Суд-ҳуқуқ соҳасига оид долзарб қонунлар муҳокама қилинди
Жорий йилнинг 30 сентябрь куни Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлисда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини кучайтиришга оид қатор қонунлар дастлабки тарзда муҳокама қилинди. Хусусан, «Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги Қонун Ўзбекистон Республикаси Президентининг бир қатор фармонлари, Давлат дастурининг ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган бўлиб, турар жойга бўлган мулк ҳуқуқини амалга ошириш ва у билан боғлиқ чекловлар назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, ҳужжатда турар ва нотурар жойлар тоифасини ўзгартириш тартиби ва асослари белгиланмоқда, ётоқхонадаги турар жойлардан фойдаланиш, ногиронлиги бўлган шахслар, кексалар, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун бериладиган махсус уйлар тартиби белгиланмоқда.
Лекин ўрганиш ва таҳлил натижаларига кўра Қонунда қайта кўриб чиқилиши лозим бўлган масалалар мавжудлиги қайд этилди ва қатор камчиликлар санаб ўтилди.
Шундан сўнг мажлис иштирокчилари «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонунни кўриб чиқди.
Қайд этилганидек, Қонун суд ҳокимияти мустақиллигини ва судьялар дахлсизлигини таъминлаш, одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қилаётган омилларни бартараф этиш, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини янада ошириш мақсадида ишлаб чиқилган.
Қонун юзасидан Қўмита экспертлари, вазирлик ва идоралар вакиллари, маҳаллий Кенгашларнинг доимий комиссиялари томонидан таклиф ва тавсиялар билдирилди, берилган саволларга Қонун ташаббускорлари томонидан тушунтиришлар берилди.
«Ҳакамлик судлари фаолияти янада такомиллаштирилиши ҳамда бюджет интизоми кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига давлат органлари, ташкилотлари ва муассасалари, давлат иштирокидаги корхоналар, шунингдек фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳакамлик битими тарафлари бўлиши мумкин эмаслиги назарда тутилмоқда. Ер билан боғлиқ, бинолар ва иншоотларга эгалик ҳуқуқини белгилаш ҳамда бюджетдан пул ундириш билан боғлиқ низолар ҳакамлик судлари томонидан ҳал этилмаслигини белгиловчи, масъул шахсларнинг жавобгарлиги кучайтирилишини назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар ҳам киритилмоқда.
Сенаторлар томонидан ушбу Қонун ҳакамлик судлари фаолиятини ташкил этишнинг қонуний асосларини мустаҳкамлаш, малакали ҳакамлик судьялари корпусини шакллантириш ҳамда бюджет маблағларидан самарали фойдаланилишини таъминлаш учун хизмат қилиши алоҳида айтиб ўтилди.
Кун тартибидаги кейинги масала «Ҳуқуқий эксперимент тўғрисида»ги Қонун кўриб чиқилди.
Қонун ҳуқуқий экспериментни ташкил этишга, ўтказишга, унинг натижаларини баҳолашга ва жорий этишга доир муносабатларни тартибга солиш мақсадида ишлаб чиқилган. Унда соҳадаги асосий тушунчалар, асосий принциплар, ҳуқуқий экспериментнинг шартлари, муддатлари, ягона реестри, Вазирлар Маҳкамаси ва бошқа давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг ваколатлари назарда тутилмоқда.
Сенаторлар қайд этганидек, Қонуннинг қабул қилиниши экспериментал ҳуқуқий нормаларни жорий этиш бўйича ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини таъминлашга, жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда фуқароларнинг ҳаёти ва фаровонлигини яхшилашга хизмат қилади.
Кўриб чиқилган қонунлар бўйича Қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Ўз халқини Сиз каби чин дилдан севадиган давлат раҳбарини учратмадим – «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян
- Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида Самарқанд мактабининг янги нафаси
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- Иш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар ва касбга оид касалликлар ҳақидаги маълумотларнинг яхлит тизими йўқлиги кўрсатиб ўтилди
- Тошкентда дипломатик ваколатхоналар ва халқаро ташкилотлар ўртасида ХІХ халқаро мини-футбол турнири ташкил этилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг