Собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитовга ҳукм ўқилди

19:01 15 Сентябр 2025 Жамият
182 0

Бугун, 15 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди томонидан собиқ Қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов ва бошқаларга (умумий 62 киши) оид жиноят ишини биринчи инстанцияда кўриб чиқиш бўйича суд жараёни тугаб, суд ҳукми эълон қилинди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Абидов хабар берди.

Маълум қилинишича, суд ҳукми билан А. Воитов Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми «а» банди ва бошқа моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган.

Собиқ вазирга нисбатан етказилган моддий зарарнинг ўрни тўлиқ қопланганлиги сабабли 3 йил муддатга бошқарув тизими, раҳбарлик ва мансабдорлик ҳамда моддий жавобгарлик лавозимларини эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилган тарзда базавий ҳисоблаш миқдорининг 400 баравари миқдорида жарима ва ҳар ойлик иш ҳақининг 30 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.

«Жиноят кодексининг 167-моддаси 4-қисмида етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмаслиги белгиланган. Шу боис, суднинг ҳукми билан жиноят бўйича етказилган зарар суд жараёни давомида тўлиқ қопланганлиги сабабли А. Воитовга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланиб, депозит ҳисоб рақамига тўланган пуллар давлат фойдасига ўтказилиши белгиланган», деб ёзади Олий суд матбуот котиби.

Шунингдек, мазкур суд иши доирасида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлиги директори лавозимида ишлаган Х.Каримовга Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан 3 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларни эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 8 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Қолган 60 нафар судланувчига қилмишига мувофиқ равишда тегишли жазолар, хусусан, 9 нафарига озодликдан маҳрум қилиш, 51 нафарига эса озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар берилган.

Таъкидланишича, биринчи инстанция судининг ҳукми устидан тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция/кассация тартибида шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақли бўлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?