Соғлиқни сақлаш вазирлиги сохта табиблардан огоҳлантирди

20:18 23 Июль 2024 Жамият
376 0

Фото: ССВ

Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги Республика халқ табобати илмий-амалий маркази директори Жамшид Мирраҳимов сўнгги вақтларда тегишли ҳуқуққа эга бўлмасдан, рухсат этилмаган усулларни қўллаган ҳолда касалликларга ташхис қўйиш ҳамда уларни даволаш билан шуғулланаётган, бу орқали инсонлар соғлиғи ва ҳаётига хавф туғдираётган сохта табиблар кўпаяётгани юзасидан муносабат билдирди. ССВ ахборот хизмати мутахассиснинг бу борадаги фикрларини жамоатчиликка тақдим этди.

Манбага кўра, Жамшид Мирраҳимов турли йўллар билан одамлар ишончига кириб, уларга юқоридаги каби «хизмат»ларни таклиф қилиб келаётган шахслар ҳақида қуйидагича муносабат билдирди:

«Ижтимоий тармоқлар бу каби шубҳали хизматларни кенг тарғиб қилувчи платформага айланиб қолди. Уларнинг асосий аудиторияси ҳам, мижозлари ҳам асосан оғир ҳаётий аҳволга тушиб қолган фуқароларимиз», дейди ССВ қошидаги Республика халқ табобати илмий-амалий маркази директори.

Унинг таъкидланишича, турли хасталиклардан тез, осон, асоратсиз, муҳими, табиий йўл ва уй шароитида халос бўлишни истаганлар «ғайритабиий қобилиятларга эга»лигини иддао қилаётган бундай кимсаларга мурожаат қилиб, алданиб қолмоқда.

Масалан, яқинда ижтимоий тармоқларда айрим касалликларни даволашда чувалчанг истеъмол қилиш фойдали эканлигини тарғиб қилувчи видеолавҳалар тарқалди. Унда халқ табобати билан шуғулланиш учун тегишли рухсатномага эга бўлмаган «табиб» томонидан одамларни ўз тавсияларига ишонтириш учун тирик ҳолатдаги чувалчангни истеъмол қилиб кўрсатиши акс этган.

«Аввало, бундай хатти-ҳаракат санитария ҳолатига зид. Қолаверса, ушбу «даволаш усули» табобатда ҳам, замонавий тиббиётда ҳам асосланмаган. Видеодаги жонзот ер чувалчанги ёки ёмғир чувалчанги деб аталади. У тупроқдаги ҳар хил паразит ва микроэлементлар билан организмга тушгач, турли хавфли касалликларни келтириб чиқариши мумкин.

Кейинги йилларда давлатимиз томонидан халқ табобати ривожига кенг йўл очилганидан фойдаланиб, шахсий манфаат илинжида сохта тавсиялар билан одамларни алдаш салбий асоратларни юзага келтиришини эслатиб ўтмоқчимиз», дейилади ССВ хабарида.

Қайд этилишича, мазкур масала бўйича қонунчиликка алоҳида жавобгарлик киритиш таклиф этилмоқда.

Маълумот учун, айни пайтда Ўзбекистонда 100 та тадбиркорлик субъектига халқ табобати йўналишида фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи тегишли лицензиялар берилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?