Суд тизимидаги муаммоларга чек қўйилади

14:30 26 Февраль 2025 Жамият
243 0

Суд амалиётини умумлаштириш материалларини кўриб чиқиш ва қонунчиликни қўллаш масалалари бўйича тушунтиришлар бериш Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг энг муҳим ваколатларидан бири сифатида алоҳида аҳамиятга эгадир.

Қонунчилик ҳужжатларини судлар томонидан тўғри ва бир хилда қўллаш масалалари бўйича тушунтириш Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг қарори тарзида қабул қилинади ва улар ҳуқуқни қўлловчилар, жумладан судьялар, процесс иштирокчилари, прокурор ва бошқа шахслар учун мажбурий ҳисобланади.

Таъкидлаш жоизки, айни вақтга қадар ҳам кўплаб масалаларда бир қанча муҳим қарорлар қабул қилиниб, улар амалиётга татбиқ этиб келинган.

Ижтимоий муносабатларнинг ривожланиши, янги нормаларнинг қабул қилиниши ёки мавжуд нормаларнинг амалиётда қўллаш борасидаги муаммолар илгари қабул қилинган Пленум қарорларини хатловдан ўтказиб туришни ҳам тақозо этади.

Маълумки, давлат божи бошқа мажбурий тўловлар қаторида Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетини шакллантиришнинг таркибий қисмини ташкил этади, шу боис судлар иқтисодий ишлар бўйича давлат божи ундиришга доир қонун талабларига сўзсиз риоя этишлари, давлат божи тўловидан озод қилинган, имтиёз берилган шахслар доирасини аниқлаб олишлари, шу билан бирга суд харажатини ундириш, тақсимлаш, давлат божи тўловини кечиктириш ва қайтариш масалаларида эътиборли бўлишлари, бу борада хато ва камчиликларга йўл қўймасликлари лозим.

“Давлат божи тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ кичик тадбиркорлик субъектлари амалга оширадиган тадбиркорлик фаолияти доирасида судларга мурожаат қилиш чоғида ушбу қонун билан белгиланган ставканинг 50 фоизи миқдорида давлат божи тўлайди.

Афсуски, ушбу имтиёзни судлар томонидан тўғри қўлланиши масаласида ҳам муаммолар, турлича амалиёт учраб турган эди.

Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг иқтисодий ва маъмурий ишлар бўйича суд харажатларини ундириш амалиёти тўғрисидаги қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида” 2024 йил 16 декабрдаги 38-сонли қарори билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Иқтисодий ишлар бўйича суд харажатларини ундириш амалиёти тўғрисида” 2020 йил 19 декабрдаги 36-сонли қарорига ҳам бир қатор муҳим ўзгартириш ҳамда қўшимчалар киритилди.

Қарорда иқтисодий судга мурожаат қилишда кичик тадбиркорлик субъекти томонидан белгиланган ставканинг 50 фоизи миқдорида давлат божи тўланган бўлиб, даъво талаблари қаноатлантирилганда, агар жавобгар давлат божини тўлашдан озод этилмаган бўлса, ишни кўриш натижаси бўйича ундан ундириладиган давлат божининг миқдори даъвогар томонидан тўлаб чиқилган сумма билан чегараланиши, давлат божи тўлашдан озод қилинган давлат органлари ҳамда бошқа шахслар томонидан кичик тадбиркорлик субъектларининг манфаатларини кўзлаб тақдим этилган даъво талаблари қаноатлантирилган ёки рад этилган тақдирда давлат божи тарафлардан умумий асосларда ундирилиши, агар иқтисодий судга мурожаат қилишда кичик тадбиркорлик субъектига давлат божи тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи берилган бўлса, давлат божи ишни кўриш натижаси бўйича тегишли тарафдан қонунда белгиланган ставкада ундирилиши лозимлиги ҳақида муҳим тушунтириш берилди.

Бунга қадар иқтисодий судларда айрим ҳолатларда кичик тадбиркорлик субъекти томонидан белгиланган ставканинг 50 фоизи миқдорида давлат божи тўланган бўлса, даъво талаблари қаноатлантирилганда, ишнинг якуни бўйича давлат божини жавобгардан ундириш, шунингдек, давлат божи тўлашдан озод қилинган давлат органлари ҳамда бошқа шахслар томонидан кичик тадбиркорлик субъектларининг манфаатларини кўзлаб тақдим этилган даъволар бўйича ҳам кичик тадбиркорлик субъектидан имтиёз қўллаган ҳолда умумий ставканинг 50 фоизи миқдорида ундириш каби нотўғри амалиёт мавжуд эди.

Бундан ташқари, иқтисодий суд кичик тадбиркорлик субъекти ҳисобланмиш даъвогарнинг давлат божи тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш ҳақидаги илтимосномасини қаноатлантирган ҳолда даъво аризасини иш юритишга қабул қилган бўлса, ишни кўриш натижаси бўйича айбдор шахсдан қонунда белгиланган ставканинг 50 фоизи миқдорида давлат божи ундириш билан чегараланиш ҳолатлари кузатилар эди.

Энди ушбу нотўғри амалиётга ҳам барҳам берилади ва бундан буён кичик тадбиркорлик субъекти судга даъво тақдим этишда давлат божини тўлаган ҳолатдагина умумий ставканинг ярмини тўлайди, бошқа ҳолларда бундай имтиёз қўлланилмайди.

Таъкидланганлардан ташқари, корпоратив низолар бўйича битта даъво аризасида бир нечта таъсисчини жамият иштирокчилари сафидан чиқариш тўғрисидаги даъволар бўйича давлат божини таъсисчиларнинг сонига мутаносиб равишда, номулкий талаблар бўйича белгиланган, яъни базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан давлат божи ундириш амалиёти ҳам мавжуд эди, бу эса корпоратив муносабат иштирокчиларида эътирозни юзага келтирар эди. Чунки, “Бузилган ҳуқуқларини тиклаш мақсадида судга мурожаат қилмоқчи бўлган шахс ҳар бир жавобгар бўйича алоҳида давлат божи тўлаши ўринлими?” деган савол пайдо бўлар эди.

Пленумда берилган тушунтиришдан сўнг корпоратив низолар бўйича таъсисчини ёки бир нечта таъсисчиларни жамият иштирокчилари сафидан чиқариш тўғрисидаги даъволар бўйича давлат божи номулкий хусусиятдаги даъво аризалари учун белгиланган миқдорда битта талаб деб баҳоланган ҳолда тўланади ёки ундирилади.

Биламизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида” 2017 йил 10 октябрдаги ПҚ-3318-сонли қарори 3-бандининг тўртинчи хатбошисида фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашларига фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари манфаатларини кўзлаб судга давлат божи тўламасдан даъво аризалари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари, уларнинг мансабдор шахслари хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоятлар тақдим этиш ҳуқуқи кўзда тутилган бўлиб, бунда даъво аризасини қаноатлантириш рад этилганда манфаати кўзлаб даъво аризаси киритилган фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларидан давлат божи ундирилмаслиги белгиланган.

Юқоридаги ҳужжатда даъво рад этилган тақдирда манфаати кўзланган шахсдан давлат божи ундирилмаслиги белгиланган бўлиб, бошқа мазмундаги суд ҳужжати қабул қилинган тақдирда давлат божини ундириш масаласида турли қарашлар мавжуд эди.

Шундан келиб чиқиб, Пленум қарорида юқоридаги қоида нафақат даъво рад этилганда, балки даъво аризаси кўрмасдан қолдирилган ёки иш юритиш тугатилганда ҳам қўлланилиши лозимлиги ҳақида тушунтириш бериб ўтилди.

Сўнги сўз ўрнида айтиш мумкинки, ислоҳотларнинг янги босқичида судларни ҳақиқий халқ судига, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг, тадбиркорлар қонуний манфаатларининг ишончли ҳимоячисига айлантириш бўйича муҳим вазифалар амалга ошириб келинмоқда. Барқарор суд ҳужжатлари қабул қилиш орқали одил судловга эришиш даражаси ва суднинг нуфузини ошириш, қонунчилик ҳужжатларини аниқ ва бир хилда қўлланилишида Пленум қарорларида берилган тушунтиришларнинг аҳамияти салмоқли ҳисобланади.

О. Гулямова,

Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси,

С.Солиев,

 Зангиота туманлараро иқтисодий судининг раиси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?