Сиз ўзингиз фойдаланаётган газ баллонни қачон техник кўрикдан ўтказиш кераклигини биласизми?

14:48 31 Июль 2025 Жамият
167 0

Бугун табиий газ етишмаган маҳалла ва қишлоқлар аҳолиси рўзғорида маиший газ баллонларидан фойдаланишади. Ҳудудий газ таъминоти бўлимлари томонидан ҳар 40 – 45 кунда кўчама-кўча юриб, аҳолига газ баллони тарқатиб чиқишади.

Тўғриси, бугунги кунда “маиший газ баллон жумраги яхши буралмаяпти, баллондаги газ 10 кунга ҳам етмайди, гази кам тўлдирилибди, баллоннинг ўзи носоз экан” қабилидаги саволлар билан мурожаат қилувчилар анчагина. Хўш, аслида тарқатилган газ баллонларининг соз ёки носозлиги учун ким масъул? Газ баллонларининг қачон техник кўрик ва синовдан ўтказилганини қандай билиш мумкин? Носоз газ баллон қайтариб олингач, созланмасдан яна бировга бориб қолишига ким кафолат беради?

— Аҳолига тарқатилган маиший газ баллонларида носозлик аниқланса, уни фақатгина ҳудудий газ тўлдириш шохобчаларида жойлашган таъмирлаш ва синовдан ўтказиш цехларидагина камчиликни бартараф этиш мумкин, — дейди “Ҳудудгаз Самарқанд” газ таъминоти филиали суюлтирилган газ бўлими бошлиғи Маъруф Пардаев. — Ўзбошимчалик билан уни синган ёки ёрилган қисмларини пайвандлаш, созлаш ёки мурватларини алмаштиришлари мумкин эмас. Бу вазифани фақатгина синов цехларидаги малакали техник мутахассислар томонидан амалга оширилади.

“Ҳудудгазтаъминот” АЖ “Ҳудудгаз Самарқанд”газ таъминоти филиали қошида 6 та маиший газ баллонларни таъмирлаш ва синовдан ўтказиш цехлари фаолият олиб боради. Улар мунтазам синов муддати келган ёки таъмирталаб бўлиб қолган маиший газ баллонларини таъмирлаб ва катта босим остида техник синовдан ўтказишади.

Маълумотларга кўра, жорий йилнинг ўтган ярим йиллигида вилоят бўйича 40 мингтага яқин маиший газ балонлари таъмирланиб, синовдан ўтказилиб, қарийб 26 минг дона жумраклар алмаштирилган.

Ҳозирда вилоят аҳолисининг ихтиёрида 26 мингдан ошиқ шахсий газ баллон бўлиб, улар ҳам ҳудудий газ таъминоти бўлимлари томонидан айланма тара асосида тўлдирилади.

Каттақўрғон газ тўлдириш шохобчасида жойлашган 5 та газ сиғимларида 42,5 тонна табиий газ сақланади. Туман аҳолиси ихтиёрида 39 мингга яқин маиший газ баллонлари бўлиб, уларга кунига 23 тонна газ жойлаб жўнатилади. Ўтган йили корхоналардан икки хил сиғимдаги 70 та янги баллон қабул қилиб олинган. Ҳар ойда мингта янги жўмрак янгиланади.

— Жорий йилнинг ўзида 7 мингтага яқин газ баллонларини таъмирлаб синовдан ўтказдик, — дейди шохобча раҳбари Алижон Саидов. — Кунига 50-60 та баллон кўздан кечирилиб, носозлари таъмирланади ва 20 атмосфера босим сув билан синовдан ўтказилади. Бузуқ жўмраклар янгисига алмаштирилади. Синовдан ўтказилганлиги билдирувчи тамға урилиб, рангланади. Ва яна газ қуйилиб, машиналарда аҳолига жўнатилади. Шохобчада 5 та газ тўлдириш ва 2 та оғир қолдиқ тўкиш ускунаси, 7 та махсус баллон тарқатувчи юк машинаси бор.

Бироқ хусусий газ қуйиш шохобчаларида бундай имкониятлар йўқ. Туман аҳолисига “Шуҳрат Мундиён глобаль сервис” МЧЖ томонидан ҳам баллонларга газ қуйиш хизмати кўрсатилди. Ойига 200 тонна газ тарқатувчи мазкур хусусий корхонада маиший газ баллонлар таъмирланиб, синовдан ўтказилмайди. Мазкур корхонада махсус синовдан ўтказиш ва таъмирлаш цехи йўқ. Нафақат корхона ишчиларнинг балки, аҳолининг ҳам хавфсизлигини таъминлаш кўзда тутилмаган. Бу каби камчиликлар барча хусусий корхоналарда учрайди.

Ахир, ўта хавфли бўлган газ тўлдирилган баллонларни ишлатишда йўл қўйилган салгина эҳтиётсизлик катта фалокатни келтириб чиқариши мумкин. Бунинг учун соҳа масъуллари хусусий корхоналар билан газ қуйиш хизмати учун шартнома тузишда шу жиҳатга алоҳида эътибор қаратишлари керак. Чунки, инсон ҳаёти ҳамма нарсадан устун.

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ

“Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?