Сирдарёда давлат тиббий суғуртасининг беморларга  қандай нафи тегмоқда?

10:37 10 Ноябрь 2022 Жамият
792 0

Фото: Халқ сўзи

Сирдарёда жорий йилнинг ўтган даврида давлат тиббий суғуртаси ёрдами билан, имтиёзли тоифага кирувчи 66 нафар фуқарода юрак коронар қон-томирлари билан боғлиқ юқори технологик жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли бажарилди. Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси матбуот хизмати маълумотида келтирилишича, ушбу амалиётлар Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Сирдарё вилоят минтақавий филиалида сирдарёлик эндоваскуляр хирурглар томонидан амалга оширилди.

— Харажатлар давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилди, — дейди мазкур жамғарманинг Сирдарё вилояти ҳудудий бўлими бош мутахассиси Дилором Эргашева.

Айтиш ўринлики, аввал пойтахт ёки хорижда бажарилган, кўп харажат талаб этадиган, юрак қон-томир, кўз ва инсоннинг бошқа аъзолари билан боғлиқ юқори технологик жарроҳлик амалиётлари Президентимизнинг 2020 йил 12 ноябрдаги «Соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини Сирдарё вилоятида жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори, унда белгиланган вазифалар ижроси доирасида Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги қатор даволаш муассасаларида йўлга қўйилди.

Натижада кўп вақт ва маблағ сарфлаб узоққа боришга ҳожат қолмади. Қолаверса, давлат тиббий суғуртаси тизими жорий этилиши натижасида ижтимоий аҳволи оғир, имконияти йўқ фуқаролар жамғарма ёрдами билан оғир асоратли, каттагина маблағни талаб этувчи касалликлардан юқори технологик жарроҳлик амалиётларидан сўнг тез ва осон, харажатсиз фориғ бўлмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази Сирдарё филиалида жамғарма ёрдами билан 400 га яқин фуқарода ана шундай жарроҳлик амалиёти ўтказилган бўлса, Гулистон тиббиёт кластернинг невратравматология бўлимида Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази малакали мутахассислари билан устоз-шогирд анъаналари асосида чаноқ - сон суягининг емирилиши билан боғлиқ эндопротезлаш амалиётлари бажарилмоқда. Бажарилган ишлар, кўрсатилган хизматлар Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси мутахассислари томонидан мониторинг қилиниб, харажатлар жамғарма маблағлари ҳисобидан қоплаб берилмоқда.

Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ,  «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?