Шавкат Мирзиёев: Бугун шиддатли ҳаётнинг ўзи барчамизни янада улкан марралар сари даъват этмоқда

19:45 31 Август 2024 Сиёсат
494 0

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш йўлидаги саъй-ҳаракатлари қатъий давом эттирилишини таъкидлади. Бу ҳақда Президент Ўзбекистон мустақиллигининг 33 йиллигига бағишланган тантанали байрам тадбирида сўзлаган нутқи давомида айтиб ўтди.

Алоҳида компанияларга берилган монопол ҳуқуқ ва имтиёзлар босқичма-босқич бекор қилиниб, барчага тенг ҳуқуқлар берилиши таъминланади.

Жорий йилда энергетика, нефть-газ, сув хўжалиги, йўл қурилиши, темир йўл ва аэропорт хизмати соҳаларида 17  турдаги давлат монополиясини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Бу ишлар давом эттирилиб, мамлакатимиз халқаро савдо маконининг ажралмас қисмига албатта айлантирилиши қайд этилди.

Яна бир долзарб масала – аҳолини муносиб иш ўринлари билан таъминлашдир.

«Биз бу борада тадбиркорларимизга таянамиз. Шу боис, уларни қўллаб-қувватлашни янада кенгайтирамиз.

Замоннинг ўзи тадбиркорларимиздан кенг миқёсда фикрлаб иш юритишни, жаҳон бозорларида рақобатдош маҳсулот яратишни талаб этмоқда. Бу йўлда уларга омад ва ютуқлар тилаймиз.

Биз энди 37 миллионлик катта халқмиз.

Ўзбекистон ҳозирги кунда аҳоли сони бўйича жаҳондаги энг йирик 40 та давлатдан бири ҳисобланади.

Бу рақамни ислоҳотларимиз, меҳнатимиз, билим ва қобилиятимиз билан катта салоҳиятга айлантиришимиз керак.

Денгизга чиқиш имкониятимиз чекланганини инобатга олиб, эътиборимизни креатив соҳаларга қаратишимиз, уларни жадал ривожлантиришимиз зарур. Жаҳонда креатив саноат маҳсулотлари экспортидан йилига миллиардлаб доллар даромад топаётган мамлакатлар кўп.

Бинобарин, шундай маҳсулот ишлаб чиқаришга бел боғлаган ижодкор ишбилармон-ларимизни, айниқса, ёшларимизни ҳар томонлама рағбатлантирамиз», деди Президент.

Бундан саккиз йил олдин Марказий Осиё ташқи сиёсатимизнинг энг устувор йўналиши деб белгиланди. Шу асосда қўшниларимиз билан дўстона муносабатлар тубдан яхшиланди

«Барчамизнинг фидокорона меҳнатимиз билан халқларимизнинг барқарор тараққий этган, тинчлик ва ҳамжиҳатлик руҳи ҳукм сурадиган Янги Марказий Осиё ҳақидаги орзуси реал ҳақиқатга айланмоқда.

Минтақамиз иқтисодий ўсиш ва инвестицион фаоллик марказларидан бири сифатида жадал ривожланмоқда.

Бугунги ноёб тарихий имкониятлар асосида Марказий Осиёда ҳар томонлама соғлом сиёсий муҳит, келгуси авлодлар учун эркин ва хавфсиз келажак яратишимиз зарур.

Айни пайтда дунёнинг барча давлатлари билан тенг ҳуқуқли, ўзаро манфаатли алоқаларимизни янги босқичга кўтарамиз», деди давлат раҳбари ҳамда хорижий дўстларимиз ва ҳамкорларимизга, бугунги тантанада иштирок этаётган дипломатик корпус вакилларига самимий миннатдорчилик изҳор этди.

Шу кунларда юртимиз муҳим сиёсий воқеа арафасида турибди.

27 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва ҳудудлардаги вакиллик органларига сайловлар ўтказилади.

Ушбу сайловлар янгиланган Конституциямиз белгилаб берган ижтимоий-сиёсий муҳитда, ривожланган давлатлардаги каби илк бор аралаш сайлов тизими асосида ўтказилади.

Сиёсий партиялар томонидан Қонунчилик палатасига депутатликка номзодлар кўрсатишда ҳурматли аёлларимизнинг улуши камида 40 фоиз бўлиши белгилаб қўйилди.

Президент бўлғуси сайловлар халқаро сайлов стандартлари ва миллий сайлов қонунчилигига тўла мувофиқ ҳолда, кучли рақобат муҳитида бўлиб ўтишига ишонч билдирди ҳамда бутун халқимизни сайловда фаол иштирок этишга чақирди.

«Бугун шиддатли ҳаётнинг ўзи барчамизни янада улкан марралар сари даъват этмоқда.

Ўз кучимиз ва салоҳиятимиз билан барпо этган мустақил давлат, эркин ва озод жамиятни янада кучли, янада гўзал ва обод этиш бош вазифамизга айланмоқда.

Бу шундай юксак марраки, унга эришиш учун ҳар қанча меҳнат қилсак арзийди. Бу шундай буюк, шарафли мақсадки, унга бутун борлиғимизни бахш этсак арзийди.

Мен ишонаман – барчамиз бир бўлиб, ақл-заковат, билим ва тажрибамиз, куч-ғайратимизни ишга солиб, бу улуғ манзилга албатта етамиз. Ёруғ ва нурафшон келажагимизни – Янги Ўзбекистонни албатта барпо этамиз!

Бугунги имкониятдан фойдаланиб, мана шундай эзгу ғоя атрофида бирлашиб, ислоҳотларимизни қўллаб-қувватлаб келаётган, фидокорона меҳнати билан янги ҳаёт биносини барпо этаётган буюк халқимизга фарзандлик меҳри билан таъзим қиламан.

Яшасин Ўзбекистон Республикаси! Яшасин Ўзбекистон халқи!» деди Президент Шавкат Мирзиёев нутқининг якунида.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер