Шонли йўлдан сўзловчи китоб
Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида «Маърифат» газетасининг 90 йиллиги муносабати билан чоп этилган «Меҳр ва маҳорат мактаби» китоби тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирда Халқ талими вазирлиги мутасаддилари, таниқли журналистлар, талабалар, кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.
Сўзга чиққанлар «Маърифат» газетасининг тарихи ва ҳозирги куни ҳақида фикр юритди. «Меҳр ва маҳорат мактаби» китобида босиб ўтилган шонли йўлнинг ўзига хос қирралари, нашрнинг халқимизга маърифат улашишдаги ўрни ва аҳамияти зиёлилар, ижодкорлар томонидан жонли хотиралар, фикр-мулоҳазалар асосида очиб берилгани таъкидланди.
— «Меҳр ва маҳорат мактаби» китоби тўрт бобдан иборат бўлиб, «Маърифатли устозлар» деб аталган биринчи бобида газетамизда фаолият юритган устозлар хотиралари, тилаклари жамланган, — дейди газета бош муҳаррири Ҳусан Нишонов, — «Халқ зиёлилари газетаси» деб аталган иккинчи боб узоқ йиллардан бери ҳамкорлик қилиб келаётган таниқли олимлар ва фаол ўқитувчиларнинг газета ҳаёти билан боғлиқ фикрларидан иборат. «Ҳаммамиз «Маърифатданмиз», «Маърифат» маҳорат мактаби» бобларидан эса таҳририятда фаолият юритган таниқли журналистлар ва газета қошида ташкил этилган маҳорат мактаби тингловчиларининг мақолалари ўрин олган.
Таъкидланганидек, «Маърифат» жамоаси ўз овози, ўз сўзи билан жамиятни, кенг жамоатчиликни оламга теран нигоҳ билан боқиш, ҳар бир амални илм, тажриба, машварат билан бажаришга тарғиб этиш, тарбияни таълим, таълимни тарбиянинг ўқ илдизларига айлантиришдек муҳим вазифани адо этиш йўлида тер тўкиб келмоқда. Бу залворли меҳнат, айниқса, ёш авлод онгу шуурига яратувчанлик, бунёдкорлик, масъулият ва бурч, одамийлик каби фазилатларни жо этаётгани билан қимматлидир.
Тақдимот якунида ҳар бир иштирокчига «Меҳр ва маҳорат мактаби» китоби ҳадя этилди.
Раҳматжон БОБОЖОНОВ, «Халқ сўзи»
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Комилжонов Мухаммадсолиҳ Собиржон ўғлининг “Сaломaтлик лaндшaфтлaрини тaшкил этиш тaмойиллaрини ишлaб чиқиш” мавзусидаги (архитектура фанлари бўйича) фалсафа доктори (PhD) диссертациясининг ҳимояси эълони
- Дўстлик ва ҳамкорликни кенгайтирган форум (+фоторепортаж)
- Наманган – янгиланиш ва гўзаллик шаҳри
- Ўзбекистон ёки Миср. Қайси терма жамоа кучли?
- Янгиланаётган Марказий Осиё: бирлик, дўстлик ва ҳамкорликнинг янги босқичи
- Президент матбуот котиби Шерзод Асадов Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг ОАВ эркинлиги бўйича вакили Ян Брату билан учрашув ўтказди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг