Сирдарёда бўш ерлар ҳисобига 3638 гектар боғ яратилади

Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ/«Халқ сўзи». Тўқсонинчи йилларда юртимизга келган хорижликлардан бири зовурлар, дала четларидаги бўш ерларни кўриб, ҳайратланган ҳолда «Эҳ-ҳе, сизларда ҳали фойдаланилмаётган майдонлар кўп экан. Бизда экин майдонлари тақчиллигидан том устида ҳам дарахт ўстирилади», деган экан.
Бугун ўша далалар ва йўллар, коллекторлар атрофидаги узоқ йиллардан буён ўт-ўлан босиб ё тақир бўлиб ётган ерлар саховатли майдонларга айлантирилмоқда. Бу ишлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 30 декабрдаги «Қишлоқ хўжалиги майдонларидаги қўшимча имкониятлардан фойдаланган ҳолда маҳсулот етиштиришни кўпайтиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида белгилаб берилган вазифалар асосида олиб борилаётир.
— Мамлакат озиқ-овқат захирасини таъминлашда ҳар қарич ер муҳим аҳамиятга эга, — дейди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Сирдарё вилояти бошқармаси бошлиғи Нурали Шодиев. – Яъни увол қилмай, ундан унумли фойдалансак, шукрки, еримиз саховатли: мўл-кўл ҳосил беради, бозорларимиз янада сероб бўлади. Дала четлари ҳамда каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофидаги майдонларда ҳамда аҳоли томорқаси, хонадонлар ва кўп қаватли уйлар олди, маҳалланинг ички кўчалари четида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш бўйича белгиланган вазифалар ҳам айни эзгу мақсадга қаратилгандир. Айни пайтда Сирдарё вилоятида ана шундай ерлар учун ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитига мос уруғ ва кўчатлар танлаб олиниб, тавсиялар берилди. Бунда, албатта, дала четларидаги каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофидаги майдонларда мақбул экинлар экилишини ёки тут кўчатлари ўтқазилишини таъминлаш, асосий экинларнинг ривожланишига салбий таъсири бўлмаган ҳолларда боғлар ва токзорларнинг қатор ораларига (интенсив боғлар бундан мустасно) даромад келтириши мумкин бўлган мақбул экинлар экилиши таъминланади.
Маълум қилинишича, Сирдарё вилоятида 2025 йилда 4833 та фермер хўжаликлари ва бошқа ердан фойдаланувчилари далалари четида олча, олхўри, беҳи, ток, жийда, тут кўчатлари экиш белгиланган. Жами 3638 гектар ерда янги боғлар пайдо бўлади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Саудия Арабистонида «Ўзбекистон маданияти кунлари» давом этмоқда
- Тошкентда «Ўзбеккосмос» ва «NASA» агентликлари ҳамкорлигида «NASA Space Apps Challenge 2025» Ҳакатон тадбири ўтказилмоқда
- Супер ой: Бугун Ернинг табиий йўлдоши одатдагидан анча катта кўринмоқда
- Туман ва шаҳар ҳокими ўринбосарлари сони қисқартирилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг