Спортни ривожлантириш вазири Халқаро Кураш ассоциацияси раҳбарини қабул қилди

01:48 30 Июль 2022 Спорт
660 0

Фото: minsport.uz

29 июль куни Ўзбекистон Республикаси Спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икрамов юртимизда ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турган Халқаро Кураш ассоциацияси (ИКА) президенти, Осиё Олимпия Кенгашининг Осиё ўйинлари бош директори Ҳайдар Фармонни қабул қилди. Мазкур учрашувда Миллий Олимпия қўмитаси раисининг ўринбосари Шерзод Ташматов ва бошқа масъул ходимлар иштирок этишди.

Мулоқотда Спортни ривожлантириш вазирлиги ва Халқаро Кураш ассоциацияси ўртасида ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, турли мамлакатларда фаолият кўрсатаётган мураббийлар ва ҳакамлар, қолаверса спортчилар ўртасида тажриба алмашиш имкониятини яратиш, халқаро нуфузли мусобақаларни ташкил этишда ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

ИКА президенти томонидан кураш спорт турининг халқаро майдондаги ривожи, ўтказилаётган нуфузли мусобақалар, қитъа ўйинларида иштироки ва жорий йилда бўлиб ўтиши режалаштирилган қитъа ва жаҳон чемпионатлари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Таъкидлаш лозим, жорий йилнинг ўтган олти ойи мобайнида курашнинг халқаро ривожи борасида бир қатор муҳим тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, 17-21 март кунлари Тожикистоннинг Душанбе шаҳрида кураш бўйича катталар ўртасида Осиё чемпионати ва Осиё-Океания Кураш конфедерациясининг навбатдаги Конгресси бўлиб ўтди. Мазкур нуфузли чемпионатда қитъамизнинг 24та давлатидан 200 нафардан зиёд сара полвонлар ғолиблик учун гиламга тушди.

24-27 март кунлари Халқаро Кураш институти билан ҳамкорликда Италиянинг Рим шаҳрида Европа Кураш конфедерациясига аъзо мамлакатларнинг кураш мураббийлари учун халқаро семинар ташкил этилди. Семинарда 10 га яқин мамлакатдан 90 нафар мураббийлар иштирок этишди.

28-30 март кунлари Ҳиндистоннинг Мумбай шаҳрида ИКАнинг навбатдаги ижроия қўмитаси йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилиш давомида курашнинг олдида турган кўплаб масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

Ўзбекистон ҳукуматининг қўллаб-қувватлаши ҳамда ассоциация раҳбариятининг саъй-ҳаракатлари билан кураш спорти Осиё ўйинларининг барча дастурларидан расман ўрин эгаллади.

Шу билан бирга Спортни ривожлантириш вазири ҳам ватани Ўзбекистон бўлган курашнинг айни кунларда дунё миқёсида обрўси ортиб бораётгани қувонарли ҳол эканлигини таъкидлаб, бугунги кунда Халқаро Кураш ассоциацияси таркибига 130 дан зиёд давлатлар миллий федерациялари аъзо бўлиб кирганлиги ва фаолият юритаётганлиги курашнинг нуфузи қай даражада ортиб бораётганининг яққол ифодаси эканлигини маълум қилди.

Қайд этиш лозим, 2020 йил 4 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва унинг халқаро нуфузини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори имзоланди.

Мазкур ҳужжат кураш спортининг ривожи йўлида янги даврни бошлаб берди. Қарор асосида Ассоциация ва унинг таркибидаги миллий федерацияларни қўллаб-қувватлаш, профессионал курашчи ва мутахассисларни тайёрлаш, кураш спортини янада оммалаштириш, Республика ва халқаро медиа майдонда кенг тарғиб қилиш, келажакда курашни Олимпия ўйинлари дастурига киритиш борасида манзилли чора-тадбирлар белгилаб берилган.

Учрашувдан сўнг Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида Спортни ривожлантириш вазири ва Халқаро Кураш ассоциацияси президенти иштирокида матбуот анжумани ҳам ташкил этилди. Унда келгусида Халқаро Кураш ассоциацияси томонидан ташкил этиладиган нуфузли мусобақалар ва бу борада Спортни ривожлантириш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон кураш федерацияси томонидан йўлга қўйиладиган ҳамкорлик алоқалари ҳақида маълумотлар берилди.

Халқаро Кураш ассоциацияси президенти Ҳайдар Фармон яна бир неча кун давомида мамлакатимизда бўлади ва ташриф доирасида бир қатор муҳим учрашувлар ташкил этилиши режалаштирилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер