Сирдарёда байрам ҳазрат Алишер Навоий хотирасига эҳтиром кўрсатишдан бошланди

15:42 21 Октябр 2024 Жамият
129 0

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ/«Халқ сўзи». Сирдарё вилоятидаги барча туман-шаҳарлар, ўқув муассасалари, корхона, ташкилотлар, маҳаллаларда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 35 йиллигига бағишланган тадбирлар ўтказилмоқда. Гулистон шаҳрида бўлиб ўтган тантана ҳар йилги анъанага кўра шаҳарнинг «Билимдонлар маскани» майдонидаги ҳазрат Алишер Навоий ҳайкали пойига гуллар қўйиб, буюк шоиримиз хотирасига ҳурмат-эҳтиром кўрсатишдан бошланди.

Маънавий-маърифий тадбирда вилоят ҳокимлиги, турли меҳнат жамоалари, олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, талаба-ёшлар, миллий маданий марказлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Вилоят мусиқали драма театрида давом этган байрам тантанасида вилоят ҳокими Акмалжон Махмудалиев сўзга чиқиб, барчани Ўзбек тили байрами билан табриклади.

Байрам тадбирида она тилимизни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар янгради, шеърлар ўқилди. Шунингдек, театрлаштирилган саҳна кўринишлари, миллий рақслар байрамга ўзгача шукуҳ бағишлади.

— Она тилимизни эъзозлаш — Ватанни эъзозлаш дегани, — дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Алишер Нур. — Шу маънода тилимизга давлат тили мақоми берилган кун Ўзбек тили байрами сифатида кенг тантана қилинишидан қанча фахрлансак, ғурурлансак арзийди. Бу, албатта, она тилимизга бўлган юксак эҳтиром ифодасидир.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер