Spiegel: “Ўзбекистоннинг асосий бойлиги – унинг халқи” 

15:06 04 Февраль 2020 Welcome to uzbekistan
1183 0

 Анъанавий дам олиш масканлари германиялик сайёҳлар учун тобора жозибасини йўқотиб, комплексли турлар ўтмишда қолмоқда. Туристик тенденциялар ўз қоидаларини айтмоқда ва замонавий турист таътилини ўзи ташкил қиляпти — чипталарни, меҳмонхоналарни брон қилиб, экскурсияларга буюртма бераётир. Германияликлар орасида таътилни соғлиқ учун фойда билан ўтказиш тобора оммалашиб бормоқда. 

Гамбургдаги “BAT” Илғор тадқиқотлар фонди маълумотларига кўра, немис сайёҳларининг қарийб 70 фоизи ушбу таътил турини афзал кўради, турли шаҳарларга экскурсиялар эса Германия аҳолисининг 61 фоиздан ортиғини жалб қилади. Бу йўналишда Буюк Ипак йўли мамлакатлари, айниқса, машҳур бўлиб боряпти. “Spiegel” журнали шу ҳақидаги мақоласини ўқувчилар эътиборига ҳавола этди, деб хабар берди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати.

“Самарқанд ва Бухоронинг мовий гумбазлари, саҳрода жойлашган қадимий шаҳар — Хива, шиддат билан ўсиб бораётган пойтахт Тошкент бутун дунёдан сайёҳларни ўзига жалб қилмоқда. “Lonely Planet” нашрига кўра, Ўзбекистон 2020 йилда саёҳат учун энг яхши 10 йўналиш рўйхатига киритилган”, — дейилади нашрда. Бундан ташқари, Германия медиа гигантлари, сайёҳлик агентликлари ва ритейлерлари Ўзбекистонни сайёҳлик йўналиш сифатида фаол тарғиб қиляпти. Бош қароргоҳи Гамбургда жойлашган энг йирик ижтимоий-сиёсий нашрлардан бири “Spiegel” (“Кўзгу”) журнали Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятига бағишланган рангли реклама рисоласини нашр этди. Қўлланма Буюк Ипак йўлининг тарихий шаҳарлари — Хива, Бухоро, Самарқанд ва Тошкент орқали ўтувчи ўн кунлик сайёҳлик йўналишини ўз ичига олган салоҳиятли немис сайёҳлари учун мўлжалланган. 

“Қадимги даврлардан бери карвонлар Буюк Ипак йўли бўйлаб Хиванинг ажойиб воҳалари, бепоён Қизилқум чўли этаклари, қадимий Бухоро ва Самарқанд шаҳарлари бўйлаб саёҳат қилишган. Сиз ўрганилмаган сеҳрли Шарқ бўйлаб саёҳат қилишингиз ва ўзингизни “Шаҳризоданинг 1001 кечаси” эртагидаги каби ҳис қилишингиз мумкин. Шарқнинг машҳур шаҳарлари, қадимий меъморий ёдгорликлари ва нафис ошхоналари билан бир қаторда Ўзбекистоннинг асосий бойлиги – унинг халқи. Шарқона самимий меҳмондўстликни ҳис этинг”, — деб ёзади муаллиф. Маълумот учун: “Spiegel” журнали 1940 йилларнинг охиридан бери нашр этилади ва “Bertelsmann Media Group” медиа компанияси таркибига киради. 

Журналда Германия ва хорижий мамлакатларнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ҳаётидаги асосий ҳодисалар ёритилади. Ҳафталик адади — 1 миллион нусхадан ортиқ. 2020 йил январь ойидан бошлаб у “Usbekistan – Magische Seidenstraße” (Ўзбекистон — Ипак Йўли мўъжизаси) деб номланган реклама қўлланмасини тарқатмоқда. Таъкидлаш лозимки, сўнгги йилларда германиялик сайёҳлар таътилларини тобора кўпроқ Ўзбекистонда ўтказишни режалаштиришмоқда. Статистикага кўра, Германиядан Ўзбекистонга сайёҳлар сони 4 бараварга кўпайди ҳамда 2019 йилда қарийб 30 минг кишини ташкил этди. Бунда Германия фуқаролари учун 30 кунлик визасиз режимнинг жорий этилиши муҳим аҳамият касб этди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер