Совринни эмас, орингни улуғ тут, полвон!

15:04 12 Декабрь 2024 Жамият
173 0

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ/«Халқ сўзи». Халқимизнинг илдизи қадим-қадимларга бориб тақаладиган соф миллий спорт турларидан бири бу – кураш ҳисобланади.

Азалдан тўй ва байрамлар, турли тадбирлар муносабати билан ташкил этиладиган кураш мусобақаларида даврага тушган полвон нафақат ўз шаъни, балки қишлоғининг, овулининг орини, ғурурини, ишончини ҳам зиммасига олиб чиққан. Шу боис ҳам ёшларни жисмоний чиниқтириш, ҳалоллик, рақибга ҳурмат, юксак ғурур ва орият руҳида тарбиялаш воситаси ҳам бўлиб келган бу ўйин.

Бугун ҳам, айниқса, чекка қишлоқ ва маҳаллаларда турли тадбирлар, тўй-тантаналар муносабати билан кураш мусобақалари ташкил этиш анъана тусини олмоқда. Бироқ ...

Полвон кўп, давра талаш

Яқинда Кўкдала туманида бўлган бир тўйнинг довруғи ҳақида эшитиб қолдим. Ўйлаб кўрсам, тўйкурашни жонли томоша қилмаганимга ҳам анча бўлган экан. Шу боис барча ишларни четга суриб, тўйга ошиқдим.

Кураш бўладиган майдонга узоқ-яқин қишлоқлар, қўшни туманлар, ҳатто бошқа вилоятлардан ҳам ишқибозлар келишган, тумонат одам.

... Кураш бошланди. Авваллари билагида кучи бор ҳар қандай киши ҳам юрак ютиб даврага чиқа олмасди. Чунки кураш мағлубиятсиз бўлмайди. Ғурури, орияти баланд инсоннинг эса мағлубиятни тан олиши қийин. Катта-катта полвонларнинг ҳам бир бор рақибидан енгилиб, йиллаб кураш тушмай кетгани ҳақида кўп эшитганмиз.

Ҳозир эса ўзини полвон санагувчидан кўпи йўқ экан. Тўйда ёш болалар ўртасидаги курашлар якунланиб, навбат ўсмир ёшдаги полвонларга келгач, соврин ҳам шунга яраша дадил-дадил қўйила бошланди. Буни кўриб 40-50 чоғлик полвон йигитлар баковулни ўраб олиб, “Мен курашаман”, “Мени палончи билан туширинг”, “Палончига мен чиқай” каби талабларни бошлаб юборишди. Уларга гап уқтира олмаган баковул ҳам охири иккита-иккитасини бир қилиб, “Ана кураш” деб юбораверди. Қаранг, бир давранинг ўзида беш-олти жуфт полвон кураш тушаяпти.

Энг қизиғи, ғолиб полвон тўй эгаларидан соврин (мукофот)ни олади-ю, яна даврага югуради. Йиқилган полвон ҳам кийимининг чангини қоқа-қоқа баковулга қараб талпинади: “Бошқа бирортаси билан олишай, баковул бува”.

Ёш полвон ўзининг йиқилгани, мағлуб бўлганини хаёлига ҳам келтираётгани йўқ. Мақсад — бошқа бирортасини йиқитиб, совриндан бебаҳра қолмаслик.

“Ўзимизнинг полвон ютади”

Илгари тўйкурашларга бегона жойдан, нотаниш полвонлар ҳам келиб қолар, агар зўр бўлса, ҳеч ким танимаган ана шу полвон даврада ном қозониб, совринни ҳам, томошабинларнинг олқиши-ю раҳматларини ҳам олиб кетарди. Ҳозир эса бу иш унча-мунча полвоннинг қўлидан келмас экан. Тўғрироғи, маҳаллий полвонлар бунга йўл қўйишмас экан.

Навбат янаям каттароқ полвонларга етиб келди. Даврага қўшни вилоятдан келган Бобур полвон ҳамда шу қишлоқлик Азамат полвон тушишди. Совриннинг салмоғи эса кичик эмас: бир қўчқор, бир ҳўкиз ва тилла тақинчоқ.

Полвонлар курашни бошлашди. Азамат полвон ҳайқириб рақибини олдинга тортди. Меҳмон полвон эса чўккалаб қолди. Ана шу пайт одамлар орасидан бир киши югуриб чиқиб, Азамат полвонни елкасига кўтариб олди ва давра айланиб югура бошлади. Ёнига 50-60 чоғли тарафкашлари қўшилиб, Азамат полвонни қутлашга тушиб кетишди.

Баковул ҳам, тўй эгаси ҳам ҳайрон. Ҳалол йиқитмади, бошқатдан курашсин, дегани билан Азамат полвоннинг тарафкашлари тинглашни исташмайди, жанжал чиқиб, тўй бузилади.

Охири совринни бериб қутулишди. Ҳеч кимга гап уқтира олмаган меҳмон полвон эса яктагини ерга улоқтириб, даврадан чиқиб кетди.

Энг ёмони, кураш тугагунига қадар бундай ғирромликларга жуда кўп бора гувоҳ бўлдик.

Ҳамроҳларимнинг айтишича, ўз элида бўладиган курашларда ана шундай устунликлардан фойдаланиш, рақибга турли йўллар билан босим ўтказиш ҳам айрим “полвон”ларимиз учун одатга айланиб бораётган экан. Бунга томошабинлар ҳам кўникиб қолишибди.

— Болалик чоғларимда бўладиган кураш ўйинлари бошқача эди-да, — дейди чироқчилик фахрий полвон Нурали Ботиров. — У вақтлари майдонда полвонлар эмас, икки қишлоқнинг ғурури, орияти баҳсга киришар, бундай вазиятда соврин деган нарса умуман четга чиқиб кетарди. Соврин ғолиб полвонга мукофот, ишқибозларнинг эътирофи рамзи сифатида бериларди. Ғолиб полвон совринни олар экан, уни пешонасига суртиб қўяр, бу она сутидай ҳалол қилиб олаяпман, дегани бўларди. Мағлуб полвон эса рақибининг елкасига секин қоқиб, сўнг майдонни тарк этарди. Бу унинг мардлиги, рақибига тан берганига ишора эди. Оддийгина кўринадиган ана шу жиҳатлар давра четида ўтирган кўплаб ёшларнинг қалбида ҳалоллик, мардлик, тантилик туйғуларини уйғотганига шубҳам йўқ. Ҳозирги кураш мусобақаларида эса бу жиҳатларни камдан-кам учратасиз.

Кураш ўйинлари дабдабабозликка айланмасин

Курашдан қайтар эканман, давра атрофида қўша-қўша қўчқор, ҳўкиз, етаклаган, от, туя минган полвонларнинг кўплигини кўриб, энсам қотди.

Жарчи эса овозига зўр бериб, кейинги ҳафта бўладиган яна бир тўйдаги кураш мусобақасини эълон қиларди: “Пулдан ташқари совринга беш қўчқор, беш ҳўкиз, икки туя айтилади. Бош “товоқ”қа машина қўйилади...”

Менга муаммонинг илдизи ҳам шу ерда туюлди. Тўйида дабдабабозлик, кимўзарлик учун кураш ташкил қилаётган, миллионлаб пулларни тўкиб-сочаётган кишилар кўп. Эҳтимол, юқоридаги каби ҳолатларнинг авж олишига, ёш-ёш йигитларнинг пул учун даврага чиқиб, полвонликка хос ҳалоллик, орият ва ғурур каби фазилатларни унутиб қўяётганига ҳам ана шу совринларнинг кўплиги, катталиги сабаб бўлмаяптимикан?.

Спортга хос принциплар керак

Яна бир жиҳати, авваллари халқ ичида ўтказиладиган кураш ўйинларининг ёзилмаган қоидаси бўлган. Полвон ҳам, баковул ҳам, ташкилотчи ҳам ана шу қоидаларга қатъий амал қилишган. Даврада халқ назари энг асосий ҳакам бўлган. Улар бу “ҳакам”нинг таъсиридан чиқиб кета олишмаган. Бугун биз кўраётган тўйкурашларда эса бу ҳолатни кўпам кузатмаймиз.

Шундай экан, тўйкурашларда ҳам спорт принциплари, тартиб-қоидалари сўзсиз амал қилиши, бунинг учун унинг устидан маҳалла ёки бошқа жамоатчилик назоратлари ўрнатилиши лозим. Токи қадим-қадимдан ёшларимизни ҳалоллик, рақибга ҳурмат, юксак ғурур ва орият руҳида тарбиялаш воситаси бўлиб келаётган миллий курашимиз мавқеига путур етмасин. Полвон дегани орини, ғурурини, ҳалолликни қийматли совринга алишмасин.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?