Шарафли касбимдан фахрланаман

12:40 16 Сентябр 2025 Жамият
63 0

Ўқитувчилик – бу фидойилик, сабр-тоқат, чидамлилик, ўзини тута билиш, албатта, кўп билимларни талаб қиладиган оғир ва масъулиятли касб. Қадимги юнон тилида ҳам ўқитувчи “болани бошқариш” маъносини англатади. Мактаб таълими тизимида қирқ олти йил ишлаб келаётган бир ўқитувчи сифатида шарафли касбимдан фахрланаман. Дастлаб фаолиятимни бошлаган йилларда эркак ўқитувчилар мактабда камдан-кам учрарди. Борлари ҳам кўпинча жисмоний тарбия ва технологиядан дарс берарди. Бир муддат маошлар камайиб кетгани боис бир қанча эркак ҳамкасбларим оиласини боқиш учун бошқа соҳаларда ишлашга мажбур бўлишди. Қолганлари дарс ўтиб бўлгач, кўча супуришга, янги ўқув йилининг иккинчи ҳафтасидан пахта теримига отланарди.

Давлатимиз раҳбари дастлабки фаолиятидан то ҳозирга қадар муаллим қадрини тиклаш ва унинг меҳнатини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Шогирдларим орасида ўзим каби математика фани ўқитувчиси бўлганлар юздан ортган бўлса, таълим соҳасидаги ўзгаришлар туфайли ўқитувчилик касбини танлаган йигитлар сафи кенгайиб бормоқда. Буни, албатта, эътироф этиш лозим. Нега аждодларимиз изидан бормаслигимиз керак? Аллома Абу Али ибн Сино ҳам юзлаб шогирдларига сабоқ берган. У ўз таржимаи ҳолида: “Отам менинг илмдан бошқа нарса билан шуғулланишимдан ҳазар қилар эдилар”, деб ёзган. Ҳа, илмдан бошқа иш билан шуғулланишдан ҳазар қилган отанинг боласи аллома бўлади-да! Бобур бобомиз эса 12 ёшида бутун бошли давлатга раҳбар бўлган. Буюк бобокалонимиз “Бобурнома”нинг илк сатрларидаёқ ифтихор ва шукрона ўлароқ бунга иқрор бўлган: “Тенгри таолонинг инояти билан ва ҳазрати он Сарвари коинотнинг шафоати билан ва чаҳорёри босафоларнинг ҳиммати билан сешанба куни рамазон ойининг бешида тарих саккиз юз тўқсон тўққузда (1494, июль) Фарғона вилоятида ўн икки ёшта подшоҳ бўлдум”.

Бугун боғчаларга, мактабларга кўрсатилаётган ғамхўрлик замирида ҳам ёшлар таълими, тарбияси, маънавияти ва маданиятини юксалтиришдек улуғ мақсад турибди. Муаллимларга яратилган шароитларни кўриб, қирқ олти йилга ёшаргим келяпти. Қанийди, энди диплом олган ёш педагог бўлган пайтимга қайтсам-у, ҳозирги давру давронларда шавқ билан янги мавзуларни ўқувчиларга тушунтирсам. Янги Ўзбекистон қадри баланд, ўз касбидан фахрланадиган ўқитувчилар мамлакатига айлантириб бораётганидан хурсандман. Ўзим ҳам фидойи ҳамкасбларим қаторида давлатимиз томонидан “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирландим. Бунинг учун миллионлаб ўқитувчилар номидан чексиз миннатдорлик билдираман.

Низомиддин БОТИРОВ,

Оққўрғон туманидаги

8-мактаб директори.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?