Сочи шаҳрида ўтказилган “АТОМЭКСПО-2024” халқаро атом форумида 4 500 иштирокчи қатнашди

“АТОМЭКСПО-2024” икки кунлик халқаро форуми Сочи шаҳридаги “Сириус” фан ва санъат паркида ўтказилди. Анъанага биноан, у ҳокимият вакиллари, жаҳон атом индустриясининг йирик корхоналари вакиллари ҳамда етакчи халқаро экспертларни бир ерга жамлади. Тадбир “Росатом” Давлат корпорацияси кўмагида бу сафар 13-марта бўлиб ўтди.
Анжуманда 4 500 дан ортиқ киши қатнашди. Улар 75 та мамлакатдан келган тадбиркорлар, давлат тузилмалари ва халқаро ташкилотларнинг ходимлари эди. Фахрий меҳмонлар қаторида Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ) бош директорининг ўринбосари Михаил Чудаков, Бутунжаҳон ядро ассоциацияси бош директори Сама Бильбао-и-Леон, соҳа бўйича вазирлар ва бошқа нуфузли иштирокчилар бор эди.
“АТОМЭКСПО-2024” нинг асосий мавзуи — реактор технологияларнинг тўртинчи авлоди ва бу соҳада Россиянинг етакчилиги масаласи.
“Росатом” Давлат корпорациясининг бош директори Алексей Лихачев ўз нутқида атом технологияларининг ривожини ҳеч нарса тўхтата олмаслигини айтиб ўтди. “АТОМЭКСПО-2024” унда қатнашган меҳмонлар ва делегациялар сони бўйича рекорд ўрнатди. Тадбирнинг яна бир муҳим жиҳати — Африка қитъасидан келган иштирокчиларнинг кўплиги бўлди. А. Лихачевнинг сўзларига кўра, у ерда атом технологияларини ривожлантириш учун улкан салоҳият мавжуд.

Алоҳида қайд этилишича, анжуман давомида фойдаланилган барча энергия манбалари углеродсиз — “яшил” бўлиб, тадбирнинг: “Тоза энергетика: келажакни биргаликда қуриш йўлида” деган шиорига ҳамоҳанг бўлди. Айнан шундай, ҳамкорликда биз экологик ва энергетик келажакни қура оламиз, деб хулоса қилди “Росатом” бош директори.
Атом энергияси бўйича халқаро агентлик бош директори Рафаэль Гросси айтиб ўтганидек, у Россия томонидан турли мамлакатлар — Туркия, Миср ва Бангладешда рўёбга чиқарилаётган лойиҳалар билан танишиш имконига эга бўлди. Бу халқаро миқёсдаги лойиҳалар бўлиб, улар инновацион технологиялар ривожига асослангандир. Нотиқ, шунингдек, МАГАТЭ соҳа бўйича муҳим тадбирларда доимо иштирок этишини, “АТОМЭКСПО” ҳам шулардан бири эканини айтиб ўтди.
Анжуманнинг очилиш маросими доирасида Россия Федерациясининг Томск вилояти билан тўғридан-тўғри уланиш ташкил этилди. Вилоятнинг Северск шаҳрида “Прорыв” (“Ёриб ўтиш”) лойиҳасини қуриш майдончаси жойлашган бўлиб, у IV авлод энергокомплекси сифатида дунё бўйича биринчисидир. Тўғридан-тўғри эфир орқали кузатиб турилганида, модулнинг фабрикацияси ва рефабрикацияси ядро ёқилғисини ишлаб чиқаришга техник жиҳатдан тайёр эканлиги тасдиқланди.
Тадбирнинг яна бир муҳим воқеаси ялпи сессия бўлиб, унинг мавзуси “Тоза энергетика: келажакни бирга қуриш учун”, деган шиор билан ҳамоҳангдир.
Унда Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ва ҳукумат раиси Михаил Мишустиннинг табриклари ўқиб эшиттирилди.
Айни вақтда атом технологияларининг ривожига халақит бераётган омиллардан бири — соҳанинг ўта сиёсийлаштирилганидир. Бу ҳақда гапирар экан, Венгрия ташқи иқтисодий алоқалар ва ташқи ишлар вазири Петер Сиярто шуни таъкидладики, энергетика бўйича баҳслар реал воқеликка асосланиши лозим. “Биз фақат илмий ва иқтисодий тадқиқот ҳамда мақсадларга таянишимиз лозим”, — деди у.
Анъанага кўра, “АТОМЭКСПО” доирасида муҳим ҳамкорлик келишувларни имзолаш маросимлари ҳам бўлиб ўтади. Форумнинг бутун тарихи давомида бундай келишувлар сони 500 тадан ортган, қиймати эса 63 миллиард долларга тенг.
“Росатом” Давлат корпорацияси бош директорининг биринчи ўринбосари Кирилл Комаров ўз чиқишида турли мамлакатларда, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам, ядро энергетикасини ривожлантириш учун илмий база нақадар муҳимлигини айтиб ўтди. Ўзбекистондаги биринчи АЭСни иккита “3+” авлод реактори базасида қуриш бўйича лойиҳа бир неча йилдан буён муҳокама қилинмоқда. Ва унинг сўзларига кўра, бу лойиҳани рўёбга чиқариш учун энг муҳим ишларни бажаришга эришилди.
— Бизнинг Ўзбекистондаги фаолиятимиз мутахассис тайёрлашдан бошланди. Тошкентда Миллий тадқиқот ядро университети (МИФИ) филиали очилди. Бу йил ушбу олийгоҳдан иккинчи битирувчилар чиқади. Яъни, Ўзбекистонда атом энергетикаси нима эканини биладиган ва бундай технологиялар билан шуғулланишга қодир ёшлар етишиб чиқяпти.

Қурилиши мўлжалланаётган атом станцияси ҳақидаги тафсилотлар ҳақида журналистларга сўзлаб берар экан, К. Комаров шуни таъкидладики, “Росатом”нинг мутахассислари станция қуриладиган майдончани синчиклаб ўргандилар, шунингдек, нафақат россиялик, балки бошқа мамлакатлардан келган олимлар билан ҳам энг мақбул ечимларни муҳокама қилишди. Мисол учун, Ўзбекистонда сув танқислигини ҳисобга олган ҳолда, анъанавий градирнялар, яъни буғ ҳосил қилувчи улкан қувурларни “қуруқ”ларига алмаштириш бўйича ечим ҳам топилди. Бунда Венгриялик атомчиларнинг муаллифлиги ҳақидаги қарор асос қилиб олинди.
— Ўзбекистондаги биринчи АЭС нафақат Россия лойиҳаси бўлади, унда яна Франция, Жанубий Корея ва бошқа давлатларнинг муҳандислари ҳам иштирок этишади, — деди Кирилл Комаров. — Биз лойиҳани чинакамига халқаро лойиҳа бўлиши учун кўпгина вариантлар топдик.
“Росатом” бош директорининг биринчи ўринбосари лойиҳани амалга оширишнинг бошланиш муддати ҳақида гапирар экан, шуни қайд этдики, бундай ҳолатларда аниқ муддатларни айтмасликка ҳаракат қилади. Негаки, бу ўта муҳим қарор бўлиб, Ўзбекистонда яқин юз йилга мўлжалланган муайян вазият ҳақида сўз бормоқда. Бундай ҳолатда барча майда масалаларни ҳам муҳокама қилиш учун қўшимча вақт керак бўлади. Шунингдек, у Давлат корпорацияси исталган вақтда лойиҳани бажаришга киришиш учун тайёр эканлигини билдирди.
Руслан КЕНЖАЕВ,
Михаил МИРЗАБЕКОВ,
«Народное слово» махсус мухбирлари.
Тошкент — Сочи — Тошкент
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
- «Leapmotor» Ўзбекистонда ўтказилган автомобиль тести натижаларидан норозилигини билдирди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг