Суд ишларини кўришда прокурор иштироки кенгаймоқда
Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”
Сенатнинг 56-ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига судларда ишларни кўришда прокурорнинг ваколатларини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.
Қонун билан суд ишларини юритишда тарафларнинг тортишуви принципини янада аниқлаштиришга қаратилган тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда. Бундан ташқари, давлат манфаатлари самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш борасида судлар томонидан фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ишларни кўришда прокурорнинг иштирокига, шунингдек, ишларни кўриб чиқиш натижалари бўйича қабул қилинган суд ҳужжатлари устидан шикоят қилишга тааллуқли процессуал нормалар ҳам ойдинлаштирилмоқда.
Қонун билан прокурор давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида фуқаролик ва иқтисодий судлардаги ерга оид ҳуқуқий муносабатлар, давлат мулки, давлатга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш, давлат бюджетидан ундирувлар, ўзбошимчалик билан қурилган иморатга бўлган мулк ҳуқуқини эътироф этиш, хусусий мулк сифатида эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш фактини аниқлаш, божхона тўловларини ундириш билан боғлиқ ишларда иштирок этиши мумкинлиги белгиланмоқда.
Шунингдек, прокурор фуқаролик ишлари бўйича судларга давлат манфаатларини ҳимоя қилишга алоқадор масалалар юзасидан ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканлиги кўзда тутилмоқда.
Бундан ташқари, прокурорнинг иштирок этиши назарда тутилган фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ишлар бўйича прокурор суд мажлиси вақти ва жойи тўғрисида белгиланган тартибда хабардор этилмаган бўлса, прокурор ушбу ишларни суддан талаб қилиб олиб ўрганиши ҳамда улар бўйича протест келтириши мумкинлиги назарда тутилмоқда.
Сенаторлар таъкидлашича, Қонуннинг қабул қилиниши прокуратура органларининг одил судловни амалга оширишга кўмаклашиш борасидаги фаолияти самарадорлигини янада оширишга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ҳамда давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилишга, шунингдек судларда ишларни муҳокама қилишда қонунийликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Муҳокама якунида сенаторлар Қонунни маъқуллади.
Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шарқда ҳаммаси тинч эмас: Хитой ва АҚШ Тинч океанида фаоллашгани айтилмоқда
- Ватан ва виждон
- Актриса Ҳалима Ибрагимова 45 ёшида вафот этди
- Алишер Усмонов янги лавозимга сайланди
- Расман Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов лавозимдан кетди. Унинг вазифасини бажарувчи ҳам тайинланган
- Сирдарёда Тўра Сулаймон уй-музейи очилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг