ШҲТ давлатлари оммавий ахборот воситалари ҳамкорлик форуми бошланди

Хитой Халқ Республикасининг Урумчи шаҳридан “Халқ сўзи“ махсус мухбири Дилшод КАРИМОВ хабар қилади.
Хитойнинг Урумчи шаҳрида “Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлатлари оммавий ахборот воситалари ҳамкорлик форуми — 2025” ташкил этилди.
“Жэньминь жибао” газетаси ҳамда Хитой Халқ Республикасининг Синьцзян-уйғур автоном вилояти Халқ ҳукумати ҳамкорлигида ўтказилаётган тадбирда ШҲТга аъзо давлатлар, кузатувчи мақомидаги ва мулоқот шериклари ҳисобланган 26 мамлакатдан 300 дан ортиқ журналистлар, бизнес вакиллари, расмий шахслар ҳамда мутахассислар қатнашмоқда.
«Ҳамкорликда гўзал маскан, биргаликда фаровон келажак қурмоқдамиз» шиори остида бўлиб ўтаётган форумнинг очилиш маросимида ШҲТ Бош котибининг ўринбосари Суҳайл Хон, «Жэньминь жибао» газетаси бош директори Юй Шаолян, Қозоғистон Маданият ва ахборот вазирлиги Ахборот қўмитаси раиси ўринбосари Алишер Мукажан, «Кабар» Қирғизистон Миллий ахборот агентлиги директори Медербек Шерметалиев, Тожикистондаги «Азия-Плюс» медиа-гуруҳи бош муҳаррири Умед Бабахонов ва бошқалар 2001 йилда ташкил топганидан буён ШҲТ ўзаро ишонч, манфаатдорлик, тенглик, маслаҳатлашув, маданий хилма-хилликка ҳурмат ва ҳамкорликда ривожланиш тамойилларига, яъни «Шанхай руҳи»га содиқ қолаётганини таъкидлади.
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори, Олий Мажлис Сенати аъзоси Абдусаид Кўчимов ўз сўзида дунё миқёсида нуфузи тобора ошиб бораётган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг фаолияти жаҳон ҳамжамияти томонидан мунтазам эътироф этилаётганини қайд этди. Ўзбекистон ШҲТга аъзо давлатлар билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш, ҳамжиҳатликда умумий маконимизда барқарорликка эришиш, тараққиётни таъминлашни ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланган.
Ташкилот томонидан эришилаётган муваффақиятларда бу йилги Раислик доирасида Хитой Халқ Республикасининг изчил саъй-ҳаракатлари, шу билан бирга, барча аъзо ҳамда иштирокчи давлатларнинг хизматини яна бир бор таъкидлаш ўринли. Айни жараённинг узвий давоми сифатида ўтказилаётган мазкур форумнинг долзарблиги ва аҳамияти юқори.
Дарҳақиқат, ШҲТ аъзо давлатларнинг асосий манфаатлари ва муҳим масалаларини қатъий қўллаб-қувватлаб, уларнинг тараққиёти ва фаровонлигида ишончли ҳамкорга айланди.
Тузилма «Инсоният ягона тақдирга эга жамият» концепцияси асосида қатор ютуқларга эришмоқда. Жумладан, мамлакатлар ўртасида сиёсий ишончни чуқурлаштириш, иқтисодий интеграцияни кенгайтиришда салмоқли натижалар қўлга киритилмоқда. Хавфсизлик соҳасида самарали ҳамкорлик изчил мустаҳкамланяпти. Маданий-гуманитар алмашинувлар тобора фаоллашиб боряпти.
Ташкилот олдига қўйилган вазифаларни самарали адо этиши, «Шанхай руҳи»ни янада мустаҳкамлаш ва тарғиб қилиш, ҳозирги глобаллашув замонида ахборот таҳдидларига биргаликда қарши туришда оммавий ахборот воситаларининг ўрни муҳим.
Форум иштирокчилари ШҲТ мамлакатлари оммавий ахборот воситалари жаҳон медиа соҳасидаги трансформацияни таҳлил қилиши, янги имкониятларни аниқлаш учун инновацион ёндашувлардан фойдаланиши ва ўз касбий бурчини ҳамкорликда адо этиши лозимлигини таъкидлади. Ҳаққоний ва холис ёритиш орқали ШҲТ доирасидаги ҳамкорликнинг мақсад ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиш, ижобий ахборот муҳитини шакллантириш зарурлиги қайд этилди. Айниқса, ташкилот ютуқларини тарғиб этиш, «Шанхай руҳи»ни кенг ёйиш ва халқлар ўртасида ўзаро тушунишни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратиш лозим.
— Воқеалар ривожи шиддатли тус олган ҳозирги дунёда ҳамкорлик ва ҳамжиҳатлик ғоят улкан аҳамият касб этмоқда, — дейди Қирғизистондаги «Эркин-Тоо» газетаси бўлим бошлиғи Зулпукар Сапанов. — ШҲТ доираси амалга оширилаётган ишлар ана шу эзгу мақсадга хизмат қилмоқда. Тузилмага аъзо мамлакатлар журналистларини бир жойга жамлаган, баланд руҳда, қизғин муҳокамалар ва мунозараларга бой ўтаётган ушбу форум ўзаро дўстликни янада мустаҳкамлаш ва тажриба алмашишда муҳим платформага айланди.
Форумнинг очилиш маросимида “Умумий уй — ШҲТ давлатлари тараққиёти ҳақида жамоатчилик фикри” номли таҳлилий ҳисобот тақдим этилди.
ОАВ вакиллари конференцияси доирасида ШҲТ давлатлари ОАВ ўртасида видеоконтент алмашинуви ва тарғиботи масалалари муҳокама қилинди.
Форум дастуридан ёшлар учун халқаро маданий лойиҳа тақдимоти, тиббиёт, таълим, ишлаб чиқариш муассасалари ҳамда диққатга сазовор масканларга саёҳатлар ўрин олган.
Форум якунларидан сўнг Хитой ва хорижий ОАВ вакиллари Синьцзян ҳақида тематик репортаж тайёрлайди.
Форум шу йилнинг 27 майига қадар давом этади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг