Шавкат Мирзиёев айрим раҳбарлар тадбиркорларга тўсиқ бўлаётганини танқид қилди

15:38 18 Апрель 2025 Сиёсат
131 0

Фото: Президент матбуот хизмати

Бундайларга нисбатан қаттиқ чора кўрилиши қайд этилди.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган дунёда юз бераётган иқтисодий тебранишларнинг мамлакатимиз соҳа ва тармоқларига таъсирини юмшатиш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилишида глобал иқтисодий ҳолатга тўхталиб ўтилди.

«Такрор ва такрор айтаман – «ҳозирги дунёдаги вазият бизга таъсир қилмайди» деганлар жуда катта хато қилади. Бундай шароитда фақат ўз кучимиз ва ички имкониятларимизга таяниб, дадил-дадил қадам ташлашимиз керак», деди давлатимиз раҳбари.

Лекин кўп раҳбарлар ҳали масаланинг жиддийлигини, 2 карра кўп ишлаш кераклигини билмаётгани, ҳар бир вазирлик, тармоқ ва ҳудудларни биринчи раҳбарлари аниқ-аниқ режа қилиб, ишлаб чиқариш, экспорт билан ўзи шахсан шуғулланиши шарт ва зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Бир ҳафта давомида мутасаддилар 3 мингдан зиёд тажрибали тадбиркорлар билан учрашди. Ишбилармонлар халқаро бозорлардаги тебранишларга мослашиш учун тезда ҳал қилиш керак бўлган янги-янги масалаларни қўймоқда. Вазирлар, ҳокимлар, банк ва тармоқ раҳбарларига саволлар кўп.

Айрим раҳбарлар тенденцияларни ўрганиб, хатарларни тўғри баҳолаб, тадбиркорларга йўл очиш ўрнига ўзлари тўсиқ бўлаётгани танқид қилинди.

Бундайларга нисбатан қаттиқ чора кўрилиши қайд этилди.

Стандартлаштириш ва сертификатлаштириш тизимидаги эскирган талаблар ва бюрократия тадбиркорларнинг «қўлини боғлаётгани», соҳада коррупцияни келтириб чиқараётгани кўрсатиб ўтилди.

25 мингдан ортиқ стандарт, 41 та техник регламент халқаро бозор талабларига мос келмайди. Ҳозирда 13 мингга яқин турдаги товарнинг 6,5 минги мажбурий сертификатланади, бу эса таннархни оширади.

«Вазирлар, ҳокимлар қачон тадбиркорларни эшитиб, қайси стандартни янгилаш, қайси бирини бекор қилиш, нима маҳсулотни мажбурий сертификация рўйхатидан чиқаришни ўйлаб кўрди? Афсуски, бунга ижобий жавоб йўқ», дея қатъий эътироз билдирди Президент.

Хусусан, инвесторлар мамлакатимиздаги кўп лабораториялар талабга жавоб бермаслиги, ривожланган давлатлар стандартлари эса тан олинмаётганини айтмоқда.

Ҳозирги тизимда сертификатлаш органлари бир пайтнинг ўзида бозор назоратини ҳам олиб бораётгани, бу эса манфаатлар тўқнашувига олиб келаётгани қайд этилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?