Шукр ва ношукрлик ораси

22:29 23 Май 2024 Сиёсат
1256 0

Архив сурат

Сиёсатшунос Қудратилла Рафиқовнинг «Халқ сўзи» газетасида эълон қилинган «Шавкат Мирзиёев: Мен умримни шу халққа тикканман!» номли мақоласини ўқиб, кўнглимдан ўтган ўйлар…

Мен ҳаётнинг пасту баландини, оғир-енгилини, синов-имтиҳонларини кўрган одамман.

Даврларни, йилларни, тузумларни, раҳбарларни фаолиятини солиштиришга, фикр билдиришга озми-кўпми маънавий ҳаққим бор, деб ўйлайман.

Бугун бизга энг етишмаётган туйғу бу — менинг назаримда шукроналикдир.

Янгиланаётган Ўзбекистон, тикланган қадримиз, қаддимиз, давлат ва халқ бирлиги, инсон ҳуқуқларининг таъминланиши, сўз эркинлиги, эътиқод эркинлиги, озод инсон туйғусини туйганимиз, тинч ва осойишта ҳаётимиз, бартараф этилаётган муаммолар, фаровон ҳаётимиз учун шукр қилишимиз керак.

Мен ҳаётимни шартли равишда уч даврга бўламан. Бу шўролар даври, мустақиллигимизнинг дастлабки чорак асрлик даври ва 2016 йилдан кейинги давр.

Совет даври тушунарли. Эркимиз ўз қўлимизда эмасди. Мустабид тузумнинг барча талабларига сўзсиз бўйсунишга мажбур эдик. Ҳамма иш марказдан бошқарилар, итоат этмаганлар аёвсиз қатағон қилинарди. Бу қисматга кўнишдан бошқа чора йўқ эди.

Лекин 1991 йил Ўзбекистон мустақил бўлгандан кейин халқимизда жуда катта умид пайдо бўлди. Бир икки йилда барча қийинчиликлар ортда қолишига чин дилимиздан ишондик.

Мен ярим асрдан кўпроқ вақт давомида олий таълим соҳасида ишлаб келаётган домла сифатида шуни афсус билан айтмоқчиманки, мустақиллик ҳам талабани, профессор-ўқитувчини, шифокорни, муаллимни, мурғак мактаб ўқувчисини бўйнидаги бўйинтуруқ пахта қуллигидан озод қилолмади.

Болалар ва аёлларни мажбурий меҳнатдан қутқазолмади. Азоб-уқубат жон-жонимиздан ўтиб кетса-да сукут сақлардик. Хорликка, камситилишга қаршилик қилолмас эдик.

Пахта ҳукмронлиги худди собиқ иттифоқ давридагидек давом этарди…

Шу ўринда бир мисолга эътиборингизни қаратмоқчиман. Каттақўрғон туманидаги 17-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Шерзод Аширбоев куни кеча Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган халқаро математика олимпиадасида 2-ўринни олиб, кумуш медални қўлга киритди. Мазкур мактаб ва СамДУ ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилган. Мактаб директори Ҳақиқат Ҳамроевани ўқувчисининг ютуғи билан табриклашганида у қуйидагиларни айтди:

«Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жасорати билан бугун муаллимнинг қадри юксалди. Маоши бир-неча баробар ошди. Маоши камлигидан ўқитувчиликни ташлаб кетган эркак муаллимлар ҳам бугун мактабга қайтди. Мажбурий меҳнатдан бутунлай қутулдик. Эслагим келмаса-да сабоқ маъносида айтмоқчиман. Ўзбекистонда 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни байрами ҳисобланади. Биз муаллимлар бу байрамни то 2016 йилгача пахта даласида кутиб олардик. Белгиланган режани бажармасак ўша куни ҳам ҳақорат эшитардик. Ҳеч ёдимдан чиқмайди. Ўшанда ҳеч ким бир-бирини байрам билан қутламасди. Совуқда дилдираб пахта терар эдик. Муаллимнинг қилмаган иши, кирмаган кўчаси қолмаганди. Бугунчи? Мактабдан, ўқиш ўқитишдан бошқа ишимиз йўқ. Шунинг учун ҳам оддий қишлоқ боласи халқаро олимпиада ғолиби бўлди…»

Ҳа муаллим ҳақ.

Фақат 2016 йилга келиб, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қатъий сиёсий иродаси билан мана шу бўйинтуруқ бутунлай тарих қаърига улоқтирилди.

Мен санаб ўтган соҳа ходимлари учун ҳақиқий мустақиллик мана шундан кейин бошланди, дейишга бугун тўла асосларим бор.

Гарчи одамлардан яширилса-да пахта йиғим-терими даврида талабалар турли касалликларга дучор бўлар, домлаларимиз бор азобни кўрарди. Энг даҳшатлиси, болаларимизнинг умри пахта далаларида ўтарди. Шунинг учун ҳам саводсизлик авж олганди. Бугун ҳам ўша хатоларнинг жабрини тортаётганимиз бор гап.

АҚШнинг 16-президенти Авраам Линкольн 1862 йилда «Озодлик тўғрисидаги пракламация»ни имзолайди. Ушбу ҳужжатга мувофиқ қулларни 1863 йилнинг 1 январидан бошлаб озод қилиш, авф этиш белгилаб қўйилган эди. Линкольн пракламацияга қўл қўя туриб, бундай деган эди:

«Вақти келиб менинг номим тарихга ёзиладиган бўлса, фақат шу ишим учун ёзилади. Чунки мен бутун қалбимни қулларни озод қилишга бағишлаганман»…

Аслида тарихий хизмат деган тушунча оддий тушунча эмас. У ҳар кимга нисбатан ҳам айтилавермайди.

Мен Президент Шавкат Мирзиёевда халқни яхши кўриш, тушуниш, англаш туйғулари мустаҳкамлигига жуда кўп бора гувоҳ бўлганман. Бугун бўлаётган барча эзгу ишларда айнан мана шу туйғу бор бўйича намоён бўлмоқда.

Халқини яхши кўрмаган инсон, халқидан куч-қувват олмаган инсон бундай буюк ишларга қодир бўлмайди.

Бир ўйлаб кўринг. Қачон тиббиёт бугунгидай халққа яқинлаштирилган? Қачон таълим бугунгидай инсонпарварликка, гуманизмга йўғрилган? Қачон раҳбарлар қишлоқма-қишлоқ, уйма-уй юрган? Қачон олий таълим бугунгидай шаффоф, қамрови кенг бўлган?

Ҳеч қачон.

Сиёсатшунос Қудратилла Рафиқов ўз мақоласида профессор-ўқитувчиларнинг ойлик маошига ҳам тўхталиб ўтган.

Мустақиллигимизнинг 25 йили давомида энг хор бўлган тоифа бу домлалар бўлди. Улар ҳар томонлама сиқувга олинди. Маош камлиги бир бало бўлса, ҳар йили келадиган штат қисқаришлари минг бало бўлди. Илм аҳли аёвсиз кўчага улоқтирилди. Пенсияга чиқишга мажбурланди.

Олимлар нафақат моддий балки, маънавий жиҳатдан ҳам таҳқирланди. Илмий изланишлар тўхтади. Илм аҳлининг четга чиқиб кетиши ортди. Кун кўриш учун турли юмушларни қилишга мажбурланди… Қайси бирини айтай.

Самарқанд давлат университети мисолида қарайдиган бўлсак, 2016 йилгача профессор зўр-баъзўр 2000000 (икки миллион) сўм маош олар эди.

Бугунчи?

Самарқанд давлат университетида шундай профессорларимиз борки, устама ва грантлардаги иштироки учун 25 000 000 (йигирма беш миллион) сўмгача маош олмоқда.

Бундан ташқари чет элларга докторантура, стажировка, хизмат сафарларига бориш, халқаро анжуманларда иштирок этиш, халқаро грантларда қатнашиш бир-неча ўн баробарга ортганини алоҳида таъкидлашни истайман.

Йўқ эди. Бор бўлди. Шукр қилишимиз керак эмасми?

Мақола муаллифи тўғри эътироз билдирганидек айниқса, зиёлилар бу борада барчага ўрнак бўлиши керак.

Бугунги кунларнинг қадрига етиш, ношукур бўлмаслик, инсоф ва диёнатни ўртага қўйиб гапириш керак.

Нимани қилсанг хор, ўшанга бўласан зор…

Аллоҳ асрасин. Мен оғир кунлар қайтишини истамайман. Рўшнолик кўраётган халқимиз бугунги кунларни қадрига етишига, Президентимиз меҳнатларни эъзозлашига ишонаман.

Ҳа шукр билан ношукрликнинг ораси жуда яқин…
Рустам ХОЛМУРОДОВ,
Самарқанд давлат университети ректори,
Ўзбекистон Республикаси фан арбоби,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?