Шавкат Мирзиёев академик Абдулла Убайдуллаев вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
Академик Абдулла Убайдуллаев вафоти муносабати билан ҳамдардлик.
Тиббиёт соҳасидаги атоқли олим, Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги, тиббиёт фанлари доктори, профессор Абдулла Муҳаррамович Убайдуллаев шу йил 9 декабрь куни 91 ёшида вафот этди.
А.Убайдуллаев 1934 йил 20 мартда Тошкент шаҳрида туғилди. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг Тошкент давлат тиббиёт институтида (ҳозирги Тошкент давлат тиббиёт университети) таҳсил олди. Меҳнат фаолиятини Тошкент шаҳридаги 1-клиник шифохонада фельдшер вазифасида бошлади. Кейинчалик Тошкент ва Москва шаҳарларида аспирантура ҳамда докторантурада ўқиб, номзодлик ва докторлик диссертацияларини ҳимоя қилди. Илм-фан соҳасидаги кўп йиллик хизматлари учун 1995 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг мухбир аъзоси, 2000 йилда эса ҳақиқий аъзоси этиб сайланди.
А.Убайдуллаев қарийб 70 йиллик меҳнат фаолияти давомида Тошкент врачлар малакасини ошириш институти ассистенти, доценти, факультет декани, Республика фтизиатрия ва пульмонология илмий-тадқиқот институти директори, Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази профессори каби масъул лавозимларда фидокорона хизмат қилиб, ўзининг юксак илмий-педагогик ва раҳбарлик салоҳиятини намоён этди.
Бутун ҳаётини аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишдек шарафли ишга бағишлаган тажрибали олим мазкур йўналишда юқори малакали кадрлар тайёрлаш ва уларни қайта тайёрлаш, Ўзбекистонда замонавий тиббиёт илмини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшди.
Айниқса, фтизиатрия ва пульмонология-эпидемиология соҳасида жонбозлик кўрсатиб, сил ва нафас олиш йўлларининг ноанъанавий касалликларини профилактика қилиш ва даволаш бўйича долзарб мавзуларда илмий тадқиқотларни амалга оширди, кўплаб монография, дарслик, ўқув қўлланмалар ёзиб, пульмонология ва аллергология йўналишлари бўйича Ўзбекистонда янги мактаб яратди.
А.Убайдуллаев турли даврларда Ўрта Осиё пульмонологлари ассоциацияси президенти, “Марказий Осиё пульмонологлари хабарномаси” илмий журнали бош муҳаррири, Европа респираторлар жамияти, Сил ва нафас йўллари касалликлари халқаро иттифоқи аъзоси сифатида фаолият кўрсатиб, мамлакатимизда ва халқаро илмий жамоатчилик ўртасида юксак эътирофга сазовор бўлди.
Жонкуяр олим кўплаб ёшларга устозлик қилди, унинг раҳбарлигида ўнлаб номзодлик ва докторлик ишлари ҳимоя қилинди.
Академик А.Убайдуллаевнинг мамлакатимизда тиббиёт соҳасини ривожлантириш борасидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими” фахрий унвони, “Буюк хизматлари учун” ордени билан мукофотланди.
Таниқли олим, ёшларнинг меҳрибон устози, самимий ва камтарин инсон Абдулла Убайдуллаевнинг хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.
Ш.Мирзиёев, Т.Норбоева, Н.Исмоилов,
А.Арипов, Ш.Аюпов, А.Худаяров
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Башакшеҳир” Туркиянинг гранд клуби билан дуранг ўйнади
- Саккизта гол урилган ўйинда “Барселона” ғалаба қозонди
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун Жаҳон чемпионати қуръаси омадли ўтдими?
- Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги ўйин саналари эълон қилинди
- АҚШ Европадан НАТО мажбуриятларининг асосий қисмини ўз зиммасига олишни талаб қилди
- Германияда ўқувчилар ҳарбий чақирувга қарши намойишга чиқди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг