Шоирнинг аёли бўлиш шараф

00:39 17 Май 2025 Жамият
648 0

Ҳар буюк эркакнинг ортида буюк аёл туради. Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповдек шоирнинг жаҳон бўйлаб обрў эътибор қозонишида унинг ишончли сирдоши, энг мустаҳкам суянчиғи бўлган рафиқаси, меҳнат фахрийси, «Фидокорона хизматлари учун» ордени соҳибаси Ҳанифа Мустафоеванинг хизматлари беқиёс. Шоир шеърларининг биринчи тингловчиси ҳам, қайғули ва қувончли кунларининг елкадоши ҳам Ханифа ая бўлади.

Биз улуғ шоирнинг хонадонларига кўп меҳмонга борардик. Юртимизнинг энг чекка қишлоқларидаги ҳаваскорлардан тортиб, давримизнинг энг машҳур шоирлари, ёзувчилари ва адабиётшуносларини ҳам шу муборак хонадонда кўп учратганмиз. Мадҳияга мусиқа басталаган Мутал Бурҳоновни ҳам илк бор шу ерда кўрганмиз. Тундан то тонггача шеърхонликлар, адабий гурунглар бўлар, шоирнинг рафиқаси дастурхонга ширин таомлар келтириб, меҳмонларга қўшилиб шеър тинглаб ўтирарди. Ардоқли шоиримиз бизга ўрнак бўлиши учун аянинг пазандаликларини мақтар, сизлар ҳам аядан ўрганинглар, дердилар. Абдулла Орипов нима деса, турмуш ўртоғи доим кайфиятига қараб, жудаям эҳтиёт қиларди. Ташқаридаги унча-мунча гапни уйига йўлатмас, нохуш хабарларни етказмасликка ҳаракат қиларди. Хонадонларида доим ижодий муҳит ҳукмрон эди. Шу хонадондан таралган нур қалбимизни ёритиб, шу муҳтарам оилага чуқур ҳурмат ва ҳавас уйғотган.

Эшитганмизки, Абдулла Ориповга мадҳия ёзиш жараёнида Ҳанифа ая маслакдош бўлган. Саралов уч босқичдан иборат бўлиб, деярли икки йил давом этган. Ҳар бир босқичда Абдулла аканинг шеърлари юқори ўринларни эгаллаб, танлаб олинганда ҳаммадан кўп рафиқаси суюнган.

Ая ҳар доим мадҳия янграганда, ҳаяжон билан тинглайди. Бу мадҳия қаттиқ меҳнат ва она юртга бўлган чексиз меҳр-муҳаббат билан яралганини айтади.

Давлат ва жамоат тадбирлари, мушоираларда шоирни озода ва чиройли кийинтириб, мухлислари олдига кузатиб қўярди. Шоирни чин дилдан ардоқларди, иссиқ-совуғига қарамай, яхши кунларида ҳам, ёмон кунларида ҳам доим ёнида бўлди. Бетобликда қоғоз қоралашга мадори етмай қолганида, шоир шеърни оғзаки айтиб турса, турмуш ўртоғи қоғозга туширган.

Ижодкор инсоннинг аёли бўлиш осонмас. Албатта, шоир ҳеч кимга айтолмаган дардларини турмуш ўртоғига айтар, энг таҳликали вазиятларда ҳам аёли шоирни ҳимоя қиларди. Шоир узоқ йиллар соғлиғи билан боғлиқ муаммоларга дуч келганда ҳам Ҳанифахон ая қувончига шерик, кези келса, ғамгузори бўлиб, ҳар нафас елкадош бўлди. Шоир «Рафиқамга» номли шеърини ҳам шу доно ва меҳрибон аёлга бағишлаган:

Кезиб оламни ҳарчанд-ки,

Сенингдек ёрни тополмасман.

Дилимни англагувчи ўзга бир,

Дилдорни тополмасман.

Ҳанифа ая меҳмондўст, бағрикенг, оқибатли ва маърифатли бўлгани учун ҳам ҳалигача шоирнинг вафоти, туғилган кунларида ҳам хонадонидан меҳмонларнинг қадами узилмайди. Ҳар доим эшиклари очиқ. Ҳанифа опа билан кўришсак ёки ёнларида юрсак, халқимизнинг шоир рафиқасига бўлган юксак эҳтироми туфайли эшиклар ўз-ўзидан очилиб кетади. Аяжон, элимизнинг буюк шоирига кўрсатган хизматларингиз учун сизни қанча эъзозласак, шунча оз! Фарзандларингиз, набираларингиз бахтига ҳамиша саломат бўлинг! Улуғ шоиримиз айтганидек:

Шундайлар бўлмаса агар дунёда

Бу қадар муҳтарам бўлмасди аёл!

Адиба УМИРОВА,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?