Шоҳ ва шоирга эҳтиром
Андижон шаҳрида Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 543 йиллиги муносабати билан кенг кўламли тадбир ўтказилди. У одатдагидек расмий йиғилишлар билан чекланиб қолмади. Байрам тадбири шаҳар аҳолиси, ёшлар ва меҳмонлар иштирокидаги ҳақиқий халқ сайлига айланди.
Тадбирлар Бобур номи билан аталувчи маданият ва истироҳат боғидаги ҳайкал пойига гулдасталар қўйишдан бошланди. Давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, таълим муассасалари жамоалари шу ерга жам бўлдилар. Шундан сўнг иштирокчилар Бобур ҳаёти ва ижодига бағишланган музейга ташриф буюриб, у ердаги рамзий қабрни зиёрат қилдилар. Музейда сақланаётган экспонатлар орқали шоҳ ва шоирнинг ҳаёт йўли ва мероси ҳақида батафсил маълумот берилди.

Бу йилги байрамнинг асосий жиҳати унинг оммавий тус олганида бўлди. Боғ ҳудудида савдо ярмаркалари, китоблар ва ёш мусаввирлар ижодий ишлари кўргазмалари ташкил этилди. Вилоят театрлари санъаткорлари томонидан Бобур ҳаёти ва ижодига бағишланган саҳна кўринишлари намойиш этилди, бадиий жамоалар концерт дастурлари билан қатнашди. Шунингдек, рассомлар шу жойнинг ўзида Бобур мавзусида асарлар яратиб, ижод жараёнини амалда кўрсатдилар.

Барча корхона ва ташкилотлар, таълим муассасалари вакиллари иштирокида “Бобурхонлик кечаси” ўтказилди. Унда қатнашчилар Бобур ғазалларидан мисралар ўқидилар, рубоийлардан намуналар айтишди. Айниқса, талабалар ва ижод мактаблари ўқувчиларининг чиқишлари тадбирга мазмун бағишлади. Ғазалхонлик ўзига хос беллашув тарзида ташкил этилди.

-Бобур нафақат шоир ва давлат арбоби, балки жаҳон тарихида ўз изини қолдирган шахсдир,-дейди “Бобур ва жаҳон маданияти” музейи директори Холидахон Шамсиева. — Унинг ҳаёт йўли ва асарлари бугунги ёшлар учун муҳим манба ҳисобланади. Бобур меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш ишларини қанча кўпайтирсак, шунча яхши. Чунки унинг тажрибаси ва қарашлари кейинги авлод учун ҳам аҳамиятли.

Байрам нафақат хотира тадбири, балки ижод ва маърифат майдонига айланди.
Саминжон ҲУСАНОВ, ”Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Алишер Навоий – илм ва маъно эҳтиёжи манбаи
- Инвесторлар учун энг жозибадор ҳудуд ёхуд инвeстиция оқимидаги кескин тафовутнинг сабаб ва оқибатлари
- Илм-фан соҳасида хотин-қизларга яратилган имкониятларга бағишланган анжуман
- Ўзбекистонда инсон аъзоларини 3D биопринтерда чоп этиш имконияти яратилмоқда
- Бедилни халққа танитган хаттот
- Миллий нақшларда ўзлигимиз намоён
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг