Солиқ тизимининг конституциявий асослари
Барчамизга яхши маълумки, солиқларни тўлашнинг асосий мақсади — давлат харажатларини молиялаштиришдир. Йиғилган солиқлар мактаблар, шифохоналар, йўллар қурилиши, хавфсизликни таъминлаш, шунингдек, пенционерлар ва кам таъминланганларни қўллаб-қувватлашга сарфланади. Солиқлар ҳисобига ижтимоий-иқтисодий тизим узлуксиз ишлайди ва давлат ўзининг асосий функционал вазифаларини бажаришга қодир бўлади.
Фуқаролар солиқларни тўлаганида, улар мамлакатнинг равнақ топишига ўз ҳиссасини қўшади. Солиқ тўлаш бу — фақат молиявий мажбурият эмас, балки жамият олдидаги ижтимоий масъулиятдир. Чунки солиқлар орқали барқарорлик таъминланади, иқтисодиёт ривожланади ва барча фуқароларнинг ҳаёт сифати яхшиланади. Барқарор солиқ сиёсати жамиятнинг узоқ муддатли фаровонлигига хизмат қилади.
Шуни таъкидлаш лозимки, янгиланган Конституция ўтказилаётган демократик ислоҳотларнинг қайтариб бўлмас асосини яратди ва мамлакатнинг узоқ муддатли ривожланиш стратегиясини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлади. Конституцияда белгиланган солиқ нормалари «инсон-жамият-давлат» тамойилига асосланган бўлиб, солиқлар фуқароларнинг манфаатларини инобатга олган ҳолда белгиланиши кераклиги кўрсатиб ўтилган.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 63-моддасида: «Фуқаролар қонун билан белгиланган солиқлар ва йиғимларни тўлаши шарт. Солиқ ва йиғимлар адолатли бўлиши ҳамда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишига тўсқинлик қилмаслиги керак» деб белгиланган. Бу норма давлат ва фуқаролар ўртасидаги ўзига хос ижтимоий келишувни ифодалайди: фуқаролар солиқлар орқали давлат хизматларини молиялаштиради, давлат эса навбатида солиқларни адолатли, шаффоф ва асосли тарзда белгилаб, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларининг чекланмаслигини таъминлайди. Солиқ сиёсати фуқароларнинг асосий конституциявий ҳуқуқларига зид келмаслиги жуда муҳим. Солиқлар шундай ташкил этилиши керакки, улар фуқароларнинг сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи, мулкдор бўлиш ҳуқуқи, уй-жойга эга бўлиш, меҳнат қилиш, таълим олиш, тиббий хизматдан фойдаланиш каби конституцияда белгиланган имкониятларини чекламасин. Давлат эса ўз навбатида бу ҳуқуқларни кафолатлайди, солиқларни эса адолат тамойили асосида белгилайди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 149-моддасида: «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ягона солиқ тизими амал қилади. Солиқларни жорий қилиш ҳуқуқи Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлисига тегишлидир» деб кўрсатилган. Мазкур норма мамлакат бўйлаб солиқ тизими ягона тартиб асосида ишлашини таъминлайди. Ягона тизим солиқ сиёсатининг изчил, барқарор ва тушунарли бўлишига олиб келади.
Шунингдек, солиқларни жорий қилиш фақат Олий Мажлис ваколатида эканлиги давлатнинг молиявий бошқарувини тартибга солади, солиқ сиёсатида шаффофликни таъминлайди ва сиёсий-ҳуқуқий барқарорликни мустаҳкамлайди. Бу эса жамиятнинг давлатга бўлган ишончини оширади ва солиқларни адолатли ташкил этишнинг муҳим кафолати бўлиб хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, солиқлар давлат ва жамият ўртасидаги энг муҳим ижтимоий-ҳуқуқий институтлардан биридир. Солиқлар орқали давлат ўзининг иқтисодий, ижтимоий ва маъмурий вазифаларини бажаради, аҳоли фаровонлиги ва мамлакат барқарор ривожланиши таъминланади. Шу билан бирга, Конституцияда солиқлар бўйича белгиланган нормалар солиқларни шунчаки мажбурият сифатида эмас, балки фуқароларнинг ҳуқуқлари билан ўзаро боғлиқ ижтимоий келишув сифатида талқин этишга имкон беради. Шундай экан, солиқлар ва конституциявий нормаларнинг уйғунлиги - давлат бошқарувининг замонавий ва самарали моделини шакллантиришдаги ҳал қилувчи омилдир.
Зарипов Хусан Баходирович,
Тошкент давлат иқтисодиёт университети
«Солиқ ва солиққа тортиш» кафедраси доценти, PhD.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўрта Осиёдаги энг баланд янги йил арчаси — Наманганда
- Нилуфардан Қобилжонгача... Қобулжон Россияда этник нафрат туфайли ваҳшийларча ўлдирилган биринчи бола эмас
- Ялдо туни: Ерликлар бугун энг узун тун ва энг қисқа кунга гувоҳ бўлади
- Ҳоким ёрдамчиси кимга ёрдамчи?
- Тошкент шаҳрида Марказий Осиё давлатлари ва Корея Республикаси парламентлари раҳбарларининг III йиғилиши ўз ишини бошлади
- Пойтахтга автомобиллар киришига ҳеч қандай тақиқ йўқ — Тошкент шаҳар ҳокимлиги
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг