур сертификатни олиш ҳуқуқи учун малака имтиҳонини ўтказади;

белгиланган тартибда актуарий малака сертификатини беради, унинг амал қилишини тугатади ва уни бекор қилади, малака сертификатига эга бўлган актуарийлар реестрини юритади;

суғурта бозорининг профессионал иштирокчиларидан қонунчиликда белгиланган ахборотни сўраб олади;

қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга оширади.

Ваколатли давлат органи ва унинг ходимлари суғурта бозори профессионал иштирокчиларининг устав фондида (устав капиталида) ҳамда бошқарув органларида иштирок этишга, шунингдек суғурта воситачиси сифатида иш юритишга ҳақли эмас.

48-модда. Суғурталовчилар (қайта суғурталовчилар) томонидан пруденциал нормативларга риоя этилиши

Суғурта (қайта суғурта) ташкилотларининг молиявий барқарорлигини таъминлаш ҳамда суғурта хизматлари истеъмолчиларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида суғурталовчилар (қайта суғурталовчилар) белгиланган пруденциал нормативларга риоя этиши шарт, ушбу нормативларни ҳисоблаб чиқариш тартиби ва йўл қўйиладиган қийматлари ваколатли давлат органи томонидан белгиланади.

Пруденциал нормативлар қуйидагиларни ўз ичига олади:

устав фондининг (устав капиталининг) энг кам миқдорини;

тўловга қобилиятлилик маржасининг етарлилик нормативини;

суғурталовчиларнинг (қайта суғурталовчиларнинг) алоҳида таваккалчиликлар бўйича мажбуриятлари нормативини;

суғурта захираларини шакллантириш ва жойлаштириш бўйича нормативни;

ваколатли давлат органи томонидан белгиланган бошқа пруденциал нормативларни.

Пруденциал нормативларга келгусидаги ўзгартишлар ушбу ўзгартишлар амалга киритилишидан камида бир ой олдин ваколатли давлат органи томонидан расмий равишда эълон қилинади.

49-модда. Суғурталовчиларнинг (қайта суғурталовчиларнинг) суғурта захиралари

Суғурта мажбуриятларининг бажарилишини таъминлаш учун суғурталовчилар (қайта суғурталовчилар) ваколатли давлат органи томонидан белгиланадиган тартибда ва шартларда миллий валютада ҳам, чет эл валютасида ҳам тўланган суғурта мукофотларидан суғурта захираларини шакллантиради ва жойлаштиради.

Суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) ўз суғурта захираларига мувофиқ бўлган активлари олиб қўйилмайди.

50-модда. Суғурталовчилар (қайта суғурталовчилар) ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг кафолатлари

Давлат суғурталовчиларнинг (қайта суғурталовчиларнинг) мулкий ҳуқуқларига ва бошқа ҳуқуқларига ҳамда қонуний манфаатларига риоя этилишини ва уларнинг ҳимоя қилинишини, суғурта фаолиятини амалга оширишдаги эркин рақобат шароитларини кафолатлайди.

Суғурталовчиларнинг (қайта суғурталовчиларнинг) фаолиятига давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан аралашиш, агар бу суғурталовчилар (қайта суғурталовчилар) фаолияти устидан давлат назорати ва текширувини амалга оширувчи органларнинг ваколатлари билан боғлиқ бўлмаса, тақиқланади.

51-модда. Ички назоратга ва таваккалчиликларни бошқариш тизимига доир талаблар

Суғурта (қайта суғурта) ташкилотлари ваколатли давлат органи томонидан белгиланган ички назоратга ва таваккалчиликларни бошқариш тизимига доир талабларга риоя этиши шарт. Ваколатли давлат органининг талаблари суғурталовчи (қайта суғурталовчи) томонидан амалга оширилаётган фаолият турининг тизимли аҳамиятини, ўзига хос хусусиятини, кўлами ва мураккаблигини инобатга олади.

Ваколатли давлат органининг ички назоратга ва таваккалчиликларни бошқариш тизимига доир талаблари жумласига қуйидагилар киради:

пруденциал талаблар учун молиявий, назоратга оид ҳисоботларнинг ва бошқа ҳисоботларнинг тўлиқлигини, ишончлилигини ҳамда ўз вақтида топширилишини таъминлаш;

муҳим аҳамиятга молик таваккалчиликларни аниқлаш ва бошқариш, стресс-тестдан ўтказиш бўйича тасдиқланган сиёсатнинг, шунингдек муҳим аҳамиятга молик таваккалчиликларга ҳамда капиталга доир ҳисоботлар тизимининг мавжудлиги;

суғурталовчи (қайта суғурталовчи) учун муҳим аҳамиятга молик таваккалчиликларни бошқаришга ва уларнинг самарадорлигини баҳолашга доир сиёсатнинг изчил амалга оширилиши ҳамда унга риоя этилиши;

ички ҳужжатларда белгиланган таваккалчиликларнинг ва капиталнинг чекланган миқдорларига риоя этилиши, суғурталовчи (қайта суғурталовчи) таваккалчиликларни бошқариш бўйича қўллаётган тартиб-таомиллар самарадорлиги устидан кузатув кенгаши томонидан назоратни амалга ошириш.

52-модда. Монополистик фаолиятга йўл қўйилмаслиги

Суғурта бозорида рақобатни чеклашга ёки бартараф этишга, бир суғурталовчиларга бошқаларига қараганда асоссиз афзалликлар берилишига ёки олинишига, суғурта қилдирувчиларнинг ва бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари камситилишига қаратилган фаолиятга йўл қўйилмайди.

Суғурта бозорининг профессионал иштирокчиларига ўз уюшмалари ва бошқа бирлашмаларидан суғурта бозорини монополлаштиришга қаратилган битимларга эришиш учун фойдаланиш тақиқланади.

7-боб. Ваколатли давлат органи томонидан қўлланиладиган чоралар ва санкциялар

53-модда. Чоралар ва санкцияларнинг қўлланилиши

Ваколатли давлат органи суғурта (қайта суғурта) ташкилотига, суғурта брокерига, илгари уларга назорат тарзида жавоб қайтариш чора-тадбирлари қўлланилганидан қатъи назар, қуйидаги санкцияларни қўллашга ҳақли:

лицензиянинг амал қилишини ўн кунгача муддатга тўхтатиб туришга;

агар лицензиат лицензия беришга доир қарор қабул қилинганлиги ҳақида билдиришнома юборилган (топширилган) пайтдан эътиборан уч ой ичида ваколатли давлат органига лицензия берганлик учун давлат божини тўламаган бўлса, лицензияни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилишга;

суғурта портфелини бошқа суғурта ташкилотларига ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилишга.

Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш тарзидаги санкцияни қўллашнинг мақсадга мувофиқлигини аниқлашда қуйидагилар ҳисобга олинади:

таваккалчиликнинг даражаси, қоидабузарликлар ва (ёки) камчиликларнинг хусусияти ҳамда уларнинг оқибатлари;

йўл қўйилган қоидабузарликлар ва (ёки) камчиликларнинг кўлами ҳамда аҳамияти ва уларнинг оқибатлари;

қоидабузарликлар ва (ёки) камчиликларнинг мунтазамлиги (икки ва ундан кўп марта) ҳамда давомийлиги;

йўл қўйилган қоидабузарликлар ва (ёки) камчиликларнинг молиявий ҳолатга таъсири;

аниқланган қоидабузарликлар ва (ёки) камчиликларнинг юзага келиши билан боғлиқ бўлган сабаблар;

суғурта (қайта суғурта) ташкилоти ва суғурта брокери томонидан фаолиятда аниқланган камчиликларни, таваккалчиликларни ёки қоидабузарликларни бартараф этишга қаратилган мустақил чоралар кўриш.

54-модда. Қўпол қоидабузарлик

Лицензиянинг амал қилишини тугатиш учун асос бўладиган лицензия талаблари ва шартларининг бир марта қўпол равишда бузилиши жумласига қуйидагилар киради:

а) суғурталовчилар (қайта суғурталовчилар) учун:

лицензиат учун қонунчиликда тақиқланган бошқа фаолият турларини амалга ошириш;

суғурта фаолиятини амалга ошириш чоғида олинган махфий ахборотни суғурта қилдирувчининг рухсатисиз ошкор қилиш, бундан қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно;

б) суғурта брокерлари учун:

мижоз учун манфаатли эмаслиги олдиндан маълум бўлган суғурта шартномасини тузиш ва бажариш;

суғурта бўйича воситачилик фаолиятини амалга ошириш чоғида олинган махфий ахборотни мижознинг рухсатисиз ошкор қилиш, бундан қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно.

8-боб. Суғурталовчиларнинг (қайта суғурталовчиларнинг) тўловга қобилиятлилигини баҳолаш

55-модда. Суғурталовчиларнинг (қайта суғурталовчиларнинг) тўловга қобилиятлилиги кафолатлари

Суғурталовчилар (қайта суғурталовчилар) айрим таваккалчиликлар бўйича йўл қўйиладиган энг кўп миқдордан ва жами мажбуриятларнинг йўл қўйиладиган энг кўп миқдоридан ортиқ мажбуриятларни ўз зиммасига олиши мумкин эмас, бундан уларнинг ушбу мажбуриятларни бажариш қобилияти тўловга қобилиятлиликнинг белгиланган нормативларига ва молиявий барқарорликнинг бошқа талабларига мувофиқ қайта суғурта қилинган ҳоллар мустасно.

56-модда. Актуар хулоса

Суғурта захиралари бўйича актуар хулоса суғурта (қайта суғурта) ташкилоти йиллик молиявий ҳисоботларининг ажралмас қисми бўлиб, ваколатли давлат органига тақдим этилиши лозим.

Актуар хулосани тақдим этишнинг мазмунига ва тартибига қўйиладиган талаблар ваколатли давлат органи томонидан белгиланади.

57-модда. Зарарлиликни тавсифловчи коэффициентлар

Суғурта (қайта суғурта) ташкилотлари суғуртанинг барча ёки айрим турларини (классларини) амалга оширишда ўз фаолиятини таҳлил қилиш мақсадида зарарни тавсифловчи коэффициентлар (зарарлилик коэффициенти, харажатлар коэффициенти, бирлаштирилган коэффициент) ҳисоб-китобини амалга оширади.

Зарарлиликни тавсифловчи коэффициентлар (зарарлилик коэффициенти, харажатлар коэффициенти, бирлаштирилган коэффициент) – суғурта (қайта суғурта) ташкилоти фаолиятининг суғуртанинг барча ёки айрим турларини (классларини) амалга ошириш чоғидаги зарарлилигини акс эттирувчи нисбий кўрсаткичлардир.

Зарарлиликни тавсифловчи коэффициентларни (зарарлилик коэффициентини, харажатлар коэффициентини, бирлаштирилган коэффициентни) ҳисоб-китоб қилиш тартиби ваколатли давлат органи томонидан белгиланади.

58-модда. Молиявий ҳисоботларни эълон қилиш

Суғурталовчилар (қайта суғурталовчилар) ва суғурта брокерлари молиявий ҳисоботларни ваколатли давлат органи томонидан белгиланадиган шаклда эълон қилади.

Суғурталовчилар (қайта суғурталовчилар) ва суғурта брокерлари ўз маблағлари ҳолатига, капиталга доир талабларнинг бажарилишига, ликвидлиликка, таваккалчиликларнинг катта-кичиклигига ва бошқа муҳим кўрсаткичларга (нормативларга) боғлиқ бўлган ахборотни ошкор этиши керак.

Суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) ва суғурта брокерининг йиллик молиявий ҳисоботи аудиторлик хулосасисиз эълон қилинмайди.

9-боб. Ҳисоботлар, ҳужжатларни сақлаш ва ахборот олиш

59-модда. Бухгалтерия ҳисобининг ўзига хос  хусусиятлари

Суғурталовчилар (қайта суғурталовчилар), суғурта брокерлари ва қайта суғурта брокерлари ваколатли давлат органи томонидан белгиланадиган ўзига хос хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда, қонунчиликка мувофиқ бухгалтерия ҳисобини юритади.

60-модда. Суғурта фаолиятига доир ҳужжатларни сақлаш

Суғурта бозорининг профессионал иштирокчилари ҳужжатларни ўзининг идоравий архивида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда ва муддатларда сақлаши шарт.

61-модда. Ахборот олиш ҳуқуқи

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, судлар, тиббиёт, сейсмология, ветеринария, гидрометеорология ташкилотлари ҳамда бошқа ташкилотлар суғурта ҳодисаларининг рўй бериши сабаблари ҳамда ҳолатларини, шунингдек суғурта товони (суғурта тўлови) миқдорларини суғурталовчи ва аджастер томонидан аниқлаш учун зарур бўлган тегишли ахборотни ҳамда ҳужжатларни суғурталовчиларнинг ва аджастерларнинг сўровига кўра тақдим этиши шарт.

Ваколатли давлат органи суғурта бозорининг профессионал иштирокчиларидан қабул қилинган пул маблағлари ва мажбуриятларнинг миқдорлари ҳақидаги ахборотни, шунингдек бошқа ахборотни ўз ваколати доирасида талаб қилишга ҳақли. Бундай ахборотни сўраш сўров сабаблари кўрсатилган ҳолда ёзма тарзда амалга оширилиши керак.

Ваколатли давлат органи ўзи олган ахборотга нисбатан махфийликка риоя этиши шарт, бундан қонунга мувофиқ ахборотнинг ошкор қилинишига йўл қўйиладиган ҳоллар мустасно.

62-модда. Суғурта сири

Суғурта қилдирувчилар, суғурталанган шахслар ва наф олувчилар тўғрисидаги, суғурта қилдирувчилар ҳамда суғурталанган шахслар соғлиғининг ҳолати, суғурталанган мол-мулк, суғурта суммаси ҳақидаги, банк ҳисобварақларининг мавжудлиги, ушбу ҳисобварақлардаги пул қолдиқлари ва пул ҳаракати тўғрисидаги маълумотлар ошкор қилинмайди.

Суғурта фаолиятини амалга оширишнинг умумий шартлари, таклиф этилаётган суғурта битимлари ва операцияларининг рўйхати, суғурта тарифлари, суғурта турлари ҳамда муддатлари очиқ ахборот бўлиб, суғурта сири предмети бўлиши мумкин эмас.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган маълумотлар суғурта қилдирувчининг, шунингдек суғурталанган шахсларнинг ва наф олувчиларнинг ўзига тааллуқли маълумотларга доир ёзма розилиги асосида учинчи шахсларга ошкор қилиниши мумкин.

Суғурталовчилар транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш билан боғлиқ маълумотлар тўғрисидаги маълумотномаларни Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича тўловларни кафолатлаш жамғармасига суғурта қилдирувчининг розилигини олмаган ҳолда, белгиланган тартибда тақдим этади.

Суғурталовчилар ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган маълумотлар тўғрисидаги маълумотномаларни судга, прокурорга, қўзғатилган жиноят иши мавжуд бўлган тақдирда эса суриштирув ва тергов органларига, суднинг ундирувни суғурта қилдирувчининг мол-мулкига қаратиш ёки бу мол-мулкни хатлаш ҳақидаги қонуний кучга кирган қарори мавжуд бўлган тақдирда, давлат ижрочиларига суғурта қилдирувчиларнинг розилигини олмаган ҳолда, белгиланган тартибда тақдим этади.

Суғурталовчилар ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган маълумотлар тўғрисидаги маълумотномаларни, бундан суғурта қилдирувчилар ва суғурталанган шахслар соғлиғининг ҳолати тўғрисидаги, банк ҳисобварақлари мавжудлиги, ушбу ҳисобварақлардаги пул қолдиқлари ва пул ҳаракати ҳақидаги маълумотлар мустасно, қонунчиликда мажбурий суғурта бўйича белгиланган мажбуриятларнинг суғурта қилдирувчилар томонидан бажарилиши устидан назоратни амалга оширувчи тегишли давлат бошқаруви органларига суғурта қилдирувчиларнинг розилигини олмаган ҳолда, белгиланган тартибда тақдим этади.

Тузилган суғурта шартномалари ва амалга оширилган ҳисоб-китоблар тўғрисидаги маълумотномалар суғурта қилдирувчи жисмоний шахс вафот этган тақдирда қуйидагиларга берилади:

суғурта қилдирувчи ўз васиятномасида кўрсатган шахсга;

судга ва нотариусга – уларнинг иш юритувида бўлган меросга оид ишлар бўйича суднинг қарори ёки нотариуснинг ўз муҳри билан тасдиқланган ёзма сўрови асосида. Нотариуснинг ёзма сўровига суғурта қилдирувчи вафот этганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг кўчирма нусхаси илова қилинган бўлиши керак;

консулга – унинг иш юритувида бўлган меросга оид ишлар юзасидан.

Суғурталовчилар ва суғурта воситачилари пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциялар тўғрисидаги жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ бўлган ахборотни қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда ваколатли давлат органига тақдим этади.

Тузилган суғурта шартномалари тўғрисидаги маълумотлар қонунчиликда белгиланган тартибда кредит бюроларига тақдим этилади.

10-боб. Якунловчи қоидалар

63-модда. Суғурта хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш

Суғурта хизматларининг истеъмолчилари суғурталовчини ва суғурта хизматларини танлашда эркиндир. Суғурталовчилар истеъмолчининг талабига биноан унга суғурта хизматларини кўрсатиш шартлари билан танишиш имкониятини тақдим этиши шарт.

Суғурталовчи шахсни суғурта хизматидан ёки маҳсулотидан фойдаланиш шарти сифатида суғурталовчининг ёхуд ўзга учинчи шахснинг бошқа суғурта хизматидан ёки маҳсулотидан фойдаланишга мажбурламаслиги керак.

64-модда. Суғурта бозорининг профессионал иштирокчилари томонидан кўрсатиладиган хизматлар истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш чоралари

Ваколатли давлат органи суғурта бозорининг профессионал иштирокчилари томонидан кўрсатиладиган хизматлар истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вазифаларни бажариш учун қуйидаги чораларни кўради:

суғурта ташкилотлари томонидан кўрсатиладиган суғурта хизматлари тўғрисидаги ахборотни ошкор этиш тартибини белгилайди;

суғурта ташкилотлари фаолиятидаги улар кўрсатадиган хизматлар истеъмолчиларининг ҳуқуқлари бузилишига олиб келувчи тизимли камчиликларни аниқлайди, шунингдек уларнинг олдини олиш чораларини кўради;

ўз хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқлари бузилишига йўл қўйган суғурта ташкилотларига нисбатан чоралар ва санкциялар қўллайди;

суғурта ташкилотлари хизматлари истеъмолчиларининг бузилган ҳуқуқларини тиклаш борасида маслаҳатлар беради ва кўмаклашади;

аҳолининг ва тадбиркорлик субъектларининг молиявий саводхонлиги даражасини ошириш чораларини кўради.

Ваколатли давлат органи Ўзбекистон Республикасининг суғурта бозори тўғрисидаги ахборотни аниқлайди ва ўзининг расмий веб-сайтида эълон қилади.

Суғурта бозори профессионал иштирокчилари истеъмолчилар билан ўзаро муносабатларда ўз фаолиятига қўйиладиган талабларга риоя этишини текшириш учун ваколатли давлат органи ўз ходимлари суғурта бозори профессионал иштирокчилари томонидан кўрсатиладиган хизматларни сотиб олиши юзасидан назорат тадбирларини амалга оширишга ҳақли.

Назорат тадбирлари суғурта бозорининг профессионал иштирокчиларини олдиндан хабардор қилмасдан ўтказилади.

65-модда. Низоларни ҳал этиш

Суғурта фаолияти соҳасида юзага келадиган низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.

66-модда. Ваколатли давлат органининг қарори устидан шикоят қилиш

Ваколатли давлат органининг қарори ва ҳаракатлари устидан қонунчиликда белгиланган тартибда шикоят қилиниши мумкин.

67-модда. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эл фуқароларини, фуқаролиги бўлмаган шахсларни ва чет эл юридик шахсларини суғурта қилиш

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар ва чет эл юридик шахслари Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ва юридик шахслари билан тенг равишда суғурта ҳимояси ҳуқуқидан фойдаланади.

68-модда. Суғурта фаолияти тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик

Суғурта фаолияти тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

69-модда. Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш

Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб топилсин:

1) Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 5 апрелда қабул қилинган «Суғурта фаолияти тўғрисида»ги 358–II-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2002 йил, № 4–5, 68-модда);

2) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2002 йил 5 апрелда қабул қилинган «Суғурта фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга киритиш ҳақида»ги 359–II-сонли Қарори (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2002 йил, № 4–5, 69-модда;

3) Ўзбекистон Республикасининг 2006 йил 10 октябрда қабул қилинган «Тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилганлиги ҳамда уларнинг молиявий жавобгарлиги эркинлаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ–59-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2006 йил, № 10, 536-модда) 32-моддаси;

4) Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 14 сентябрда қабул қилинган «Суғурта фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги ЎРҚ–108-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 йил, № 9, 415-модда);

5) Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 21 апрелда қабул қилинган «Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги ЎРҚ–156-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2008 йил, № 4, 192-модда) 3-моддаси;

6) Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 22 декабрда қабул қилинган «Суғурта фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги ЎРҚ–192-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2008 йил, № 12, 635-модда);

7) Ўзбекистон Республикасининг 2009 йил 22 сентябрда қабул қилинган «Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги ЎРҚ–223-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2009 йил, № 9, 337-модда) 10-моддаси;

8) Ўзбекистон Республикасининг 2010 йил 16 декабрда қабул қилинган «Суғурта фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 15 ҳамда 18-моддаларига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш ҳақида»ги ЎРҚ–267-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2010 йил, № 12, 467-модда);

9) Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил 11 апрелда қабул қилинган «Суғурта фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги ЎРҚ–323-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2012 йил, № 4, 107-модда);

10) Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 30 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ–352-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2013 йил, № 4, 98-модда) 38-моддаси;

11) Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 7 октябрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги ЎРҚ–355-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2013 йил, № 10, 263-модда) 25-моддаси;

12) Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 4 сентябрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ–373-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2014 йил, № 9, 244-модда) 22-моддаси;

13) Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 29 декабрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ–396-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2015 йил, № 12, 452-модда) 22-моддаси;

14) Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 18 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ–429-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2017 йил, № 4, 137-модда) 12-моддаси;

15) Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 16 октябрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ–448-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2017 йил, № 10, 605-модда) 14-моддаси;

16) Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 15 январда қабул қилинган «Иқтисодий жиноятларга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш механизмлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ–516-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, № 1, 5-модда) 16-моддаси;

17) Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ–683-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2021 йил, 4-сонга илова) 137-моддаси.

70-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини,моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.

71-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

72-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти   Ш. Мирзиёев

Тошкент шаҳри, 2021 йил 23 ноябрь

№ ЎРҚ—730

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер