“Сўз – забаржад, сўз гавҳар, олтин...”
Она тилимиз бор экан, биз миллат сифатида бормиз, тирикмиз! Қаҳрамон шоиримиз Эркин Воҳидов “Сўз латофати” китобида миллий тил қайғусини энг долзарб масала сифатида жамият олдига кўндаланг қўяди. Она тилимизнинг бугунги қадр-қиммати, жамиятдаги нуфузидан кўнглимиз тўлмаётган бор гап. Атрофимиздаги ажнабий сўзлар, ўзаро мулоқотларда икки-уч тилни аралаштириб сўзлаш, жой номлари, пешлавҳа ва рекламалардаги имловий хатолар, адабий тил нормаларига беписанд муносабатлардан ёқавайрон бўламиз, сўзимиз, ўз ибратимиз билан она тилимизни ҳимоялашга уриняпмиз.
Мен нафақат тилшунос-педагог, аввало, она сифатида ўзимиз ўзбек бўлиб, ўзбекча ўйлаб фарзандларимизга дунёни бошқа тиллар орқали танитаётганимиздан қаттиқ оғринаман. Тўғри, бугунги ёшларнинг дунё тилларига қизиқиши баландлиги, бир неча жаҳон тилларида равон сўзлаётганларини кўриб қувонамиз. Аммо инсон кўп тилда сўзлай олгани билан ўз она тилида ўйлайди, фикрлайди, орзу қилади. Бугун жамиятимиз эришишга интилаётган кенг фикрлилик, маънавий етуклик ҳам дастлаб ўз она тилига бўлган ҳурматдан бошланади.
Бу борада ўзбек маърифатпарвар шоири Аваз Ўтар ўзининг машҳур “Тил” ғазалида “Лозим сиза ҳар тилни билув она тилидек, Билмакка они ғайрат этинг, фойдага кондур”, деб ёзгани бежиз эмас. Шоир бунда ўз замондошлари ва ёшларга тил ўрганишнинг қанчалик фойдали экани, тил билгувчининг имониятлари кенглигини уқтиради. Ҳар тилни билишдан олдин ўз она тилини чуқур англамоқлик, ўрганмоқлик вазифасини ёдга солади. Бугун мамлакатимизда олиб борилаётган тил сиёсати ва сиёсат тили айни бир мақсадни кўзлагани ва бир-бирини тўлдирувчи, қувватловчи тадбирлар олиб борилаётганлиги боис ҳам давлат тилининг нуфузи сезиларли даражада ошди.
Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессиясида ўзбек тилида нутқ сўзлагани ҳам тилимизнинг халқаро миқёсдаги мавқейини мустаҳкамлаш йўлида яна бир катта қадам бўлди. Бу она тилининг нафақат маънавий, адабий, илмий, балки сиёсий қудрат ҳам эканлигини исботлаб берди. Ўзбек тилини давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқейини тубдан оширишга қаратган эътибор самараси ўлароқ бугунги кунда олий таълим муассасаларида “Ўзбек тили ва адабиёти” кафедралари фаолият олиб бормоқда. Эндиликда олий таълимни эгаллаётган талабаларга мутахассислигидан қатъий назар, ўзбек тили, нутқ маданияти ва давлат тилида иш юритиш фанлари пухта ўргатилмоқда. Бу эса замонавий билим сирларини ўрганаётган ёш авлод кадрларининг ўз она тилининг билимдони, жонкуяри бўлиб камолга етишишига хизмат қилади. Қолаверса, ўзбек тилининг истиқболи, том маънода барҳаётлиги ёш авлод қалбига она тилига муҳаббат, миллий ғурур туйғуларини сингдиришга, таълим муассасаларида миллий тил тарғиботчилари, жонкуярларини тарбиялашга ҳар жиҳатдан боғлиқ.
Ёш олима сифатида шу қутлуғ сафга келиб қўшилганимдан беҳад бахтиёрлик, ҳам юксак масъулият ҳиссини туяман. Етук маърифатпарвар бобомиз, олти тилли луғат тузган Исҳоқхон Ибрат айтган пурмаъно сўзлар ҳамиша қалбимизда турмоғи, амалий ишларимизда намоён бўлмоғи керак: “Бизнинг ёшлар албатта, бошқа тилни билиш учун саъй-ҳаракат қилсинлар, лекин аввал ўз она тилини кўзларига тўтиё қилиб, эҳтиром кўрсатсинлар. Зеро, ўз тилига садоқат – бу ватаний ишдир”. Эртамиз эгалари – ёшларга айтадиган энг мақбул сўзимиз, ҳар биримиз амал қилишимиз шарт бўлган мезонимиз шу, аслида.
Дилнавоз ҚЎЛДАШЕВА,
Филология фанлари бўйича
фалсафа доктори.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- «Олтин куз» II Халқаро камер ва симфоник мусиқа фестивали бўлиб ўтади
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг