Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолати юзасидан Мажбурий ижро бюросига парламент сўрови юборилади

12:32 02 Август 2025 Сиёсат
573 0

Фото: Акмал Муҳаммадов, Давронбек Эрназаров / «Халқ сўзи»

Ялпи мажлисда суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураcи ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси директори М.Эгамбердиевга парламент сўрови юбориш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Таъкидланишича, мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари доирасида суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини такомиллаштирилиб, кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш ҳамда ижро иши юритувида сансалорликка чек қўйишга қаратилган қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Шунга қарамасдан, Сенат аъзоларининг жойларда ўз сайловчилари билан учрашувларида ва сайёр қабулларида фуқаролар томонидан суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш билан боғлиқ масалалар юзасидан кўплаб эътирозлар билдирилмоқда.

Ушбу масала сенаторлар томонидан ўрганилиб, таҳлил қилинганда қатор салбий ҳолатлар аниқланган ва Мажбурий ижро бюросининг фаолиятида тизимли айрим камчиликлар ҳамда соҳада айрим ўз ечимини кутаётган масалалар мавжудлиги қайд этилди.

Жумладан, 2023–2024 йилларда Мажбурий ижро бюроси фаолиятига оид Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал ва халқ қабулхоналарига келиб тушган мурожаатлар сони ортган (2023 йилда 136 982 та, 2024 йилда 144 797 та).

Таҳлиллардан аниқланишича, мурожаатларнинг аксарият қисми алимент ундириш (2023 йилда – 69 058 та, 2024 йилда – 72 642 та) ҳамда Бюро органлари ходимлари хатти-ҳаракатлари устидан шикоятлар (2023 йилда – 8 038 та, 2024 йилда – 11 425 та) билан боғлиқ масалаларни ташкил қилган.

Шунингдек, сенаторлар томонидан Бюро органлари мурожаатларни кўриб чиқишга етарли эътибор қаратмаслиги, фуқароларга ўз вақтида ва тўғри тушунтириш бермаслиги оқибатида алимент ундириш, суд қарорлари ижроси, зарарни ундириш, Бюро органлари ходимлари хатти-ҳаракатлари билан боғлиқ такрорий мурожаатлар сони ҳам ортганлиги танқид қилинди.

Бундан ташқари, 2025 йилнинг I чорагида 255 та ишга тиклаш билан боғлиқ ижро ҳужжатлари ўз вақтида бажарилмаган. Ушбу ижро ҳужжатларининг аксарият қисми ички ишлар (80), солиқ органлари (18), таълим соҳаси (16), ҳокимликлар (14), соғлиқни сақлаш тизими (6) ҳиссасига тўғри келади.

Ўз навбатида, ҳуқуқни қўллаш амалиётида ҳам айрим муаммолар мавжудлиги сенаторлар томонидан танқид қилинди.

Муҳокама натижасида мазкур масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросига парламент сўрови юбориш бўйича Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?