“Спорт – тинчлик элчиси” мусобақаси мамлакатимиз талабаларини бирлаштирди

15:57 26 Май 2025 Спорт
147 0

Бугун Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида “Спорт – тинчлик элчиси” шиори остида “Имом Мотуридий кубоги” спорт мусобақаларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Республикамизда таҳсил олаётган барча диний муассаса талабаларини ўзида тўплаган ушбу тадбирда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раҳбарияти ҳам иштирок этди.

Маросимда сўз олган расмийлар олий ва диний таълим муассасалари ўртасида спортни оммалаштириш, талабаларни соғлом турмуш тарзи ва жисмоний фаолликка жалб қилиш, таълим муассасалари ўртасида спортни тарғиб қилиш орқали дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш муҳим аҳамият касб этишини таъкидлашди.

Мусобақа доирасида ёшлар мини-футбол, волейбол, стол тенниси, шахмат ва шашка, киберспорт, кураш, арқон тортиш, тош кўтариш каби турлар бўйича беллашишмоқда.

Шунингдек, спорт соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни давом эттириш ва уни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида Спорт вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси, Миллий Паралимпия қўмитаси, Халқаро исломшунослик академияси ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?