Шоҳимардон — «Ўзбекистон Швейцарияси»(фото)

10:21 23 Ноябрь 2020 Welcome to uzbekistan
1673 0

Дилбар табиати туфайли Фарғона вилоятининг анклав ҳудудида жойлашган Шоҳимардон қишлоғи «Ўзбекистон Швейцарияси»га қиёсланади.

Шоҳимардон табиати музейида беш юздан ортиқ ноёб экспонатлар сақланади. Қадимги қоя-тошларга ўйиб ёзилган битиклар, 1900 йили француз сайёҳи суратга олган Ҳазрат Али зиёратгоҳининг эски кўриниши, ўтган асрга оид оталар чойхонаси гурунглари, оилалардаги ҳаёт тарзи бу табаррук масканнинг кўҳна тарихидан сўзлаётгандек гўё. Қоя-тошлар салтанатидек ўктам ва мағрур оталар, меҳмонга мунтазир шарқона ҳовлилар файзи бўлган муниса оналар, зариф қўшиқлар куйлаб оқадиган зилол сойлари, икки юзи қирмизи олма, киприклари сув ўтидек узун-узун қизлар, полвон йигитлар асрларни қаритган бу икки қишлоқда ҳаёт давомийлигини таъминлаб келмоқдалар.

Осмони очиқ, кенг жойларда яшайдиган одамларнинг феъли ҳам кенг бўлади. Ҳавоси худди новвот чойга ўхшайди, хўплаб, сипқориб тўймайсиз. Шоҳимардон ва Ёрдон ана шундай мўътабар, жаннатмакон диёр.

Шоҳимардон МФЙ раиси Икромжон Абдухолиқовнинг маълум қилишича, ҳозирда ҳудуддаги 897 та оилада 3700 нафар аҳоли истиқомат қилади.

— Бизнинг шароитда ҳамиша давлатимизнинг меҳри ва эътиборини ҳис этиб яшаш жуда муҳим, — дейди у. — Президентимизнинг юксак ғамхўрлиги бизга эртанги кун истиқболи учун куч-қувват бахш этади. Яқинда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров келиб самимий ҳол-аҳвол сўради, баъзи муаммо ва қийинчиликларни ижобий ечимини топиш борасида қалбимизга таскин-тасалли берди.

Дугоба, Ойнакўл, Қизилтоғ, Шаланг, Хувжин тоғ тизмалари Ҳазрат Али зиёратгоҳи, Ёрдон қишлоғига олиб боришдаги йўлларда юрт ҳимоясига сафланган аскарлардек мудом сергак ва мағрур. Ўз вақтида душман ҳужуми, бугун жала ва шамол каби табиат офатларидан асровчи ғорлар, оқ сув ва кўк сувнинг қўшилиш жойи, 1998 йилги сел тошқинидан сўнг ўзани мустаҳкамланган сойлар, буларнинг барчаси инсонга роҳат бахш этувчи манзаралардир.

Айни пайтда Ёрдон МФЙда 750 та оилада қарийб 3 минг аҳоли истиқомат қилади. Ёрдонликлар асосан деҳқончилик ва чорвачилик билан машғул.

— Кундалик зарур озиқ-овқат маҳсулотлари захирасини яратишда муаммо йўқ, — дейди «Ёрдон Ҳасанбой Расул замин» сабзавотчилик фермер хўжалиги раҳбари Музаффар Расулов. — Бу йил 10 гектар ерда турли сабзавотлар етиштирилди. 80 тонна мева-сабзавот сақлаш қувватига эга омборхонамиз бор. Нарх-наво барқарорлигини таъминлаш учун 50 тонна картошкани қиш-баҳор мавсуми учун сақлаб қўйганмиз.

Албатта, бу ерларда деҳқончилик қилишнинг ўзи бўлмайди. Тоғ-адир ерларда техникадан тўлиқ фойдаланишнинг иложи йўқ. Шу боис ҳали ҳам ерлар омоч билан ҳайдалади. Ёрдонликлар ҳар баҳор сув мўл бўлиши, об-ҳаво деҳқончилик учун қулай келиши умидида ерга уруғ сочади, астойдил меҳнат қилади, яхши ҳосил олишни режалаштиради.

Ёрдон тоғларига ёққан оппоқ қор зумрад қиш нафасини олиб келди. Аммо бу қишлоқ аҳли учун бекорчилик мавсуми дегани эмас. Ёрдон маҳаллаларида болакайлар чорва подасини у ёққан – бу ёққа ҳайдайди, ҳунарманд усталар янги уйлар қуради, томорқаларда ҳосилни йиғиб-териб олиш ишлари бир зум ҳам тўхтамайди.

Бу — Шоҳимардон ва Ёрдоннинг бир кунги мароқли таассуротлари эди.

Ботир МАДИЁРОВ,
«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?