Шоҳ ва шоир, буюк саркарда хотирасига эҳтиром — фоторепортаж

15:17 14 Февраль 2025 Жамият
284 0

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Нуруллоҳ Остонов/«Халқ сўзи». 14 февраль, соат 10.30.

Айни шу дамларда пойтахтимизнинг Адиблар хиёбонида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Миллий Гвардия, Қуролли куч тузилмалари ҳамда бир қатор давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда шоҳ ва шоир, буюк саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 542 йиллигига бағишланган маданий-маърифий тадбир бошланди.

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Тадбир аввалида Ҳарбий оркестр томонидан ижро этилган тантанали мусиқа садолари остида улуғ шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва саркардалар образида Ўзбекистон Миллий Гвардияси Жамоат хавфсизлиги университетининг Отлиқ қўшинлари жамоасининг чиқишлари билан бошланди. Ўша даврнинг фахрий соқчилари қиёфасида кийинган аскарлар тантанали тадбир давомида Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳайкали атрофида саф тортиб турдилар.

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Шундан кейин Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси вакиллари ҳамда Қуролли куч тузилмалари, бир қатор давлат ва жамоат ташкилотлари, зиёлилар, олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, курсантлар, талаба-ёшлар, жамоатчилик иштирокида ҳурмат ва эҳтиром рамзи сифатида Бобур ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилди.

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо буюк саркарда, шоҳ ва шоирнинг ҳаёт йўли қанчалик сермашаққат ва долғали бўлмасин, барибир барча ҳарбу зарблардан вақт топиб тинимсиз ижод қилгани, ижод қилганида ҳам, ўлмас асарлар яратгани ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, унинг рубоийларидан намуналар ўқиди.

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Жамоат хавфсизлиги университети бошлиғининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари, полковник Икромжон Маҳмудов мазкур таълим муассасасида Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва фаолияти бўйича кўплаб илмий тадқиқотлар олиб борилаётгани, шу билан бирга бу ерда таҳсил олаётган курсантлар учун Бобур номидаги давлат стипендияси таъсис этилгани ҳақида атрофлича маълумот берди.

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Сўзга чиққанлар Заҳириддин Муҳаммад Бобур Ўрта аср Шарқ маданияти, адабиёти ва шеъриятида ўзига хос ўрин эгаллаган адиб, шоир, олим бўлиши билан бирга йирик давлат арбоби экани, Ҳиндистонда бобурийлар сулоласига асос солгани ҳақида фикр-мулоҳазаларини баён қилдилар. Унинг бутун дунёга машҳур «Бобурнома» асари, бетакрор ғазаллари ҳамда рубоийлари туркий шеъриятнинг энг нодир дурдоналари сифатида ҳали ҳамон кўнгилларга ҳайрат ва ҳарорат солиб келмоқда. Бу асарлар бугунги кунда дунё олимлари, бобуршунос мутахассислар томонидан тадқиқ қилиниб, унинг янги-янги қирралари кашф этилмоқда.

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

— Яқинда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида «Адабиёт» нашриёти томонидан «Бобур асарлари луғати»нинг нашр этилгани жаҳон тарихида ўчмас из қолдирган бетакрор сиймолардан бири, буюк шоир, қомусий олим, давлат арбоби ва моҳир саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 542 йиллиги учун муносиб совға бўлди, — дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси масъул ходими Фозил Фарҳод. — Унда «Бобурнома», «Бобур девони» ва «Мубаййин» асарларидаги сўзлар изоҳи берилган.

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Бобур ўзининг маълум ва машҳур асарлари билан тарихнавис адиб, лирик шоир ва ижтимоий масалалар ечимига ўз ҳиссасини қўшган олим сифатида халқимиз маданияти тарихида муносиб ўрин эгаллаган буюк бобокалонимиз фаолияти шунчалик серқирра бўлганки, уни санаб адоғига етиб бўлмайди. Биргина Ҳиндистонда 300 йил ҳукм сурган бобурийлар салтанатининг ўзи ҳам унинг ҳар соҳада истеъдодли эканини кўрсатиб турибди. Буни ҳинд халқи ҳам тан олади. Ҳиндистонга борсангиз, ҳозир ҳам унинг марказий шаҳарларида қўр тўкиб турган салобатли саройлари ақлингизни шоширади, фахр-ифтихор туйғуларини ҳис қиласиз.

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Унинг ижоди, лирикаси ҳам алоҳида тадқиқот маркази ҳисобланади. Шоир асарларида инсоний фазилатлар, ёр васли, гўзал чеҳраси, самовий муҳаббат, айрилиқ, ҳижрон азоби, ватандан жудолик аламлари, висол дамлари ўзига хослик ва жуда юксак маҳорат билан куйланади.

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Тадбирда Жамоат хавфсизлиги университети қошидаги бадиий ансамбль созанда ва хонандалари томонидан Бобур ғазалига басталанган қўшиқлар, курсантлар, талаба-ёшлар томонидан унинг ҳаёти ва ижодига бағишланган саҳна кўринишлари ижро этилди, шоир ижодидан намуналар ўқилди. Шунингдек, «Заҳириддин Муҳаммад Бобур асарлари» кўргазмаси ташкил этилди.

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”
Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”
Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”
Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”
Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”
Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”
Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”
Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”
Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”
Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”
Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?