Шерзод Намозов икки карра, Ҳусниддин Норбеков эса уч карра Паралимпия ўйинлари чемпиони бўлди

07:52 06 Сентябр 2024 Спорт
188 0

Фото: Паралимпия қўмитаси

Париж шаҳрида бўлиб ўтаётган Паралимпия ўйинлари Ўзбекистон делегацияси аъзолари учун бирмунча омадли давом этмоқда. Жумладан, дзюдочи Шерзод Намозов икки карра, енгил атлетикачи Ҳусниддин Норбеков эса уч карра Паралимпиада чемпионига айланди.

5 сентябрь куни эркаклар ўртасида J2 классида дзюдо бўйича -60 кг вазн тоифасида финал баҳси бўлиб ўтди. Олтин медаль учун кечган курашда ўзбекистонлик Шерзод Намозов грузиялик Зураб Зурабианига қарши татамига чиқди ва ғалабага эришиб, олтин медални қўлга киритди.

У бу орқали икки карра Паралимпия ўйинлари ғолиби бўлди. Спортчи 2016 йилги Паралимпия ўйинларида ҳам чемпион бўлганди.

Фото: Паралимпия қўмитаси

Шунингдек, 6 сентябрга ўтар кечаси пара енгил атлетика бўйича эркаклар ўртасида F35 классида ядро улоқтириш мусобақасида қатнашган Ҳусниддин Норбеков иккинчи уринишда 16,82 метр натижа қайд этиб, Паралимпия ўйинлари рекордини янгилади. Шу тариқа бу йўналишдаги олтин медаль ўзбекистонлик рекордчига насиб қилди.

Бундан аввалги рекордни 2008 йил Пекинда бўлиб ўтган Паралимпия ўйинларида хитойлик Гуо Вей 16.22 метр натижа билан қайд этган.

Маълумот учун, Норбеков бунга қадар Рио-2016 ва Токио-2020 ёзги Паралимпия ўйинларида ҳам олтин медални қўлга киритган. Унда, шунингдек, битта «бронза» ҳам бор.

Ўзбекистон делегацияси ҳисобидаги медаллар сони 17 тага (8 та олтин, 5 та кумуш, 4 та бронза) етди ва делегация медаллар жадвалида умумжамоа ҳисобида 12-ўринда жойлашганди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер