Шавкат Мирзиёев 2025 йилда 1 миллион аҳолини камбағалликдан чиқариш вазифасини қўйди
Бу йил Сайхунобод, Уйчи, Зарбдор, Ғиждувон туманларида амалга оширилган ишларнинг ижобий натижалари асосида «Камбағалликдан фаровонлик сари» комплекс дастури қабул қилинган эди.
Эндиликда кўп қиррали ёндашувлар асосида камбағал оилаларнинг аъзоларига сифатли таълим бериш, уларни касбга ўқитиш, иш билан таъминлаш, соғлиғини яхшилаш, психологик ёрдам кўрсатиш бўйича индивидуал кўмак бериш пакетлари бўлиши белгиланди.
2025 йилда 1 миллион аҳолини камбағалликдан чиқариш Вазирлар Маҳкамаси иқтисодий комплексининг асосий вазифаси этиб белгиланади.
Шу мақсадда камбағал оилалар болалари мактабларда чет тили, касб-ҳунар ва ИТ бўйича бепул билим олиши учун 500 миллиард сўм ажратилади. Ижтимоий аҳволи оғир 1 мингта маҳаллада инфратузилмани яхшилаш дастури амалга оширилади. Бунга 2 триллион сўм йўналтирилади.
Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли фаровонлигини оширишга жами 46,5 триллион сўм маблағ сарфланади.
Ҳукумат 2030 йилгача ишсизликни халқаро эътироф этилган даража – 5-6 фоиздан оширмаслик бўйича долзарб вазифаларни ҳам самарали ҳал этиши лозимлиги таъкидланди.
Президентимиз иқтисодиёт ва аҳоли даромадларини ўстиришда юқори қўшилган қиймат яратадиган саноат тармоқларига алоҳида аҳамият қаратиш кераклигини қайд этди.
Вазирлар Маҳкамасининг инвестиция комплекси келгуси йилда иқтисодиётимиз учун муҳим бўлган 300 дан зиёд йирик лойиҳани ишга тушириши ва тўлиқ қувватлар билан ишлашини таъминлаши зарур.
Жумладан, «Ёшлик-I» конида биринчи босқичга, «Мурунтов» конида эса кейинги босқичларга старт берилади. Шунингдек, Самарқандда йилига 910 минг тонна минерал ўғитлар ишлаб чиқарадиган комплекс, 600 минг тонна маҳсулот берадиган металлургия корхонаси, Зарафшонда каустик сода заводи, Нукусда иситиш тизимлари ишлаб чиқариш қувватлари фойдаланишга топширилади.
Навоийда микро-ГЭСларни барпо этиш бўйича барча босқичлар ўз ресурсларимиз асосида ташкил қилингани юртимизда саноат кооперацияси ва маҳаллийлаштириш имкониятларини тўлиқ ишга солиш учун барча шароитлар мавжудлигини кўрсатди.
Шунинг учун, саноат кооперацияси ва маҳаллийлаштириш бўйича катта дастур қабул қилиниши белгиланди.
Иқтисодиётни энергия ресурслари билан ишончли таъминлаш ва энергия самарадорлигини 2 карра оширишга алоҳида эътибор қаратиш кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг