Сиёсий фанлар доктори Бахтиёр Омоновнинг “Сиёсий маданият ва мафкура” ҳамда “Ёшлар сиёсий маданияти” номли китоблари нашр этилди

10:55 31 Декабрь 2025 Жамият
137 0

Фуқароларнинг сиёсий онги, маданияти ва фаол фуқаролик позициясини юксалтириш жамият тараққиётининг муҳим омилидир. Давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномасида таъкидланганидек, Янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёни фақат иқтисодий ислоҳотлар билан чекланмай, аввало инсон онги ва тафаккуридаги ўзгаришларга таянади. Бу эса ҳар бир фуқаронинг, айниқса, ёш авлоднинг сиёсий билим ва маданиятини изчил ривожлантиришни тақозо этади.

Шундай экан, Тошкентдаги “Dilbarjin” нашриётида Ўзбекистон миллий университети профессори, сиёсий фанлар доктори Бахтиёр Омоновнинг “Сиёсий маданият ва мафкура” ҳамда “Ёшлар сиёсий маданияти” номли китобларининг нашр этилиши айни муддао бўлди.

Муаллифнинг “Сиёсий маданият ва мафкура” номли ўқув қўлланмаси давлат таълим стандартлари ва фан дастурлари асосида тайёрланган бўлиб, унда замонавий жамиятни англашда муҳим аҳамиятга эга бўлган сиёсий маданият, сиёсий онг ва мафкура тушунчаларининг назарий-методологик асослари кенг ёритилган. Асарда мазкур тушунчаларнинг шаклланиш тарихи, ривожланиш босқичлари ҳамда жамият ҳаётида тутган ўрни илмий таҳлил этилган.

Қўлланмада сиёсий маданиятнинг таркибий элементлари — сиёсий мафкура, сиёсий тафаккур, сиёсий хулқ-атвор, сиёсий кайфият ва сиёсий қадриятларнинг мазмун-моҳияти очиб берилган. Шу билан бирга, уларни шакллантирувчи омиллар, сиёсий онг ва маданиятнинг асосий функциялари, жамиятдаги ижтимоий-сиёсий жараёнлар билан ўзаро алоқалари изчил баён қилинган.

Муаллиф мафкуравий жараёнларга алоҳида тўхталиб, либерализм, консерватизм, социал-демократия каби сиёсий мафкура моделларини қиёсий таҳлил қилади. Асарда сиёсий маданиятнинг миллий ўзликни англаш, сиёсий етакчилик ва жамият барқарорлиги билан боғлиқ жиҳатлари ҳам илмий асосда ёритилган.

Шу маънода, ушбу ўқув қўлланма фуқароларни, хусусан ёшларни жамият, сиёсат ва иқтисод соҳаларида кечаётган жараёнларни онгли англашга, мамлакат ислоҳотларида фаол иштирок этишга ундайди. Бу эса Президент Мурожаатномаларида белгилаб берилган фаол фуқаролик жамиятини шакллантириш ғоялари билан уйғунлик касб этади.

Бахтиёр Омоновнинг “Ёшлар сиёсий маданияти” номли китоби эса замонавий глобаллашув шароитида ёш авлоднинг сиёсий фаоллиги ва масъулиятини ошириш масалаларига бағишланган. Асарда ёшлар сиёсий маданиятини такомиллаштириш механизмлари, уларда ижтимоий ва инновацион фаолликни кучайтириш омиллари чуқур таҳлил қилинган.

Муаллиф ҳар икки асарда ҳам миллий ва хорижий тажрибаларни қиёсий ўрганиш асосида илмий хулосалар чиқаради, жамият тараққиётига тўсқинлик қилаётган муаммоларни ҳал этишга қаратилган амалий таклиф ва тавсияларни илгари суради.

Қайд этиш жоизки, мазкур китобларга Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети кафедра мудири, сиёсий фанлар доктори, профессор М.Қирғизбоев, Ўзбекистон миллий университети кафедра мудири, сиёсий фанлар доктори, профессор И.Эргашев ҳамда Тошкент кимё-технология университети профессори, фалсафа фанлари доктори С.Отамуратов томонидан илмий тақризлар берилган. Асарлар Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институтининг илмий-тадқиқот ишлари режасига мувофиқ тайёрланган ва нашрга тавсия этилган.

Ушбу ўқув қўлланма ва рисолалар талабалар, магистрлар, таянч докторантлар, изланувчилар, профессор-ўқитувчилар ҳамда кенг жамоатчилик учун мўлжалланган бўлиб, мамлакатимизда сиёсий онг ва маданиятни юксалтиришга хизмат қилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?