Асосий ставка 1 фоиз бандга пасайтирилиб, йиллик 14 фоиз этиб белгиланди
Фото: Марказий банк
Марказий банк бошқаруви 2023 йил 16 мартдаги йиғилишда асосий ставкани 1 фоиз бандга пасайтириб, йиллик 14 фоиз даражада белгилаш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда МБ расмий сайтида хабар берилди.
"Иқтисодиётда инфляция даражаси ўзининг юқори нуқтасига чиқиб, пасайиш тенденциясига ўтганлиги кузатила бошлади. Айни пайтда, қатъий ташқи молиявий шароитларнинг ички иқтисодий фаолликка салбий таъсири бўйича сигналлар пайдо бўлмоқда.
Асосий ставканинг 1 фоиз бандга пасайтирилиши ўтган йил март ойида хатарлар учун фоиз ставканинг ошириш орқали қўйилган қўшимча юкламани тўлиқ олиб ташлаш имконини беради", дейилади Марказий банк хабарида.
Бунда, йиллик 14 фоиз даражасидаги асосий ставка инфляция прогнозининг пасаювчи динамикасида (8,5-9,5 фоиз) нисбатан қатъий пул-кредит шароитлар сақланиб қолинишини таъминлайди.
Жорий йилнинг январ-февраль ойларида йиллик инфляция кўрсаткичи 12,2 фоизгача бироз пасайди ва келгуси чоракда сезиларли пасайиши бўйича ишонч ортиб бормоқда. Кузатувларга кўра, истеъмол бозорларида март ойининг дастлабки икки ҳафтасида асосий озиқ-овқат нархлари нисбатан мувозанатлашиб, январь ойидаги ўсишдан кейин пасайиш динамикага ўтганлиги кузатилмоқда.
Мавсумий ва маъмурий таъсирга эга бўлган айрим товарлар ва хизматлар нархларининг ўзгаришини инобатга олмасдан ҳисобланган базавий инфляция кўрсаткичи ўтган йилнинг иккинчи чорагидан бошланган ўсиб бориш тренди жорий йил бошидан пасайиш тенденциясига ўзгариб, декабрдаги 13,8 фоиздан январда 13,3 фоизгача ва февралда 13,2 фоизгача секинлашди.
Февралдаги сўров натижаларига кўра, келгуси 12 ойлик инфляцион кутилмаларнинг январь натижаларига нисбатан сезиларли даражада пасайганлигини кузатилди, бу эса базавий инфляция динамикаси билан биргаликда, келгуси ойларда нархларнинг барқарорлашиши учун шароитларни яратади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Алишер Навоий – илм ва маъно эҳтиёжи манбаи
- Инвесторлар учун энг жозибадор ҳудуд ёхуд инвeстиция оқимидаги кескин тафовутнинг сабаб ва оқибатлари
- Илм-фан соҳасида хотин-қизларга яратилган имкониятларга бағишланган анжуман
- Ўзбекистонда инсон аъзоларини 3D биопринтерда чоп этиш имконияти яратилмоқда
- Бедилни халққа танитган хаттот
- Миллий нақшларда ўзлигимиз намоён
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг