«Шомирза»да янги стадион қачон қурилади?

15:01 14 Июль 2022 Жамият
336 0

Фото: Халқ сўзи

Фарғона вилояти Қўштепа туманидаги «Шомирза» МФЙда жойлашган 23-умумий ўрта таълим мактабининг алмисоқдан қолган эски стадионида машғулотлар олиб борган «Зарнигор» чим устида хоккей қизлар жамоаси ҳақида эшитганмисиз?

Мустақиллик йилларида чим устида хоккей бўйича Ўзбекистон чемпионати ва кубоги ўйинларининг мунтазам иштирокчиси бўлган ушбу жамоа 16 марта мамлакат чемпиони бўлди. Кейинги ўн йилда жамоа аъзолари республика ва халқаро мусобақаларда 450 га яқин медалларни қўлга киритди, Ўзбекистон ёшлар, ўсмирлар ва миллий терма жамоаларига 50 нафардан зиёд маҳоратли ўйинчилар етказиб берди. Қўлга киритилган ютуқлар туфайли жамоанинг юздан зиёд қизлари имтиёзли равишда мамлакатимиз олий таълим муассасаларида таҳсил олди.

Ўзбекистон терма жамоаси 2018 йили Сингапурда, 2019 йили Малайзияда бўлиб ўтган Осиё қитъаси мусобақаларида ғолиблар сафидан ўрин эгаллашида «Зарнигор»дан жалб этилган қизларнинг ҳам муносиб ўрни бор. Шу йилнинг 6-15 июнь кунлари Индонезиянинг Жакарта шаҳрида ташкил этилган саралаш баҳсларида қитъанинг ўнга яқин давлатлари ичида муваффақиятли қатнашган миллий терма жамоамиз жорий йилнинг 10-26 сентябрь кунлари ўтказиладиган Осиё ўйинларининг финал босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Саралаш баҳсларида «Зарнигор»нинг 17 ёшли икки нафар аъзоси — Нодира Жўраева ва Феруза Қўзибоевалар ўз маҳоратларини кўрсатдилар.

Айни пайтда қарийб 300 нафар (уларнинг 60 нафарга яқини ўғил болалар) ёшлардан таркиб топган жамоанинг ўта ночор аҳволда машғулотлар ўтказиши, стадион қурилиши масаласи бир неча йиллардан буён пайсалга солинаётгани эса ачинарлидир.

Харажатлар – мураббийлар чўнтагидан

Фарғона вилояти чим устида хоккей федерацияси ижрочи директори Абдуҳамид Ваҳобовнинг маълум қилишича, ҳозирги кунда «Зарнигор»да 12 нафар мураббий фаолият кўрсатмоқда.

Атрофи очиқлиги учун маҳаллий аҳоли мол-қўй боқадиган, ўнқир-чўнқир, ажриқ босган стадионда замонавий кийиниш-ечиниш хоналари, иссиқ ва совуқ сув, тунги ёритиш чироқлари, махсус кийимлар ва жиҳозлар, томошабинлар учун ўриндиқлар муаммоси ҳақида гапириш ортиқча. Мусобақалар ташкил этиш, таклиф этилган турнирларга бориб-келиш учун ҳомий излаш масаласи мураббийлар учун яна бир бош оғриғи ҳисобланади.

— 2021 йили 6 та мусобақада иштирок этиб, мураббийларимиз ўз чўнтагидан сарфлаган 43 миллион сўмни, жорий йилнинг ўтган даврида 4 та мусобақада қатнашганимиз учун кетган харажатнинг пулини ҳалигача ололганимиз йўқ, — дейди 77 ёшли спорт фидойиси Абдуҳамид Ваҳобов. — Энг ёмони, мутасаддиларнинг ваъдасига ишонган мураббийларимиздан бири йўлкира, овқатланиш харажатларини уй олиш учун йиғиб юрган пулидан ишлатиб турган эди.

Халқаро спорт устаси Андрей Ким, спорт усталари Олимжон Ваҳобов, Адолат Ваҳобова, Одина Умаржонова сингари мураббийлар ўз ишининг фидойилари. Аммо улар ҳам йиллар давомида қуруқ гап-сўз, ёлғон ваъдаларни эшитавериб, чарчашди.

— Афсуски, ғолиб спортчиларимизни бошқа спорт турлари каби рағбатлантиришмайди,— дейди бу мураббийлар. — Мисол учун, яқинда икки нафар қизимиз — Нодира Жўраева ва Феруза Қўзибоева чим устида хоккей бўйича Ўзбекистон терма жамоаси сафида Осиё ўйинлари финал босқичига йўлланмани қўлга киритди. Туман ёки вилоят ҳокимлигидан бирорта мутасадди раҳбар келиб, рағбатлантирмади.

Мураббийлар, спортчиларга айнан шуниси алам қилади, бундай эътиборсизлик сабабини тушуна олмайдилар.

Ҳолва деган билан оғиз чучимас

Тўғри, юртимизда чим устида хоккей спортнинг футбол, бокс, кураш, енгил атлетика турлари каби оммавий эмас. Лекин Фарғона вилоятининг Қўштепа, Ёзёвон ва Қува туманида ушбу спорт тури анчайин ривожланган. Собиқ иттифоқ чемпиони, фахрий спортчи Муборак Исақова Тошлоқ туманида ҳам ушбу спорт турига ёшларни кенг жалб этиш ҳаракатида юрибди. Аммо Муборак опани ҳам шароит ночорлиги ва моддий-техник база йўқлиги ўйлантириб қўймоқда.

Бу соҳа фидойиларининг мурожаатлари асосида Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров 2021 йилнинг сўнгги кунлари «Шомирза» МФЙдаги мазкур стадионда бўлиб, мураббий ва спортчилар билан суҳбатлашди. Яқин вақт ичида янги стадион қурилиши бошланишига ваъда берди. Аммо, орадан ярим ўтдики, бу борада бирор янгилик ёки шунга ҳаракат йўқ. Ҳаммаси эски тос, эски ҳаммомлигича турибди.

Ваҳоланки, давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 6-7 май кунлари Фарғона вилоятига ташрифи чоғида ўтказилган кенгайтирилган йиғилишда Қўштепа тумани аҳолиси ўртасида ўтказилган анкета сўровномаси орқали туманда футбол, чим устида хоккей, гандбол спорт турлари яхши ривожлангани таъкидланган эди. Шундан сўнг чим устида хоккей спорт иншооти қуриш учун туман ҳокимлиги захирасидаги «Шомирза» МФЙда жойлашган 23-умумий ўрта таълим мактабига қарашли қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган майдондан 1,4 гектар ер ажратиш бўйича Қўштепа тумани ҳокими Илёс Новиковнинг қарори ҳам чиқди.

— Шу тариқа Фарғона вилояти ҳокимлиги ишчи гуруҳи минг ўринли замонавий мажмуа қурилишини Инвестиция дастурига киритиш масаласини ўрганди,— дейди Абдуҳамид Ваҳобов. — Манзилли рўйхат шакллантирилиб, спорт базаси қурилиши режалаштирилди. Аммо бугунги кунга қадар амалий ишга киришилмади. Узоқ йиллик орзу хомхаёллигича қолмоқда.

Шуни англадикки, «Зарнигор» қизлар, ўғил болалар ва ўсмирлар жамоаси мураббийлари ва ўйинчилари ҳамиша юксак марраларни кўзлаб ҳаракат қилмоқда. Бироқ ҳолва деган билан оғиз чучимайди, дейдилар. Агар жамоага эътибор ва рағбат кўрсатилса, ютуқлар янада салмоқли бўлиши аниқ.

«Зарнигор»да шиддат, шижоат етарли, унга қанот, куч-қувват бағишловчи далда керак.

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер