Раҳмат Файзий хотирасига бағишланган «Ҳазрати инсон» кўргазмаси очилди

10:22 29 Октябр 2025 Маданият
379 0

Фото: Давронбек Эрназаров / «Халқ сўзи»

Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейида Ўзбекистон халқ ёзувчиси, кинодраматург ва жамоат арбоби Раҳмат Файзий ижоди ҳамда хотирасига бағишланган «Ҳазрати инсон» номли кўргазма ўз фаолиятини бошлади.

Фото: Давронбек Эрназаров / «Халқ сўзи»

1962 йилда режиссёр Шуҳрат Аббосов томонидан суратга олинган машҳур «Сен етим эмассан» фильми барчамизга яхши таниш, барчамиз уни севиб томоша қилганмиз. Ушбу фильмнинг сценарийси айнан Раҳмат Файзий қаламига мансуб.

Фото: Давронбек Эрназаров / «Халқ сўзи»

28 октябрь куни айнан ушбу ёзувчи хотирасига бағишланган «Ҳазрати инсон» номли кўргазманинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Фото: Давронбек Эрназаров / «Халқ сўзи»

Тадбир аввалида Раҳмат Файзийнинг ҳаёти ва ижодий фаолиятига бағишланган ҳужжатли фильм намойиш этилди. Шундан сўнг, маросим иштирокчилари ва таниқли ижодкорлар ёзувчи ҳақидаги илиқ хотираларини ўртоқлашди.

Фото: Давронбек Эрназаров / «Халқ сўзи»

Кўргазма залида ҳар бир бўлим алоҳида мавзуга бағишланган. Улардан бири — «Ҳазрати инсон» бўлими бўлиб, у ёзувчининг ўн бир йил давомида яратган шу номдаги романига атаб ташкил этилган. Қизиқ жиҳати шундаки, бу роман аслида «Сен етим эмассан» фильми сценарийсининг кенгайтирилган, роман шаклига келтирилган вариантидир.

Фото: Давронбек Эрназаров / «Халқ сўзи»

Маълумки, асарда Иккинчи жаҳон уруши йилларида етим қолган турли миллат болаларини ўз бағрига олган тошкентлик темирчи Шоаҳмад Шомаҳмудов ва унинг рафиқаси Баҳри Акрамова ҳаёти ҳикоя қилинади. Бу нафақат бир оиланинг таржимаи ҳоли, балки уруш йилларида оддий ўзбек халқининг инсонпарварлик ва меҳр-оқибат фазилатларини акс эттирувчи чинакам меҳр ва инсонийлик ёдномасидир.

Фото: Давронбек Эрназаров / «Халқ сўзи»

Бўлимда Шомаҳмудовлар оиласининг тарихий суратлари, Раҳмат Файзийнинг роман прототиплари билан тушган фотосуратлари, шунингдек, «Сен етим эмассан» фильмидан лавҳалар ва унинг оригинал афишаси намойиш этилган.

Фото: Давронбек Эрназаров / «Халқ сўзи»

Маълумот учун: фильм сценарийси 1963 йилда Франкфурт-Майнда ўтказилган халқаро кинофестивалда ҳамда 1964 йилда Ленинградда бўлиб ўтган Бутуниттифоқ кинофестивалида «Энг яхши сценарий» номинацияси бўйича мукофотларга сазовор бўлган.

Фото: Давронбек Эрназаров / «Халқ сўзи»

Кўргазма ташкилотчиларидан бири, ёзувчининг невараси, санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент, — Асалхон Раҳматуллаева бобосининг ижоди ҳақида шундай деди: «Бобомнинг ҳаёти ва ижодини ўрганар эканман, улар бутун бир диссертация мавзусига арзигулик ҳаёт йўлини босиб ўтганликларини англадим».

Фото: Давронбек Эрназаров / «Халқ сўзи»

Олий тоифали сухандон Насиба Иброҳимова эса Раҳмат Файзий билан боғлиқ хотираларини ёдга олиб, шундай дейди: «Телевидениеда ишлаган йилларимизда ёзувчи ва шоирлар билан кўрсатувлар тайёрлардик. Раҳмат Файзий камера ва микрофон олдидаги табиийлиги, самимийлиги билан бошқалардан ажралиб турарди. У киши билан суҳбат чоғида «жонли эфирдамиз» дейишнинг ҳожати қолмасди».

Фото: Давронбек Эрназаров / «Халқ сўзи»

У, шунингдек, ёзувчи асарларининг бугунги авлод учун аҳамияти ҳақида тўхталар экан, қуйидагича фикр билдирди:

— Раҳмат Файзий барча асарларида инсонийликни улуғлаган. Ахир, қайси инсонни «ҳазрати» деймиз? Бу атамани Раҳмат ака ўзлари кашф қилганлар. Бугун орадан йиллар ўтсада, «ҳазрати инсон» деган сўзни биз энг юксак маънода ишлатамиз. Бу — у киши ишлатган биргина сўзининг мисоли, холос.

Машҳура Алимардон, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер