«Ширин шаҳри — «Гуллар фестивали» йўналишида автоқатнов амалга оширилмоқда

16:55 09 Июнь 2025 Жамият
192 0

Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ/«Халқ сўзи». Наманганда анъанавий «Гуллар фестивали» бошланибдики, Сирдарё вилоятининг турли ҳудудларидан, хусусан, Ширин шаҳри ҳамда Ховос туманида яшовчи ўнлаб юртдошларимиз ушбу нафосатли фестивални томоша қилишга узлуксиз бориб келмоқда.

Ушбу саёҳат учун ҳеч қандай тарғибот ёки реклама қилинаётгани йўқ. Ҳамма ўз хоҳишича, яъни «Гуллар фестивали» гўзалликларидан, мусиқий дастурлардан завқ олиш, кўркам Наманган вилоятининг бетакрор манзараларини томоша қилиш учун ана шу сафарга чиқмоқда. Албатта, буларнинг бари Наманганда ўтказиб келинаётган «Гуллар фестивали»нинг ички туризмни ривожлантиришдаги аҳамияти ортиб бораётганидан далолат беради.

— «Гуллар фестивали»га бир гуруҳ яқинларим билан бирга келдим, —дейди Ховос туманининг Қорақум маҳалласи Файзобод қишлоғида яшовчи уй бекаси Гулнора Дўсмуродова. — Ҳали фестиваль бўлаётган ҳудудга етмасданоқ Наманган вилояти ва Наманган шаҳридаги улкан ўзгаришлар — обод ва файзли маҳаллалар, саховатли боғу далалар, жуда кенг кўламдаги бунёдкорлик самаралари бизда жуда катта таассурот қолдирди. «Гуллар фестивали» бўйлаб ва шаҳар атрофидаги хушманзара манзилларга сайру саёҳат қилдик. Фестивалнинг оқшомги мусиқий дастуридан ҳам олам-олам завқ олдик. Кузатишимча, биз каби юртимизнинг бошқа ҳудудларидан фестиваль томошасига келганлар жуда кўп экан. Шу билан бирга, хорижликлар ҳам. Ҳа, айтгандек, биздан кейин бир гуруҳ қўшниларимиз ҳам фестивалга боришни мўлжаллаган. Улар ҳам биз каби қишлоғимизга туташ бўлган Ширин шаҳрининг Нуробод маҳалласидан тўғридан-тўғри Наманганга, айнан «Гуллар фестивали»га қатнови йўлга қўйилган ҳар жиҳатдан қулай ва арзон такси хизматидан фойдаланади.

Эътиборлиси, йил сайин «Гуллар фестивали»га бўлгани каби юртимизнинг тарихий шаҳарлари, гўзал табиатли манзиллари ва зиёратгоҳларига саёҳатлар кўлами ва ҳажми ортиб бормоқда. Бу, аввало, халқимизнинг турмуш фаровонлиги янада ошиб бораётгани ифодаси ва албатта, юртимизда ички туризмни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишларнинг самарасидир.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер